Бугун: 23 Окт 2021 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > УДДАБУРОНЛАР НИНГ ҚИЛМИШИ ФОШ БЎЛДИ


2021 йил март ойининг 12 куни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлиси Навоий шаҳар “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилди. Унда судда раислик қилувчи Ш.Мамиров томонидан Т.Элёров, Ф.Тошмуродов(исми шарифлари ўзгартирилди)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Қисқа фурсатларда танишиб қисқа фурсатларда ажрашиб кетган бу икки йигитни таассуфки, қинғирлик бирлаштирди ва жиноятнинг боши берк кўчасига бошлади.

Г.Сафаров(исми-шарифи ўзгартирилди) ўзига тегишли бўлган 2 та қўл телефонини сотиш учун2018 йилнинг 12 август куни Навоий шаҳар, Навоий кўчасида жойлашган эски буюмлар сотиш бозорига келганида телефонларига дарҳол харидор топила қолди.Ўзини “Азиз” деб таништирган Т.Элёров уяли алоқа воситаларини 770.000 сўмга баҳолади, савдо пишди, сотувчи ҳам шу нархга кўнди. Т. Элёров анчайин эҳтиёткор режа тузгани боис, савдони бозорнинг ўзида амалга оширмади. У телефон эгасига, пули уйида қолгани, бирга боришса тезда олиб берворишини айтиб, Г. Сафаровни ўзи билан бирга боришга кўндирди. Ўша пайтда 770.000 сўм пул бирлиги 100 АҚШ долларига тенг келар, сохта харидорнинг хомчўти ҳам шу эди, долларнинг «курси»дан ортиқча пул аралаштирмай савдони пишитиш. Кўп қаватли уй остида сотувчини икки дақиқага қолдириб ўзи зинадан кўтарилганча юқори қаватларга чиқиб кетди. Кўздан панада бироз тургач, гўё қўлида 100 купюра билан пастга тушиб келди. Долларни деҳқон бозори ёнида алмаштириб олиш имкони борлигини тушунтирган бўлди, унинг ишонтириб гапириши Г. Сафаровни купюранинг сохта ёки ҳақиқий эканлигини ўйлаб кўришга ҳам имкон қолдирмади. То алмаштириш жараёнида сир фош бўлгунича Г. Сафаров масаланинг бу жиҳатига эътибор бермади. Аммо харидор берган пул сохта, қўлбола ясама доллар эканлигини билгач, шаҳар ички ишлар бўлимига боришга, вазиятни ошкор этишга мажбур бўлди. Биргина эҳтиётсизлик уни буюмидан айирилиб, бир йил телефонларини пулини ҳам, ўзини ҳам, керак бўлса, фрибгарнинг изини ҳам тополмаслигига сабаб бўлди. Шуни айтади-да, нарсангга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма, деб. Лекин бу мақол нисбий маънода, бегоналар билан муносабатда сергак бўлиш, огоҳликни ошириш маъносида айтилган. Аслида бировнинг шўрини қуритиб молига эга чиқувчиларнинг ўғридан бошқа ҳам номи кўп.

Ўша савдоси «қизиган» кундан бир қанча вақт ўтиб Т. Элёров Россия давлатига жўнаб кетади. Орадан бир йил ўтиб ортига қайтгач, қўлга олинди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йил ўтса ҳам чиқади, деганлари каби. Савол туғилади, хўш, бу Элёров деганлари сохта пулни қаердан олди, ўзи ясадими, биров ясаб бердими, жиноятнинг манбаси қаерда?

Калаванинг учи бориб Ф. Тошмуродовга тақалади. Ф. Тошмуродов аввал ҳам «сохта доллар» можоросига аралашиб бу иш оқибати яхшиликка олиб келмаслигини тажрибасида кўрган бўлса-да, сохта пулларни уни ясаган танишидан олиб Т. Элёровга берган. Ҳар икаласи жиноий  тил бириктириб ясама долларни атай муомалага киритишган. Буни қандай юз бергани юқоридаги ҳолатлар баёнидан маълум.

Табиийки, ҳар бир қилмишнинг жавоби бор. Суд ҳукмига кўра, жавобгарларга тегишли тартибда қонунчиликда белгиланган жазо тайинланди. Ачинарлиси, судланувчилар ҳар иккаласи 30 ёшга етиб-етмаган йигитлар. Аммо текин луқма топиш истаги йигитларни қинғир йўлга бошлади. Кўпинча жиноятчилик кўчасига кирадиган ёшлар, қилмишимнинг изи топилмайди, деган нотўғри фикр билан бошиберк кўчага таваккал қадам босишади. Аммо орадан ҳар қанча вақт ўтмасин, ўзга элларда кетиб келишмасин, қонун олдида жавоб бериш – жиноятчи тақдирида бор гап. Судланувчилар ўзининг уддабуронлиги, топағонлигини бошқа фойдали мақсадларда ишлатганида эди балким тўғри ишидан барака топган, суднинг қора курсисида ўтириб жавоб бермаган бўлармиди?..

Бугун юқоридаги каби ёшлар ўртасида қонунга итоатсизлик, ҳавойи-нафсга осонлик билан берилиш, енгил пул топиш иштиёқи учраётгани ачинарли ҳол. Буларнинг остида маънавий фундаментнинг сустлиги, ўзи ва ўзгалар тақдирига бефарқлик, инсоний жиҳатларнинг яхши шаклланмаганлиги, ҳуқуқий билимнинг пастлиги каби куплаб важларни келтириш мумкин. Аммо унутмаслик керакки, ҳеч бир жиноят йўқки, жавоби, жазоси бўлмаса. Бу қонунчилигимизда ҳам, диний аҳкомларимизда ҳам ўз исботини топган ҳаётнинг ўзгармас қоидасидир.

 

Ҳилола Исматова,

Журналист.

 

Шерзод Мамиров жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси

Кўрилганлар сони: 787 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus