10.03.2017 20:12:07
Мамлакатимизда аграр соҳага етарлича эътибор қаратилаётганлиги, ишларнинг пухта ва аниқ режа асосида олиб борилаётганлиги боис, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, фаолият кўлами кенгайиб, иқтисодий жиҳатдан барқарор кўрсаткичларга эришилмоқда.
Вилоятимизда ҳам қуёнчиликни ривожлантириш мақсадида агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йил май ойидан ўз фаолиятини бошлаган Кармана туманидаги "Қўрғон дала" агрофирмасида Италиядан келтирилган наслли "оқ великан" зотли қуёнлар парваришланмоқда.
— Қуёнчилик сердаромад соҳа, — дейди агрофирма раҳбари Алишер Қобилов. — Ҳали тажрибага эга бўлмаган тадбиркор учун ишни бошлаш осон кечмаслигини яхши биламан. Айниқса, фаолиятини оқилона йўлга қўйган тадбиркорлар банкка чақирилиб, уларга қўшимча имтиёзли кредитлар таклиф қилинаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Бунинг самарасида бизнес кенгайиб, янги иш ўринлари ҳам яратилади. Биз ҳам ўз ишимизни бошлашимиз учун "Микрокредитбанк" АТБ вилоят филиалидан 250 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Хўжалигимизни ривожлантириш учун хорижий давлатлар тажрибасини кузатиб, ўрганганимиз қўл келди. Олиб келинган 100 дона она қуён ва 4 дона эркак қуён қисқа вақт ичида 2 мингтага етди. Уларнинг ҳар бири 15 килограммгача тош босади.
Наслчилик ишларида 8 ойлик қуёнлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Улар йил давомида 15 мартагача болалайди. Бошқа сут эмизувчи ҳайвонларга нисбатан товушқонлар оиласига мансуб қуёнлар тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши ва кам харажатлиги билан ажралиб туради. Демак, даромад чўғи ҳам шунга яраша бўлади. Энг қизиғи, улар кунига бир марта таркибида 20 хил витамини бор бўлган махсус озуқа билан парваришланади. Қуёнларга маҳаллий шароитга мослашгунга қадар ҳўл мевалар ҳам бериш тақиқланган. Етиштирилган наслли қуёнларни нафақат турдош хўжаликларга, балки аҳолига ҳам сотиш ишлари йўлга қўйилган.
Чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўштини етиштириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки унинг гўшти парҳезбоп ҳисобланиб, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги билан аҳамиятли. Шунинг учун шифокорлар томонидан ҳафтада бир маротаба болалар таомномасига ҳам киритиш тавсия этилади.
Алишер аканинг таъкидлашича, "оқ великан" қуёнларнинг маҳсулот бериши асосан озуқа ва эътиборга боғлиқ бўлса-да, уларнинг ривожланиши ҳамда яшаш тарзида ўзига хослик мавжуд. Бу ерда ишлаётган 2 нафар ишчи ва ветеринар хона ҳарорати мўътадиллигини таъминлаб, тез-тез ҳавосини алмаштириб туради. Чунки қуёнларнинг пешоби таркибида аммиак кислотаси мавжуд бўлиб, уларнинг соғлигига жиддий зарар етказиши мумкин. Ташкил қилинган кичик лабораторияда уларни бир вақтда сунъий урчитишга ҳам алоҳида эътибор қаратишади. Бундан ташқари, ҳар бир қуён йилида бир марта эмланади.
— Агрофирмамизда фақат қуён парваришлаш билан чекланиб қолмасдан, бошқа соҳаларга ҳам эътибор қаратаяпмиз. 2000 тонна балиқ чавоғини ҳам ишчилар парвариш қилмоқда. Бундан ташқари, олмазоримиз ҳам мавжуд. Бизларга болалигимиздан ота-боболаримиз бир қарич ерни ҳам увол қилманглар, деб ўргатишган. Катталарнинг ўгитларига амал қилиб, кам бўлганимиз йўқ. Насиб бўлса, ёз пишиқчилигида мева-чевага эҳтиёж сезмаймиз. Келгусида қуёнлар сонини 50 мингтага етказиш ниятидаман. Хориждан унинг гўштини қадоқлаш технологияси келтириб, терисини Хитойга экспорт қилишни режалаштирганман, — дейди А. Қобилов.
Қуёнчилик ҳақида гап кетганда кўз ўнгимизда "Ажойиб хаёлпараст" бадиий фильмидаги Ҳасанбой гавдаланади. Тезда бойиб кетишни кўзлаган Ҳасанбой акани тажриба учун олиб келинган қуёнлар тез кўпайиши билан эътиборини тортади. Тўғри, ўша пайт фильм қаҳрамонининг фикри ҳавас бўлиб кўриниши мумкин, аммо бугун қуён боқиш кўпчилик учун даромад манбаига айланган.
Хуршида НАРЗИЕВА.
Жами мурожаатлар:720
Кўриб чиқилган:448 (62%)
Кўриб чиқилмоқда:272 (38%)
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
Тел.: 0 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
210100 Навоий шаҳар.,
Ислом Каримов кўчаси, 77а