27.09.2014 13:21:01
Ёшлигиданоқ спортга ошно тутиниб, ҳаётининг навқирон палласини ўз соғлигини асраб-авайлаш, чиниқиш йўлида сарфлаётган, шунинг баробарида энг эзгу мақсадларига эришаётган ёшларни кўриб ҳавасинг келади. Бугун халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтариб келаётган чемпион йигит-қизлар билан эса ич-ичингдан фахрланиб қўясан...
Дилдора Ҳалимова Қизилтепа туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида ўқиб юрган пайтларидаёқ ўзи яшаётган маҳаллада жойлашган "Работ" спорт комплексидаги тўгаракларга қатнашиб, миллий кураш ҳамда самбо бўйича сабоқ ола бошлади. Мактаб таълимидан сўнг у Бухородаги спорт коллежида таҳсил олди. Бу даргоҳ унинг шижоатига шижоат, иштиёқига иштиёқ қўшиб, катта-катта мусобақаларда иштирок этишга замин яратди.
2008 йилда у илк маротаба миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатнашди ва 57 килограмм вазн тоифасида ғолиб бўлди. 2010 йилда эса яна бир карра чемпионликка эришди. Шундан сўнг Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди ва 200 га яқин мамлакатдан йиғилган спортчилар орасида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Бу кетма-кет келаётган ютуқларнинг ҳаммаси эмасди.
Дилдора 2010 йилнинг ўзида самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шу йилда Тошкент шаҳридаги Жар стадионида бўлиб ўтган самбо бўйича Осиё чемпионатида 60 килограмм вазн тоифасида иккинчи ўринни эгаллаб, яна бир бора устозлари ва ота-онаси ишончини оқлади.
— "Самбо юлдузлари" номи остида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида юртимиз байроғи кўтарилганда кўзларимга ёш қалқиди, — дейди у. — Шундан сўнг менга дўстларим "Самбо юлдузи" деб мурожаат қиладиган бўлди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Ҳозирги кунда устоз-шогирд анъанасига амал қилиб, қизларга кураш сирларини ўргатаяпман. Замонавий жиҳозларга бой спорт мажмуаларини бугун юртимизнинг ҳар гўшасида, ҳатто энг чекка ҳудудларида ҳам учратиш мумкин. Бундай имкониятлардан оқилона ва тўлақонли фойдаланиш биз ёшларнинг бурчимиздир.
Чемпионимиздан келажакдаги орзулари ҳақида сўраганимизда, у қай маҳал бўлмасин, спортдан узоқлашмаслигини билдирди. Спорт ҳаётининг мазмунига айланганлигини бот-бот таъкидлади. Унинг ўз севган соҳасини қадрлаши, келажакда ўзбек спортини шогирдлари орқали кўкларга кўтаришга бўлган интилиши ҳавас ва ҳурматимизни минг чандон оширди...
Меҳригиёҳ БОЗОРОВА.
Жами мурожаатлар:720
Кўриб чиқилган:448 (62%)
Кўриб чиқилмоқда:272 (38%)
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
Тел.: 0 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
210100 Навоий шаҳар.,
Ислом Каримов кўчаси, 77а