Қадрли фермерлар!
Муҳтарам Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигини тубдан янгилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жойларда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, чекка-чекка ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда у ерларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Биргина пахтачилик тармоғини олиб қарайдиган бўлсак, соҳага мутлақо янги ёндашув - кластер усулининг жорий этилгани етиштирилаётган хомашёнинг тўлиқ қайта ишлаш имкониятларини яратди. Бу ўз навбатида фермер хўжаликлари даромади ошишига хизмат қилаётгани билан бирга, юртимиз иқтисодий юксалишини таъминламоқда.
Дарҳақиқат, пахтачилик борасида гап кетар экан, бу йил об-ҳаво шароити бошқа йилларга қараганда қуруқ келгани ва ғўза парваришида мураккаб вазиятни юзага келтирганлигини айтиб ўтиш жоиз. Натижада, воҳамиздан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсининг сатҳи пасайиб, сув танқислиги кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалигида экин ерларининг суғориш тизимига салбий таъсир кўрсатяпти.
Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йил вилоятимизда пахта ҳосили учун 1274 та фермер хўжалигининг 33 минг 288 гектар майдонида чигит экиш ишлари жадаллик билан олиб борилиб, бевосита Сизларнинг заҳматли меҳнатларингиз билан ерга қадалган чигитлар тўлиқ ундириб олинишига эришилди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги мақсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси томонидан вилоятимиз фермерларига ғўза парвариши учун 97 миллиард 404 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бироқ сўнгги кунлардаги кучли ёмғир ғўза парваришига салбий таъсир кўрсатди. Кучли жала айрим жойларда ёш ниҳолларнинг пайҳон бўлишига олиб келди.
Бу йилги ўзгарувчан об-ҳаво ғўза парвариши авж паллага кирган шу кунларда ҳар дақиқа ғаниматлигини англаб, ўз вақтида ва сифатли агротехник тадбирлар олиб боришни тақозо этмоқда. Шу боис, мамлакатимиз агросаноатининг асосий хомашёси бўлган пахтани етиштириш ҳар бир фермернинг зиммасига алоҳида масъулият юклашини унутмайлик!
Азиз фермер хўжаликлари раҳбарлари!
Ушбу долзарб паллада, энг аввало, ниҳолларни сифатли чопиқдан чиқариб, кўчатнинг тагини юмшатишга, бегона ўтлардан тозалаб, ердаги мавжуд озуқаларнинг фаол ўзлаштирилишига шароит яратсак, ғўза кўнгилдагидек ўсади. Бундан ташқари, яганалаш тадбирларини ўз вақтида, сифатли якунига етказиш ниҳоллар ривожини 4-5 кунга барвақт етилишини таъминлайди, танаси бақувват бўлиб, ҳар қандай касалликларга бардошли бўлади.
Fўзани турли зараркунанда ва ҳашаротлардан асраш чора-тадбирларини изчил амалга оширишга алоҳида эътибор қаратайлик! Зеро, уларга қарши самарали профилактика олиб борилмаса, ғўза ривожига катта зарар етиши, пахта пишиб етилиши 10-15 кунга кечикиши барчага маълум.
Шунинг учун ўз вақтида суспензия билан ишлов бериб, ғўзани баргидан озиқлантириш муҳим тадбирлардан эканлигини унутмаслигимиз шарт. Fўза профилактикаси — олтинкўз, трихограмма, бракон маҳсулотларини дала майдонларига ўз вақтида олиб чиқайлик.
Fўза парваришида ҳар бир агротехник тадбирни белгиланган муддатларда ўтказиш,ғўза майдонларини культивация, чопиқ ва ўтоқ қилиш, азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириш баробарида механизатор ва ишчилар учун далада барча шарт-шароитларни яратиш энг муҳим масалалардан саналади.
Бу борада ҳокимликлар, қишлоқ хўжалик бўлимлари ҳамда фермерлар, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари кенгашларининг ҳамкорликдаги фаолиятини кучайтириш зарур.
Шунингдек, ҳар бир тумандаги сектор раҳбарлари ишчи-гуруҳи тузган ҳолатда ўзига тегишли ҳудудлардаги фермер хўжаликларида амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг кунлик жадвалини ишлаб чиқиши лозим.
Мутасаддилар ва тегишли таркибда тузилган ишчи-гуруҳлар жойларда ғўза парвариши бўйича кунлик мониторинг юритиб, белгиланган кунлик иш ҳажмлари бажарилишини ўз муддатларида таъминлаши лозим. Мавжуд культиваторларнинг отряд усулида ишлашини ташкил этиб, "Зарбдор 15 кунлик" давомида ғўзани бир марта культивация қилиш ва бир марта чуқур юмшатиш талаб этилади.
Муҳтарам фермерлар!
Сизнинг бой тажрибангиз ва юксак ватанпарварлигингизни инобатга олиб, жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари белгиланган режаларни тўлиқ уддалашига мамлакатимиз раҳбарияти ва халқимиз ишонади! Давлатимиз, халқимиз билдирган ушбу юксак ишончни оқлаш — Сизу бизнинг шаъну номусимиз эканини унутмайлик!