Мунис ва муҳтарама онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар!
Она табиатимиз уйғониб, дашту далалар ва бутун борлиқ яшилликка бурканган, баҳор айёмлари ҳар бир инсон қалбига чексиз қувонч улашган шу кунларда барчамиз 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кенг нишонламоқдамиз.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча мўътабар онажонларимизни, дилбар опа-сингилларимизни, меҳрибон қизларимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганидек: "Ҳар қайси оилада гўзаллик ва нафосат, меҳр-муҳаббат тимсоли, хонадонларимиз осойишталигининг посбони бўлмиш, бир сўз билан айтганда, оилани оилага, жамиятимизни жамиятга айлантирадиган аёл зотига қанча тасаннолар айтсак, қанча таъзим этсак — барибир барчамиз ўзимизни улар олдида доимо қарздор, деб ҳис қиламиз".
Бугун латофат ва садоқат тимсоли, Яратганнинг беқиёс мўъжизаси бўлган аёлларимиз хизматини юксак қадрлаш, улар ҳурматини жойига қўйиш, бахтиёр ва фаровон яшаш шароитини яратиш, соғлигини асраб-авайлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир, албатта.
Чунки оила, деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг барча машаққат ва ташвишларини нозик елкасида кўтариб, бутун умрини фақат эзгу ишларга, ўғил-қизлари тарбияси, ўз оиласи шаънини улуғлашга бағишлаган, дунёдаги жамики эзгуликлар бунёдкори ва яратувчиси бўлган мўътабар аёлларимиз ҳар қачон шундай ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир!
Шу сабабли, муҳтарама аёлларимизни нафақат байрам кунлари, балки уларни ҳар доим қадрлашимиз ва уларга чексиз меҳрибонлик кўрсатишимиз керак.
Дарҳақиқат, ўтган кунларимизга назар ташлар эканмиз, буюк Турон заминидан Тўмарис каби халқ қаҳрамони, Нодирабегим, Увайсий, Зебунисо, Зулфияхоним сингари етук намояндалар етишиб чиққанлиги барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Мустақиллик берган имкониятлар, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли жамиятда Аёл зоти борки, юксак қадр топганлигини бугун уларнинг чеҳрасидаги қувонч, қалбидаги шукроналик туйғуларидан, ҳаётдан мамнун эканлигидан ҳам теран англаш мумкин.
Энг қувончлиси, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида аёлларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ўзини намоён этиши учун кенг ва тенг шарт-шароитлар, қонуний асослар яратилаётгани бугун дунё мамлакатлари аёллари ҳавасини келтирмоқда, десак, тўғри бўлади.
Зеро, эртанги кунимизни бунёд этиш, соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳаётимизга мазмун олиб киришда аёлларимиз ёнимизда туриб, энг яқин маслакдош ва маслаҳатгўй сифатида фаоллик кўрсатмоқда.
Қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марралар, улкан бунёдкорлик ва изчил ислоҳотлар жараёнида вилоятимиз хотин-қизлари фаол иштирок этиб келаётганлигини мамнуният билан бугун айтишимиз керак.
Айни пайтда вилоят аҳолисининг 450 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этган ҳолда, улар орасида 1 нафар Олий Мажлис Сенати аъзоси, 1 нафар Қонунчилик палатаси ва 78 нафар маҳаллий Кенгашлар депутатлари, 16 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, кўплаб фан доктори ва номзодлари, турли орден-унвон соҳиблари борлиги, улар вилоят ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол қатнашиб келаётгани қалбимизга олам-олам ғурур бағишлайди.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, вилоятимиз хотин-қизлари ҳаётига оид қувончли воқелик ва хушхабарлар кун сайин ошиб бормоқда.
Жумладан, бошланғич ташкилотлар фаолиятини самарали йўлга қўйганлиги учун вилоят хотин-қизлар қўмитаси республика кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгаллагани, Ирода Жуманова Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани, Навоий давлат педагогика институти талабаси Нафиса Ибодуллаева Президент стипендианти бўлганлиги, албатта, барчамизни мамнун этади. Бундай самарали ютуқларни қўлга киритишда фаол иштирок этган шаҳар-туман хотин-қизлари қўмиталари, 1256 та бошланғич ташкилоти ва барча фаолларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Сизларни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларга соғлик-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака тилайман.
Доимо юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду хуррамлик аримасин!
Байрамингиз муборак бўлсин!