08.10.2014 20:00:28
Пойтахтимизда “Ипак йўлидаги туризм” XX Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон, Испания, Австрия, Швейцария, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Сингапур, Чехия, Латвия, Польша, Индонезия, Эрон, Туркия каби қирқдан ортиқ мамлакатдан кўплаб сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.
«Туризм ва санъатнинг ипак боғлами» шиори остида ўтказилган бу галги ярмарка иштирокчилар сони ва намойиш этилган лойиҳаларнинг турфа хиллиги, ранг-баранглиги, қизиқарли тақдимотларга бойлиги билан алоҳида ажралиб турди.
– “Ипак йўлидаги туризм” ярмаркасида бу йил бешинчи бор иштирок этдик, – деди Малайзиянинг "Tourism Malaysia" компанияси департамент директори Нормасила Мусо. – Ўзбекистонда саёҳатларни мазмунли ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш учун барча имкониятлар мавжуд. Тарихий обидалар, самимий меҳмондўстлик, кўзни қамаштирувчи ҳунармандлик буюмлари ҳамда юртингиздаги тинчлик-тотувлик муҳити бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этмоқда. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда ўтказилгани Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти ва халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Ярмарка иштирокчилари соҳадаги ютуқлар, янгиликлар билан танишди. Миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, банк хизматлари, суғурта компаниялари ҳамда оромгоҳлар вакиллари иштирок этган ушбу ярмаркада мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, хушманзара табиатимиз ва ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари кенг намойиш қилинди.
– Бирлашган Араб Амирликларида Ўзбекистон халқининг бой маданияти, тарихи ва бугунги тараққиёти билан танишишга қизиқиш юқори, – деди Бирлашган Араб Амирликларининг "Tamani Marina" компанияси бош менежери Валид Нохел Ал-Ава. – Шу боис ярмаркада мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар алмашинувини янада кенгайтириш бўйича Ўзбекистоннинг қатор сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатдик.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат миллий павильони” стендлари ярмарка иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Улар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти билан кенг танишди.
– Тўрт юлдузли меҳмонхонамизда сайёҳларга юқори сифатли хизмат кўрсатилади, – деди "Grand Bukhoro" меҳмонхонаси раҳбари Аҳмад Ҳусаинов. – Ўтган йили беш мингдан зиёд хорижлик сайёҳ ва ўн мингдан ортиқ юртдошларимизга хизмат кўрсатдик. Ярмаркада қатор туристик ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ истиқболга мўлжалланган келишувларга эришдик.
Ярмарка доирасида мамлакатимиз туризмида янги лойиҳа – “Hosted buyers /Профессионал харидор/” дастури бошланди. Бу дастур истиқболли шериклар ва харидорлар ўртасидаги учрашувларни олдиндан белгилаш, уларга муайян имтиёзлар бериш орқали соҳада ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир қатнашчилари “Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори” экспозицияларида ўзбек миллий таомлари ва сархил мева-сабзавотлардан татиб кўриш, “Ҳунармандлар шаҳарчаси” бўлимида миллий ҳунармандлик буюмларини харид қилиш имконига эга бўлдилар. Ўзбек миллий либослари намойиши, миллий мусиқа ва рақсларимиз иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро ярмарка доирасида “Туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорлик: таълим ва иш билан таъминлаш” мавзусида халқаро форум ҳам бўлиб ўтди.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланди ва тақдирланди.
Ирода Умарова, ЎзА
Жами мурожаатлар:884
Кўриб чиқилган:448 (51%)
Кўриб чиқилмоқда:436 (49%)
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
Тел.: 0 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
210100 Навоий шаҳар.,
Ислом Каримов кўчаси, 77а