Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Аввало, Сиз азиз соҳа фидойиларини шарафли касб байрамингиз — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган соҳа обрў-эътибори ва нуфузи ҳақида сўз юритар эканмиз, том маънода кўз ўнгимизда холислик ва ҳаққонийликни ўзларига шарафли бурч деб билган олийжаноб ва масъулиятли касб эгаларини тасаввур қиламиз.
Зеро, муҳтарам юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда, "Оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади".
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувидан сўнг ўзбек матбуотининг жамиятда тутган ўрни қисқа даврда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Жумладан, муҳтарам юртбошимизнинг матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, журналистлар ва ёзувчилар уюшмалари фаолиятини янада ривожлантириш, айниқса, "Илҳом" фонди ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисидаги фармон ва қарорлари соҳа тарихидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Бугун Навоий матбуоти ва журналистикаси хусусида сўз юритар эканмиз, аввало, бу соҳа ўзининг бир асрлик ҳаёт йўли, бой тарихи билан ҳар жиҳатдан биз учун ибрат мактабидир.
Албатта, шундай қувончли кунларда ўзларининг серқирра ижоди ва фидойилиги билан вилоятимиз матбуотини яратишга, ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган марҳум журналистлар — Қосим Ҳасанов, Маҳмуд Мардиев, Улаш Нурманов, Умид Сатторов, Малика Тўхтаева, Абубакир Шектибаев ва бошқа бир неча ўнлаб жонкуяр соҳа фидойиларининг номларини ёдга олиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бундан ташқари, устозлар анъанасини изчил давом эттириб, узоқ йиллар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган азиз фахрийларимиз — Ҳамдам Эшонқулов, Раҳим Мақсудов, Лидия Экономова, Одил Ҳотамов, Салима Умарова, Ольга Сашина, Иброҳим Жумаев, Шарбат Мухторова ва бошқа устозлар меҳнати ҳам шундай юксак қадр-қимматга лойиқдир.
Бугун ҳаётимизда рўй бераётган воқеликларни кенг ёритишда вилоятимизда самарали фаолият олиб бораётган 42 та оммавий ахборот воситаси, 80 дан ортиқ матбаа-ноширлик субъектлари, қатор матбуот хизматлари, республика матбуотининг вилоят мухбирлари сидқидилдан хизмат қилишмоқда.
Шундай қувончли кунларда алоҳида эътироф этиш керакки, навоийлик ижодкорлар орасида 2 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, 1 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 4 нафар "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари нишондорлари, 4 нафар "Шуҳрат" медали соҳиблари борлиги барчамизни қалбимизни чексиз ғурурга тўлдиради.
Шунингдек, соҳа фидойилари орасида бир неча ўнлаб "Олтин қалам" миллий мукофоти, "Йилнинг энг фаол журналисти", "Энг улуғ, энг азиз", "Жамият ва мен" сингари нуфузли республика танловлари ғолибларининг меҳнат қилаётганлиги барчамизнинг фахримиздир.
Шу ўринда, ўз истеъдоди, ижоди, ўткир қалами ва қудратли сўзи билан матбуотимиз ривожи ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган Сиз ижод аҳлининг фидокорона меҳнатингизни ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини кенг тарғиб этиш ва жамиятни соғломлаштириш жараёнларда фаол иштирок этиб келаётган Сиз соҳа фидойиларига ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Қадрли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, Сизларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, куч-қувват ва узоқ умр тилайман.
Ватанимиз тараққиёти, матбуотимиз ривожи йўлида олиб бораётган эзгу ишларингизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Байрамларингиз муборак бўлсин!