Бугун: 20 Окт 2021 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > ЭНДИ ИМКОНИЯТ БОР

ЭНДИ ИМКОНИЯТ БОР

01.03.2021 16:36:21


Аёлга эҳтиром жамиятда адолат устуворлиги, оилада тотувлик, рўзғорда саранжом-саришталик гаровидир. Шунингдек давлатнинг келажаги ҳам жамиятда аёлнинг ардоқланишига бевосита боғлиқ. Зеро, кенг фикрли, тафаккури тиниқ ва эътиқоди мустаҳкам фарзандни ҳар томонлама етук аёлгина тарбиялаб вояга етказа олади.  

         Давлатимиз раҳбари  хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда  Республикамизда  аёллар камолотини таъминлаш, жамият ҳаётидаги иштирокини янада юксалтириш бўйича  давлат сиёсатининг устувор йўналишларига  тўхталаркан, “энг оғир мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича”, дея таъкидлади. Шу ўринда XIX аср мумтоз адабиётимизнинг йирик шоираси Анбар Отиннинг  аёллар оғир қисматидан нолиб, “Қаролар фалсафаси” асарида ўзбек оналари келажаги ҳақида ёзган сатрларига эътибор қаратсак: “Бир замона бўлурки, камина муштипар каби мазлумалар олийжаноб, орзу қилғондан зиёда  бўлур, тамома мазлумалар яхши кун кўриб, яхши либос кийиб, тинч рўзғор ўтказган сабаб, аларнинг авлоди хатарсиз таваллуд ўлиб, яхши парвариш топиб, хушрўй ва хушхўр, ботаъмиз ва ватандўст, серғайрату меҳмондўст бўлиб камолга етар. Ул замонда барча халқ соҳибжамол бўлур”, дея ният қилганини уқиймиз. Орадан юз йигирма беш йилдан ошироқ вақт ўтиб, шоиранинг  орзулари вожиб бўлиши йўлида тарихий қадам ташланди, десак асло муболаға эмас.

         Чинданам аёл мамлакатимизда ҳам  жамиятнинг тенг ҳуқуқли фуқароси саналса-да узоқ йиллар давом этган ижтимоий-иқтисодий муаммолар туфайли, баъзан эса шунчаки лоқайдлик сабаб,  ҳаётнинг барча оғирликларини нозик елкасига олиб келди. Фарзанд дунёга келтириш, бола парвариши, рўзғорнинг кундалик ташвиш ва эҳтиёжлари шундоғам унинг имкониятларини чеклаб, аёлнинг муаммоларига пешвоз чиқмоқликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.  Бунга амин бўлмоқ учун исталган ҳудуддаги сайёр қабулларнинг бирида қатнашмоқ кифоя. Шулардан бири Навоий вилояти ҳокимининг Навбаҳор туманидаги сайёр қабулида мурожаатларнинг қарийб саксон фоизини аёллар ҳиссасига тўғри  келганлиги эса бу борада фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

         Замира САЙФИЕВА: Ўтган йили 30 миллион сўм кредит олиб, пишириқ цехи очган эдим. Барча жиҳозлар ўрнатилган, олти кишини ишга қабул ҳам қилганман. Уч ойдан буён туман электр тармоқлари ҳудуддаги трансформатор қувватини важ қилиб,  электр тармоғига улаб беришмаяпти.

         Сайёр қабулдатуман электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси З. Сайфиеванинг мурожаатини тан оларкан, биргина паст қувватли трансформатор қишлоқда тадбиркорлик равнақи, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли даромадининг  ошишига тўсиқ бўлаётгани ва мазкур муаммо бир ҳафта ичида, яъни 6 мартга қадар  ўз ечимини топмаса эгаллаб турган вазифаси билан жавоб беришини ўйлаб кўрмаган бўлса ажаб эмас.

         Дилфуза БЕКОВА: Ҳар йили қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳираси яратаман. Фаолиятимни кенгайтириб, музлатгич(холодильник) қуришим учун ер ажратилишида ёрдам сўрамоқчиман.  Маблағим етарли, ўз ҳисобимдан МФЙ учун янги бино қуриб беришга ҳам тайёрман.   

         Зебо ҚАЛАНДАРОВА: “Қалқонота” МФЙ биносида тикув цехи очиб фаолият юритаётган эдик. Маҳалла янги бинога кўчиб ўтгач, эски бино ижара аукционига қўйилиб, уни қўлга киритган янги ижарачи бинони бўшатиб қўйишимизни сўради. Мана уч ой ўтди, ҳалиям бўш турибди. Бизнинг цехимиз эса тўхтаб қолди.

         Мамлакатимиз раҳбари йиғилишда аёлларимиз  шу каби муаммоларга дуч келаётганлигини таъкидлаб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, ҳар бир тумандаги коллежларнинг бўш турган қисмини ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш, лозим бўлса ер ажратиш вазифаларини қўйди.

         Ойсара ФАРМОНОВА: Онкологик беморман. Уч йил аввал операция қилинган эдим. Яна операция қилинишим муддати етибди. Маблағ зарур, қўлимиз калталик қилаяпти.

         Хуршида ЖЎРАЕВА: “Каловатепа” маҳалласиданман. Кармана туманига келин бўлиб тушган эдим. Бир нафар фарзандим бор. Бронхиал астма касалига чалинганимдан сўнг оиламиз бузилди. Алимент оламан. Иш билан ва бошланишига дори-дармон билан таъминланишимга ёрдам берсангиз.

         Озода ҲАМРОЕВА: “Бурқут” МФЙданман. Ўғлимнинг бурнида ўсмаси бор эди. Навбаҳорда операция қилинди.  Кейин ўсма қулоғидан, бошидан чиқди.Тошкентда ўн бир марта операция қилинди. Яна операция қилиниши керак экан. Маблағимиз йўқ.

         Сайёр қабулда яна бир неча она фарзанди, келини,  турмуш ўртоғининг саломатлигини тиклаш борасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уларнинг муаммолари бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.  

         Таъкидлаш жоизки, Республикамиз Президенти йиғилишда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига эътибор қаратар экан, жорий йил якунига қадар қарийб 9  миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан саратон скринингидан ўтказиш вазифасини қўйди. Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 30-50 миллирад сўм ажратилишини белгилади. Албатта, бу чора-тадбирлар яқин истиқболда ўз самарасини беради.

         Нафиса ИЗБОСАРОВА: “Ўзбекистон” МФЙданман. “Аёллар дафтари”га киритилганман. Ўтган йили ўғлим, жорий йилда эса  қизим олий ўқув юртига тўлов контракт асосида ўқишга кирди. Бир иложини қилиб, стипендиясиз контрактини тўладик. Йил бошигача “онлайн” ўқиётган эди. Энди эса қийналиб қолишди. 

         - Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўловлари ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор, - деди йиғилишда давлатимиз раҳбари.

         Энди имконият бор. Ушбу ибора замирида сўнгги тўрт йилнинг янгиланишлари самараси мужассам. Зеро,  юртдошларимиз яқин-яқинларда  арзимаган масала учун масъул идоралар  остонасида йиллаб қабулни кутганлиги, юқори турувчилардан нажот истаб боришганида маҳаллий раҳбарлар томонидан қуруқ ваъдалар, баъзида эса ҳатто дўқ-пўписа билан қайтариб келинганлигини ҳали унутгани йўқ.   Энг муҳими бугун имкониятга муносиб, истак, рағбат ва интилишлар ҳам юзага чиқмоқда. Халқ тили билан айтганда ўзидан тинчимаган аёл бугун ёлғиз эмас. Мулоқот ва қабуллар фуқаролар ҳузурида беш-саккиз соатлаб давом этмоқда.

         Маҳбуба ХАЛИЛОВА: “Тошработ” МФЙда укамнинг хонадонида уч нафар фарзандим билан истиқомат қиламан. Иссиқхонада ишлаб қўлдан 850 минг сўм ойлик оламан. Укам ҳовлисининг бир қисми(тўрт сотихи)ни бермоқчи, уй қуриб олишимиз учун моддий имкониятимиз йўқ.

         Қабулда ўттиз икки нафар аёлнинг шу каби мурожаатларига ечим топилди. Шунингдек, уй-жой, хусусий ёки давлат билан шерикчилик асосида МТМ фаолиятини йўлга қўйиш, санаторийда даволанишни ташкил этиш, оилавий дискринимация масалаларидаги мурожаатлар бўйича ҳам аниқ муддатли ва манзилли топшириқлар берилди. Энг муҳим мазкур мурожаатларнинг аксарияти маблағга бориб тақалади. Ушбу масалада эса мамлакатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида барча имкониятларни белгилаб берган эди.   

         Таъкидлаш жоизки, жамиятдаги ҳар қандай орзу-истак ва шу йўлдаги улуғвор режа ҳамда дастурлар энг аввало мутасаддиларнинг масъулиятни зиммага олиши, элпарварлиги, фидоийлиги ва ниҳоят бутун жамиятнинг бир ёқадан бош чиқариб интилиши туфайли рўёбга чиқади. Бу омил жамиятнинг кейинги режаларида ҳам етакчи бўлиб қолаверади.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Кўрилганлар сони: 837 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus