Азиз ҳамюртлар!
Бетакрор диёримизга эзгу қадамлар билан янги — 2018 йил кириб келди. Шу қувончли дамларда вилоятимиз аҳлини қутлуғ айём — Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
2017 йил мамлакатимиз учун улкан ютуқлар ва муваффақиятлар, шунингдек, ҳар биримизнинг ҳаётимизга ўзининг ўчмас изини қолдирган мислсиз ўзгаришлар ва янгиланишлар йили сифатида тарих саҳифаларида муҳрланди.
Халқимиз истиқлолимизнинг йигирма еттинчи йилига эзгу ниятлар билан қадам қўймоқда. Янги йилни тинч-тотув, барча ҳавас қиладиган кунларимизга, тўкин дастурхонимизга шукроналик туйғуси, эртамизнинг янада файзли, мурувватли бўлишига қатъий ишонч билан кутиб олдик.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йил барчамиз учун шиддаткорлик ва муҳим ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик, ободончилик, инсон манфаатлари улуғланган ва халқ билан мулоқотнинг янги тизими жорий этилгани билан ўзининг ёрқин ифодасини намоён қилди. Айниқса, халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг янада ошганига, дунёнинг энг тараққий этган давлатлари билан самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилганига барчамиз гувоҳ бўлдик.
Ўтган "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида "Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" каби тамойиллар ҳаётимизда ўз мазмун-моҳиятини топди, фуқароларимизнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини атрофлича ўрганиш ва бартараф этишда муҳим босқични бошлаб берди.
Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор, фармон халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, одамлар розилиги, юртимиз ободлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ҳам халқимиз турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгандир.
2017 йил давомида асрларга татигулик ишлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳмиз. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.
Бугун мустақил юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, халқимизнинг ҳаётда эмин-эркин, бахтли-саодатли яшашидек олийжаноб мақсадлар мужассамдир.
Барчангизга маълумки, яқинда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тарихда биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилди ва бу кенг жамоатчилик томонидан сиёсий ҳаётимиздаги энг муҳим тарихий воқелик сифатида қабул қилинди.
Мурожаатномада эътироф этилганидек, "2017 йил халқ билан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз".
Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш фаолиятимиз мезонига айланди. Ўтган йилда барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари, судьялар, солиқ идоралари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан, ҳудудлар тўртта секторга бўлиниб, сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудларидаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Шу ўринда, ортда қолган йилимизда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби навқирон вилоятимизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини фахр билан эътироф этсак, арзийди.
Вилоятимизда 2017 йил давомида умумий қиймати 776,6 миллиард сўмга тенг бўлган қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бунинг бир мисоли сифатида Инвестиция дастурига асосан 97 та, умумий қиймати 81,4 миллиард сўм бўлган ижтимоий ва инфратузилма соҳа объектларининг бунёд этилганини айтишимиз мумкин.
Шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш дастурига асосан 2017-2020 йилларда Навоий шаҳрида 1218 хонадонли 29 та уй қурилиши белгиланганлиги, Конституция айёми арафасида эса 210 хонадонли 5 та 7 қаватли турар-жой биноларининг фойдаланишга топширилганлиги юртдошларимиз учун муносиб туҳфа бўлди.
Бундан ташқари, вилоятимиз марказида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 126 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 35 та, 1 минг 548 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши олиб борилаётгани аҳолининг уй-жой билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.
Ўтган йил давомида қишлоқ жойларда арзон ва қулай бўлган 1355 та уй-жойлар қад кўтарди. Қолаверса, раҳбар ходимлар учун 60 та, профилактика инспекторлари учун 209 та, ҳарбий соҳа вакилларига 84 та, ¤збекистон ёшлар иттифоқи фаоллари учун эса 64 хонадонли уй-жойларнинг бунёд этилаётгани ижтимоий соҳага қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Натижада 7 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз ўз турар-жойларига эга бўлишди.
2017 йил давомида вилоятимизда 73 нафар ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга юртбошимиз ташаббуси билан бошланғич бадал тўловлари ҳомийлар томонидан амалга оширилган янги уй-жойлар тақдим этилгани, 262 нафар имконияти чекланганларга 223 миллион сўмлик ногиронлик аравачалари топширилгани, кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилгани меҳр ва эътиборга муҳтож инсонлар қалбига чексиз қувонч улашди. Бу каби ишлар янги — 2018 йилда ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлади.
Муҳтарам Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган ҳаётий қарор ва фармонлари мазкур соҳа тараққиёти учун туб бурилиш ясади. Бугунги кунда вилоятимизда 7778 та кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, ҳудудий ялпи ички маҳсулотнинг 41,9 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса мазкур тармоқнинг имкониятлари нақадар кенглигидан далолат беради.
Ўтган йил давомида аҳоли бандлиги дастури доирасида 34 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди. Энг эътиборлиси, бугунги кунда аҳолимизнинг 60 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида иш билан банд.
Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йил давомида 758 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада, шу йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектлари ўтган йилга нисбатан 761 тага кўпайишига эришилди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқлари қатори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Жумладан, ўтган йил вилоятимизда 640 тонна пилла, 103,1 минг тонна ғалла, 97 минг тонна пахта хирмони яратилиб, шартномавий режалар ортиғи билан уддаланди. Қизилтепа туманида республикамизда илк бора пахтачилик соҳасида кластер тизимининг жорий этилгани барчамизга юксак ғурур бағишлади. Шу асосда яқинда кластер асосида тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий "Toshrabot textile" масъулияти чекланган жамияти фойдаланишга топширилиб, қарийб минг нафар аҳолининг иш билан бандлиги таъминланди.
2018 йилда ҳам бу хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш борасида қатор ишларни амалга ошириш режалаштириб олинган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил — "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинди.
Зеро, муҳтарам юртбошимизнинг Мурожаатномасида таъкидланганидек, "Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан яхшилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади". Бу пурмаъно сўзлар ҳар биримизни янада фаол бўлишга, янгидан-янги ғоялар устида ишлаб, юксак марраларни забт этишга чорлайди, албатта.
Азиз дўстлар!
Сизларни яна бир бор тараққиёт ва бунёдкорликка бой ҳаётимизнинг янги довони — 2018 йил — "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" билан самимий муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин! Буюк ва муқаддас Ватанимиз — жонажон Ўзбекистонимизнинг осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!