06.10.2016 18:27:21
Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлганидек, вилоятимиз марказидан тортиб, Қизилқум бағридаги энг олис овулларгача — барча туман ва шаҳарларимиздаги ички ва ташқи йўллар ободонлаштирилди. Асфальт ётқизилган кенг, равон кўча ва йўллардан Мустақиллик даврида бунёд этилган автомобиль саноатимизнинг энг сара намуналари — замонавий "Тико", "Нексия", "Ласетти", "Орландо", "Малибу" каби қушдек енгил автомашиналар, қулай ва ихчам "Дамас" микро, "Исузу" йўловчи автобуслари, "MAN" русумли қудратли юк машиналари қатнаб, халқимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Бундан ташқари, хориждан келтирилган кўплаб автобус, енгил ва юк машиналари юртимиз кўчаларини тўлдирди.
Мазкур мақола вилоятимиз транспорт тизимида ўз ўрни ва мавқеига эга ташкилотлардан бири — Навоий шаҳридаги "Askomjtrans" масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳақида.
"Navoiyazot" АЖ ёнидаги катта йўл ёқасидан ўнгга бурилиб, бироз ичкарига юрсангиз, МЧЖнинг улкан дарвозасига кўзингиз тушади. Яқин ўтмишда 23-автокорхона, деб аталган жамиятда собиқ иттифоқдан мерос қўпол, оғир ва бесўнақай автобуслар йўловчиларни аранг 2-3 соатда, амаллаб манзилига етказарди. Эҳтиёт қисмлар етишмаслигидан ҳафталаб устахонада ётарди. Кўп ёнилғи сарфлайдиган бундай автотранспортлар атмосферага чиқарадиган заҳарли газдан нафас олиш ҳам қийинлашарди.
Айни пайтда 37 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатадиган ушбу жамоа фуқароларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиб келмоқда.
— 2012 йилда автопаркимизни буткул янгиладик, — дейди "Askomjtrans" МЧЖ бошқаруви раиси Рамзиддин Даллиев. — Шаҳримизда "Умид ниҳоллари" спорт ўйинлари ўтказилиши муносабати билан ўша вақтда 20 та "Исузу" русумли автобус олиб келинди. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий ва қулай мазкур автоуловлар аҳолига манзур ва улар ўз мамнунликларини яширишмаяпти. Корхонамиз вилоят ҳудудида йўловчи ташиш билан шуғулланади. Автобусларимизда Нурота, Хатирчи ва Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманларига ички транспорт хизмати кўрсатилади. Бундан ташқари, МЧЖ тасарруфида ижарага олинган 12 та шахсий "Мерседес-Бенц" русумли хориж автобуси мавжуд. Бу уловлар эса вилоят ҳудудидан ташқарида, "Навоий — Тошкент" йўналишида қатнайди.
Эътиборлиси, автобусларнинг барчаси техник, уларнинг ҳайдовчилари тиббий кўрикдан ўтказилган экан. Транспорт воситаларининг кабина ва салонлари тозалигига, техник созлигига катта аҳамият қаратилади. Шунингдек, кийиниш маданиятига, одамлар билан муомала қобилиятига эга, йўл ҳаракати тартиб-қоидаларини тушунадиган ва унга тўлиқ амал этадиган кишиларга автоуловлар ишониб топширилмоқда. Айниқса, ижарага олинган машиналарга ҳам ўз мулкидай эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, авайлаб-асраш ҳар бир мулкдорнинг, яъни автобус ҳайдовчисининг виждон бурчига айланган. Кунлик пул тушумларини ўз вақтида ғазнага топширилишига қатъий риоя қилинади. Йўналишда юрганлар белгиланган режани бажариб, жамият иқтисодиётини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Деярли ҳар кун МЧЖ хазинасига тушган пул маблағлари "Ипотека-банк" АТИБнинг вилоят филиалига етказилади. Шофёрлар топган даромадининг 10 фоизи ойлик маош сифатида пластик карточкасига пул ўтказиш йўли билан узлуксиз тўланади. Байрамларда мукофот ва ёрдам пуллари ажратилмоқда. Табиийки, рағбатга яраша иш унумдорлиги янада ошиб, моддий манфаатдорлик ҳам шунга яраша бўлаётир.
Пешқадам ҳайдовчилардан Истамтош Суяров, Нормўмин Шосаидов, Олим Исломов бу борада бошқаларга ўрнак кўрсатишмоқда.
— Техниканинг "умрини узайтириш" мақсадида уни ўз вақтида, сифатли таъмирлаймиз, — дейди уста Қувондиқ Рўзиев. — Ҳайдовчилар ҳам автобусларни кўз қорачиғидай сақлаб, уринтирмаслик ҳаракатида юришади.
Автокорхона "Навоий нефть базаси" унитар корхонасидан ажратилган фонд асосида ёқилғи билан таъминланади. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан нисбатан арзон бўлган газ ёнилғиси ҳам олинади.
Ташкилотда маънавият ва маърифат ишлари йўлга қўйилган. Ҳар ҳафтанинг сешанба куни ўтказиладиган "Маънавият соати"да ушбу соҳага масъул шахс, бош ҳисобчи Дилмурод Очилов юртимиз ва дунёда юз бераётган янгиликлардан жамоани хабардор этади. Давлатимиз ва Ҳукуматимиз юритаётган оқилона сиёсат натижасида халқимиз ҳаёти тобора фаровонлашаётганлиги, бунинг боиси бўлган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш тўғрисида жонли мисоллар келтириб ўтади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур меҳнат жамоасида аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Жамолиддин АҲТАМОВ,
"Дўстлик байроғи" мухбири.
Жами мурожаатлар:985
Кўриб чиқилган:448 (45%)
Кўриб чиқилмоқда:537 (55%)
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
Тел.: 0 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
210100 Навоий шаҳар.,
Ислом Каримов кўчаси, 77а