Вилоят ҳокими, Сенатор Э.О.Турдимовнинг 8 март - Хотин-қизлар куни муносабати билан вилоятимиз хотин-қизларига БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, мунис ва муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар!

 

Шу кунларда барчамиз она диёримизга гўзал ва бетакрор кўклам элчиси сифатида кириб келаётган 8 март - Хотин-қизлар байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кенг нишонламоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали барча онажонларимизни, азиз опа-сингилларимизни, дилбар қизларимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

8 март – Хотин-қизлар байрамининг айнан баҳор фаслида нишонланиши замирида ўзига хос маъно ва ҳикмат мужассам. Негаки, табиатнинг уйғониши, яратувчанлик ва гўзаллик ўзгача тароват, мафтункорлик кашф этиши ушбу байрам билан бошланади, албатта. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳанг ва уйғундир.

Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидойилик, сабр-қаноат каби олийжаноб инсоний фазилатларни мужассам этган.       

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш – биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз”, деган сўзлари Сиз азиз аёлларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг намунасидир, албатта.

Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик туйғуларни аёлларсиз асло тасаввур этаолмаймиз.

Шу маънода, асрлар мобайнида Ер юзида ҳаёт давомийлигини таъминлаб келаётган, бутун ҳаётини фарзандига бахшида этадиган азиз ва муҳтарам Она сиймоси, аёл зоти олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, десак ҳар томонлама тўғри бўлади.

Мамлакатимизда Истиқлолга эришган дастлабки йиллардан бошлаб хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, ҳурмат ва эътиборини ошириш, ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада муҳтарам Юртбошимизнинг бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган Фармон ва Қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида янги босқични бошлаб берди.

Шуни мамнуният билан эътироф этиш лозимки, қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марралар, улкан бунёдкорлик ва ислоҳотлар замирида турли соҳаларида меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда вилоятимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ёки 457 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шу ўринда таҳлиллларга эътибор қаратадиган бўлсак, таълим-тарбия соҳасида фаолият кўрсатаётган жами ишчи-ходимларнинг 70,3 фоизини, тиббиёт соҳасида 74,6 фоизи, саноат йўналишида эса 27,5 фоизини хотин қизлар ташкил этаётгани фахр билан тилга олсак, арзийди. Бу кўрсаткич халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам қарийб 30 фоизни ташкил этаётгани алоҳида эътирофга лойиқдир. Вилоятимиз хотин-қизларининг 77 нафари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати сифатида фаолият кўрсатаётгани эса уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги етакчилигининг амалий ифодасидир, албатта.

Вилоятимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, микрокредитлар ажратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларининг яратилишида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган 2015 йилда  тадбиркор аёлларимиз учун 45 млрд. сўмдан ортиқ кредит ажратилиб, хотин-қизлар учун 15 мингта янги иш ўринлари яратилди. Буларнинг барчаси хотин-қизларнинг оилада ўз ўрнига эга бўлиши ва уларнинг моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлигидан далолатдир.

Бу каби хайрли ишларни хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган кенг имкониятлар мисолида ҳам давом эттиришимиз мумкин. Шу ўринда спортнинг бадиий гимнастика, енгил атлетика, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка, сузиш каби 32 та тури бўйича 3634 та секцияда 36 минг 196 нафардан ортиқ хотин-қизларимизнинг мунтазам шуғулланаётганликлари фикримизнинг ёрқин далили ҳисобланади.

Энг муҳими, юртимизда хотин-қизларнинг тўла маънода қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги, улар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлиги боис бугунги кунда аёлларимиз хоҳ ишлаб чиқариш, хоҳ фан ва таълим, хоҳ спорт ёки маданият соҳаси бўлсин ўзларининг нималарга қодирлигини, истеъдод ва иқтидорини намоён этиб келмоқда.

Энг муҳими, хонадонимиз чироғи, кўнглимиз фариштаси, оилалар таянчи бўлган мунис аёлларимизни асраб-авайлаш, уларга ширин сўз ва беғубор тилаклар билан меҳрибонлик кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимизга айланиши зарур. Чунки инсон қалбидан ўзининг энг юксак инсоний фазилатлари билан чуқур жой олган мўътабар ва нафосат тимсоли бўлган аёлларимиз ҳамиша шундай шон-шарафга лойиқдирлар.  

Жорий йилнинг – “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши эса бор куч ва имкониятларимизни оналаримиз саломатлиги, соғлом бола тарбияси, оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш йўлида сарф этишда аниқ йўналишларни белгилаб берди.

Дарҳақиқат, жамиятимизнинг асоси бўлмиш оилаларни янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда аёлларимизнинг ўрни беқиёсдир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозим”.             

 

Муҳтарама онахонлар,

қадрли опа-сингиллар!

 

Сизларни ва сиз орқали барча вилоятимиз хотин-қизларини, дилбар аёлларимизни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга соғлик-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, файзу барака тилайман.

Доимо, юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик аримасин!

Байрамингиз муборак бўлсин!

 

Эътиборларингиз учун раҳмат!