Навоий вилояти хокими Турсунов Нормат Тулкуновичнинг хокимлик жамоаларига мурожаати

Ҳаммамизга маълумки, коррупция ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун улкан таҳдид бўлиб, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради.

Мазкур иллат демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради.

Одамларнинг давлатга, бошқарув идораларига ишончини сўндиради, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантириб, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатади.

Бугун жаҳон сиёсатчилари, олимлар ва умуман, башариятнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон томонидан терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, геосиёсий тўқнашувлар, экологик муаммолар, моддий ва маънавий инқирозлар қаторида коррупция ҳам энг хатарли воқелик сифатида тилга олинмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ бўлмоқдамиз.

Албатта, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, коррупция ҳолатларининг олдини олишга бевосита боғлиқ.

Айниқса, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича турли давлат дастурларига ажратилаётган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, унинг талон - торож қилинишига асло йўл қўймаслик зарур.

Сўнгги йилларда давлатимиз миқёсида коррупцияга қарши курашиш борасида барча даражадаги бошқарув ва қонунчилик ҳокимияти органлари томонидан 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида жаҳон стандартларининг қонунчилигимизга жорий қилиниши натижасида, 180 та давлат аъзо бўлган “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да 157 ўриндан 121 ўринга кўтарилиб олганимиз қувонарли ҳолдир.

Бироқ, биз ушбу ютуқлардан ҳаволанмасдан, йўл қўйилаётган камчиликларимизга алоҳида эътибор қаратсаккина, ижобий ўзгаришлар бардавом бўлиб, коррупция иллати оқибатларидан халқимиз ва давлатимизни ҳимоя қила олишимиз мумкин.  

Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича жорий йилда мансабдорлик ва коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан 264 та жиноятлар қайд қилинди.

Бугунги кунга қадар, 325 нафар шахсга нисбатан 242 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги таъминланди.

Коррупцион ҳолатларнинг асосий қисми солиқ, банк кредитлари бериш, ер майдони ажратиш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ҳамда кадастр соҳаларида учрамоқда.

Коррупцион жиноятлар оқибатида бюджетга жами 88 млрд. 481 млн. сўмлик зарарлар етказилгани аниқланиб, шундан тергов давомида 58 млрд. 701 млн. сўми ёки 66,3 фоизи ундирилиши   таъминланган.  

Жиноят содир қилган мансабдор ва бошқа шахсларнинг 305 нафари туман - шаҳар ва 20 нафари вилоят миқёсидаги корхона, ташкилот ва   идораларда фаолият юритган.

Коррупцион жиноятларнинг 108 нафар шахслар ўзлаштириш йўли билан талон - торож қилиш, 104 нафар шахслар хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик, 6 таси мансаб сохтакорлиги, 25 таси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 11 таси пора бериш ва 6 таси пора олиш, 4 таси давлат хизматисининг пора олиш ва бошқа жиноятларини ташкил қилади.

Мансабдорлик жиноятлари соҳалар кесимида таҳлил қилинганда салмоқли қисми ижро ҳокимияти мансабдор шахслари томонидан 35 та жиноят ишлари бўйича 46 нафар шахслар (маҳаллий ҳокимият тизимида 3 та иш 3 нафар шахс, солиқ қўмитаси 4 та иш 4 нафар шахс, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси 5 та иш 7 нафар, қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида 3 та иш 3 нафар, соғлиқни сақлаш 8 та иш 9 нафар, мактабгача ва мактаб таълими 4 та иш 7 нафар шахс ва бошқалар), давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 84 та иш 113 нафар шахслар (кредит ва субсидия маблағларининг ишлатилиши, қурилиш, солиқдан бўйин товлаш, электр ва газ ресурслари ўғирлиги ва бошқалар), тижорат банклари мансабдор шахслари томонидан 5 та иш 7 нафар шахс, давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахслари 9 та иш 14 нафар шахс, 3 та иш бўйича 3 нафар шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, энг ачинарлиси 73 та иш бўйича 86 нафар ишсизлар (фирибгарлик ва пора бериш) томонидан содир этилган ишлар тоифасига тўғри келади.

Энг кўп учраётган коррупцион жиноятлар бюджет маблағларини талон - торож қилиш билан боғлиқ бўлмоқда.

Мазкур жиноятлар таҳлили, аксарияти мансабдор шахсларнинг ихтиёрида бўлган бюджет маблағларининг ўзлаштирилиши ва имтиёзли кредитлар ажратиш соҳаларига тўғри келмоқда.

Мисол учун, республика миқёсида бюджет прогнозларини бажариш долзарб масала бўлган бир пайтда Навоий шаҳар солиқ инспекцияси масъул ходими Ж.Шакаров акаси Қ.Шакаров ва
АТ “Гарантбанк” Навоий шаҳар филиали ходими Ж.Аслонов билан жиноий тил бириктириб, ипотека ва контракт тўловлари тўланганда фуқароларга даромад солиғи қайтариб берилиши ҳақидаги қонун-чилик нормаларидан ғаразли ниятда фойдаланиб, 35 нафар фуқаро-ларнинг хабарисиз уларнинг номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, жами 375 млн. сўм бюджет маблағларини қўлга киритиб, талон-торож қилишган.

Албатта, идорадаги бундай назоратсизлик муҳити ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган бошқа ходимларнинг ҳам қилмишларига шароит яратган.

Хусусан, Навоий шаҳар солиқ инспекцияси маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспектори шўъбаси давлат солиқ бош инспектори Н.Бердиев “Жабборбобо-Мўмина” фермер хўжалиги ва “Евро стар томорқа хизмати” МЧЖнинг 2021-2022 йиллардаги молия-хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган тафтиш давомида солиққа оид қонун бузилиш ҳолатларни қайд қилмаганлигини билдирган ҳолда, “Жабборбобо-Мўмина” фермер хўжалиги раҳбари А.Тўйчиев 4 млн. сўм миқдоридаги пул маблағларини пора сифатида талаб қилиб келиб, Навоий шаҳри Ғалаба шох кўчасида жойлашган “Версал” кафесида кимёвий ишлов берилган 3 млн. сўм миқдордаги пул маблағларини фуқаро А.Туйчиевдан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Суд ҳукмига кўра Н.Бердиевга 2 йил муддутга озодлик маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳозирда панжара ортидан қилган қилмиши учун жазо ўтамоқда.

Афсуски, бошқа соҳалардаги вазият бундан ҳам ёмон. Бугунги йиғилишда тармоқ раҳбарлари иштирок этаётганидан фойдаланиб, коррупция кенг қулоч ёйган айрим соҳалардаги аҳволга тўхталиб   ўтмоқчиман.

Жумладан, сўнгги йилларда долзарб аҳамият касб этиб келаётган қурилиш соҳасидаги корхоналар томонидан 10 та ҳолатда 2,5 млрд. сўмлик бажарилмаган ишлар ҳажми ҳисоботга   қўшиб ёзиш йўли билан ўзлаштирилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 11 та жиноят иши қўзғатилиб,дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мисол учун, "BRIGHT INDUSTRY BUILDINGS THE FUTURE" МЧЖ мансабдор шахслари хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан, келгусида қайтармаслик ниятларида уларнинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни режалаштириб, жамият томонидан 2017-2024 йиллар давомида Навоий шаҳар, "Амир Темур" кўчасида қурилаётган 44а-кўп қаватли уйдаги 140 та хонадонни сотиш бўйича фуқаролар билан жами 374 та шартнома тузиб, ушбу хонадонлардан 32 тасини 68 нафар фуқароларга сотиб, сотувдан тушган пул маблағларини шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Ҳозирда дастлабки тергов давомида фуқароларга етказилган моддий зарар миқдори аниқлаш ва моддий зарар қопланиши бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу каби, тижорат банки мансабдор шахслари томонидан имтиёзли кредитлар талон - торож қилиниши натижасида 3 млрд. сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича 6 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов  ҳаракатлари  давомида 8 нафар банк мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва бюджетга етказилган зарарларни ундириш чоралари кўрилди.

Хусусан, АТ “Халқ банки” Қизилтепа филиали раҳбари Ш.Аминов ва “Vang’ozi Zotdor Chorva 2020” МЧЖ раҳбари С.Очилов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, банкнинг 06.10.2020 йилги кредит шартномасига асосан, “Четдан наслли қорамол олиб келиш” мақсадида 1,2 млрд. сўм кредит маблағи ажратилишига эришиб, кредит ҳисобига олиб келинган чорва моллари сотувидан тушган пул маблағларини талон-торож қилишган.

Тергов давомида банк манфаатларига етказилган 1,2 млрд. сўмлик зарарлар ундирилиши таъминланиб, банк раҳбари Ш.Аминов ва жамият раҳбари С.Очиловларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланган холда жиноят иши судга юборилган.

Бундан ташқари, “Агробанк” АТБ Навоий вилоят худудий филиали ўринбосари Ш.Жалолов 2021-2024 йиллар давомида 72 нафар банк мижозларига ажратилган кредит маблағлари тўлиқ қопланганидан фойдаланиб, шартнома шартларига кўра қайта тикланадиган (револьвер) шаклида кредит ажратилиши мумкинлигини билгани ҳолда, фуқароларнинг номига қайта 1 млрд. 371 млн. сўмлик кредитлар расмийлаштириб олиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган. Ҳозирда, айбдор шахслар суд олдида қилмишлари учун жавоб беришмоқда.

Бундан ташқари, йилдан йилга шаҳарлар ва туман марказларида ижтимоий инфратузилмалар учун ҳам ер майдонлари ажратиш масаласи мураккаблашиб бораётган бир пайтда, айрим коррупционерлар томонидан бўш ер майдонларини ноқонуний олди – сотдисини амалга ошириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилуви органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, 14 та ҳолатда 124,2 гектардан ортиқ ер майдони ноқонуний сотилишининг олди олинди ҳамда суд ҳукмига кўра, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги  таъминланди.

Ҳар бир махаллий хокимият аъзолари фаолиятимизни кайтадан холис тахлил килиб, махаллий ижро хокимликлари олдига куйилган устувор вазифаларни шахсий манфаатимиздан устун куйган холда сидқидилдан бажаришга барча куч ва салохиятимизни сафарбар этайлик.

Ijtimoiy tarmoqlar: