Вилоят ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ТАБРИГИ

Азиз дўстлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Шу кунларда барчамиз мустақил Ватанимизда адолатли жамият барпо этиш, мамлакатимиз барқарор тараққиётини таъминлаш, инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллигини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.

 Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳлини муқаддас айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ белгилаб олган бозор иқтисодиётига йўналтирилган демократик давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, одил фуқаролик жамияти барпо этиш каби улуғвор мақсадларга эришишда Конституциямиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимиз истиқлол йилларида эришган беқиёс ютуқлар, тинч-осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимиз, навқирон авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш – буларнинг негизида Конституциямиз турганлиги барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдиради.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида “Конституциямизда белгилаб берилган асосий мақсадларимиз барчамизга яхши маълум. Яъни, Бош қомусимиз бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб берди” деган сўзлари Конституциямизнинг ҳаётимиз ва фаолиятимизда нечоғлик муҳим ўринга эга эканлигини, уни ҳар биримиз чуқур идрок этишимизга даъват этади.

         Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий тизим шаклланган бир пайтда, одамларимиз  мустақиллигимизнинг қадри ва моҳиятини чуқур англаган ҳолда, ҳар бир юртдошимизнинг фаровон келажак яратиш йўлидаги барча соҳалардаги ҳалол меҳнатлари, тадбиркорликка яратилган кенг имкониятлар мамлакатимизнинг йил сайин барқарор ривожига замин яратмоқда.

Албатта, эришилаётган ютуқлар Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигидаги халқимизнинг фидокорона меҳнати натижаси ҳамда Конституциямиз нормаларининг ҳаётбахш самарасидир.  

Шу ўринда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, бугун навқирон вилоятимизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда биргина инвестиция дастури доирасида 59,1 млрд. сўм маблағ эвазига 96 та турли ишлаб чиқариш объектлари барпо этилди.

Бош Қомусимизнинг қутлуғ шодиёнаси арафасида18 та умумтаълим мактаблари, Навоий шаҳридаги сил касалликларига қарши кураш диспансери, 4-оилавий поликлиника, Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси, Навбаҳор туманидаги вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси, вилоят наркология диспансери биноси,шунингдек, яна ўнлаб ижтимоий-иқтисодий объектларнинг фойдаланишга топширилиши аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади, албатта.

Хусусан, 2015 йилнинг ўтган даврида вилоятимизда аҳоли пунктларига 15 млрд. сўм маблағ  эвазига 149 км. тоза ичимлик суви,       223 миллион сўм маблағ эвазига 9,2 километр газ, 814 миллион сўм маблағ эвазига                   18,1 километр электр энергия линияси тармоқларининг тортилиши аҳоли турмуш даражаси янада юксалишига замин яратади.  

Амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар кўлами 2015 – “Кексаларни эъзозлаш йили”да янада ортган ҳолда, белгиланган давлат дастури доирасида халқимиз, айниқса хонадонимизнинг фаришталари бўлмиш отахону онахонларимизнинг турмуш даражасини юксалтириш учун бугунги кунга қадар режадаги 136 миллиард ва 13,9 миллион доллар маблағ ўрнига, жами 145,4 миллиард сўм ҳамда 9,14 миллион АҚШ доллар ҳажмидаги маблағлар сарфланиб, белгиланган прогноз режанинг             107 фоизга бажарилганлиги вилоятимиз учун нақадар аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Қолаверса, давлат дастури доирасида 54 225 нафар кексаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилганлиги юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

 Шунингдек, бевосита Муҳтарам Юртбошимизнинг раҳнамоликлари асосида саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиб, Навоий кон-металлургия комбинатида 373,6 млрд. сўм миқдорида капитал маблағлар ҳисобидан 30 та, “Навоийазот” АЖда 169,1 млрд. сўм маблағ эвазига 3 та, “Қизилқумцемент” АЖда 52,2 млрд. сўм маблағ эвазига 4 та, шунингдек, “Навоий” ЭИИЗда          11,2 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 6 та турли замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилганлиги, айниқса “Навоий ИЭС” АЖда қуввати 450 МВт бўлган   2-буғ-газ қурилмасини ўрнатиш ишларининг бошлаб юборилганлиги, келгусида      3-буғ-газ қурилмасини барпо этишнинг режалаштирилганлиги вилоятимиз саноат салоҳиятининг тобора ошиб бораётганлигидан далолат беради.

Шу билан бир қаторда, келгуси 2016 йилда вилоятимизда инвистиция дастури асосида қарийб 79,1 млрд. сўмлик маблағ эвазига 115 та янги лойиҳаларнинг амалга оширилишикўзда тутилганлиги минглаб янги-янги иш ўринларининг яратилишига, аҳоли фаровонлигини янада ошишига, юртимизнинг тинчлик ва осойишталигига,  республикамизнинг барқарор тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Албатта, қўлга киритилаётган ютуқларимиз, фидокорона меҳнатимиз ҳар доим Муҳтарам Президентимиз эътиборида бўлиб, жорий йилда самарали хизматлари учун муносиб тақдирланган 24 нафар вилоятимиз фидоий инсонларига Конституциямизнинг 23 йиллик байрами арафасида Давлат мукофотларининг тантанали топширилгани қалбимизга олам-олам қувонч бахш этади.

Албатта, эришган ютуқларимиз, бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, халқаро майдонда обрў-эътиборимизнинг тобора ортиб боришида  Конституциямизнинг ўрни беқиёс.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда, “Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир”.

Азиз дўстлар!

 

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳлини яна бир бор муқаддас айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Хонадонингиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳеч қачон аримасин.

Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлсин!

Байрамингиз муборак бўлсин!

Раҳмат.