Қадрли миришкор деҳқонлар ва фермерлар!
Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ўтган йил қишлоқ хўжалиги соҳасида мисли кўрилмаган тарихий юксалиш йили сифатида эътироф этилди.
Айниқса, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган тарихий қарор ва фармонлар мазкур тармоқни янги босқичга олиб чиқишни кафолатлади.
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларда эришилган ютуқлар, яратилган мўл ҳосил соҳага илмий ёндошув натижаси бўлмоқда.
Бугун қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг меҳнатига муносабат тубдан ўзгарди. Уларнинг эркин фаолият юритиши кафолатланиб, ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди.
Шу ўринда, ўтган йили вилоятимиз деҳқон ва фермерлари ғалла ва пахта хирмонига муносиб улуш қўшиб, билдирилган юксак ишончни шараф билан оқлаганини мамнуният билан эътироф этамиз.
Зеро, навқирон вилоятимизда қишлоқ хўжалигининг ибратли мактаби яратилганлиги, соҳада катта тажриба тўпланганлиги об-ҳавонинг ноқулай шароитида ҳам улкан зафарлар қўлга киритилишига мустаҳкам асос бўлди.
Бу йил ҳам Сиз азиз соҳа фидойиларининг меҳнатига таяниб, қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган ғалла ва пахтадан юқори ҳосил кутмоқдамиз.
Айниқса, айни пайтда баравж ривожланаётган ғалладан салмоқли натижага эришиш Сизнинг бугунги меҳнатингизга ва фидойилигингизга боғлиқ. Зеро, ғалла ризқ-рўзимиз, шу билан бирга дастурхонларимиз тўкинлигининг асосидир.
Муҳтарам Президентимиз томонидан айни палла долзарб мавсум деб эълон қилинди. Мазкур даврда кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни амалга оширишни самарали ташкил этиш энг муҳим масаладир.
Жорий йил вилоятимизда 1441 нафар фермер хўжаликлари билан жами 103 минг 630 тонна дон етиштириш бўйича контрактация шартномалари тузилган. Айни пайтда 40 минг 600 гектар сувли, 2 минг 800 гектар лалми майдонларда бошоқли дон экилиб, парвариш қилинмоқда.
Вилоятимизда ғалла ривожининг ўтган йилга нисбатан 10-12 кун орқада қолаётгани деҳқон-фермерларимиздан янада фаоллик ва шижоатни талаб этмоқда.
Жорий йил қиш мавсумининг ўта қуруқ ва совуқ келгани ғаллачилик йўналишидаги фермерларимизга бирмунча ноқулайликлар туғдирди.
Лекин ишнинг кўзини билган, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам тўғри иш юритган, умуман қишлоқ хўжалигини яхши тушунган деҳқон учун аслида 2018 йил жуда қулай ва баракали келаётганини бугун барчамиз ҳис қилиб турибмиз.
Ўзингизга маълумки, эртанги ҳосил мамлакатимиз иқтисодиётининг янада юксалишида, жамиятимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилишида, қолаверса, ўзимизнинг турмушимиз фаровон — фарзандларимизнинг иқболи юксак бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда бир ёқадан бош чиқариб, мавсумни кўтаринки руҳда ўтказиш нафақат бурчимиз, балки виждон амрига ҳам айланиши зарур.
Бугун деҳқон, фермер учун айни ишлайдиган давр келди. Деҳқон заҳмат чекмаса, натижа кутилгандек бўлмайди. Шу боис, ҳамиша бу анъанага амал қилиб кам бўлмадик. Халқимизда меҳнат қилган одам барака топиши, эъзозланиши, рағбатланиши илғор деҳқон-фермерларимиз фаолиятида ўз исботини топаётганига барчамиз гувоҳмиз.Ҳақиқий фермер, аввало, ерни севиши, у билан тиллаша олиши, унга садоқат билан хизмат қилиши керак. Шундагина она замин ҳам деҳқонни ўз неъматлари билан сийлайди.
Қадрли юртдошлар!
Бугун олдимизда ўта муҳим, агротехник тадбир турибди, бу чигит экишни қисқа муддатларда якунлаш ва тўлиқ кўчат олиш тадбиридир.
Вилоятимизда 2018 йил ҳосили учун чигит экиш мавсумини 29 мартдан бошлаб 11 апрелгача якунлаш бўйича барча чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Бу йил пахта ҳосили учун 1274 та фермер хўжалигининг 4069 та контуридаги 33,288 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган.
Жорий йил ёғингарчилик кам бўлаётгани сабабли чигитни тупроқнинг табиий намига ундириб олиш барча масъуллар ва фермерлардан ўта омилкор бўлишни талаб этмоқда.
Бу йил барча ҳудудларда ҳар бир чигит экиш агрегатларидан максимал фойдаланиш, уларнинг иш унумини 30-40 фоизга оширишимиз шарт.
Пахтакор деҳқонларимиз жуда яхши билади, баҳорда бир кун кеч экилган чигит, кузда пахтанинг пишиб етилишини 15-20 кунга орқага суриб юборади. Натижада, қанча ҳосил йўқотилиши ва қанча ҳосил паст сортларга сотилиши оқибатида миллиард-миллиард сўм маблағ ҳавога совурилади.
Бу йил чигит экишни қисқа муддатларда якунлаш мақсадида "Чигит экиш тактикасини" мутлақо янги тизим бўйича ташкил этишимиз лозим.
Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда 10 кун ичида ёки 10 апрель кунига чигит экиш ишларини тўлиқ якунлаш ва 20 апрелга қадар тўлиқ ниҳол ундириб олиш учун барча имкониятларни ишга солишимиз шарт.
Қадрли деҳқон-фермерлар!
Муҳтарам Юртбошимизнинг "Дала маданияти — фермер мажбурияти" деган умрбоқий шиори барча фермерларнинг қалбига метиндай муҳрланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Биз Сиз деҳқон-фермерларнинг ушбу шиорни ҳамиша ўз фаолиятингизда дастуриламал қилиб белгилашингизга ва албатта, шу шиорга муносиб тарзда дала деҳқончилик ишларини ташкил этишингизга, ҳақиқий фидойилик намуналарини кўрсатишингизга ишонамиз. Бундай дейишимизнинг боиси шуки, Навоий замини лафзи ҳалол, кўнгли тоза, меҳнаткаш, меҳмондўст, асл соҳибкорлар, боғбонлар, сабзавоткорлар, бир сўз билан айтганда, миришкор деҳқонлар юртидир.
Таъкидлаш жоизки, фермерлар бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётининг ҳал қилувчи, ҳаракатлантирувчи кучидир.
Азиз фермерлар! Сиз бугун оддий фермер эмас, қишлоқдаги етакчи куч, иқтисодий бақувват мамлакат таянчи ва меҳрибон мураббийсиз!
Шундай бўлсада, Сизнинг янада иқтисодий бақувват бўлишингиздан давлатимиз, халқимиз манфаатдор. Барчамизга маълумки, Сизнинг халқимиз дастурхони тўкин сочинлиги йўлидаги фидокорона заҳматингиз, ўз фароғатингиздан кечиб, далангизда экин-тикинларингиз атрофида парвона бўлиб айланишингиз замирида ҳам фарзандларимиз бахт-иқболи, фаровон турмуш ва тинч-осойишта ҳаёти турганлиги ҳам айни ҳақиқат.
Кенг майдонларга дон сепиб, чигит қадаш билан иш битмайди. Уларни яхши парваришлаш, ўз вақтида агротехник тадбирларини ўтказиш, жумладан суғориш, чопиқ қилиш, озиқлантириш ва турли зараркунанда ҳамда касалликларга қарши курашиш учун зарурий чораларни кўриш даркор.
Сиз хайрли ишингиз билан муҳтарам Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга муносиб ҳиссангизни қўшишингизга ишонамиз.
Бу борада барчангизга куч-ғайрат ва тинмас шижоат, оилангизга эса тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламан!