Қадрли дўстлар!
Она табиатимиз уйғониб, бепоён дашту далаларимиз яшил либосларга бурканаётган, кўклам нафаси уфуриб, кўнгилларимизни беғубор ҳис-туйғулар, орзу-ҳаваслар, улкан ютуқ ва марралар сари шижоатга тўлдираётган ушбу қутлуғ кунларда, барчамиз тинч ва осойишта юртимизнинг яна бир қадимий шодиёнаси — Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик, келажагимизга бўлган юксак ишонч билан кутиб олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми, меҳр-оқибат ва эзгулик, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, миллий қадриятларимиз тимсоли, шарқона янги йилимиз бўлган Наврўзи олам билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Энг муҳими, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган шундай қадриятларимиз борлигидан ғурурланиб, барчамизни шундай мунаввар кунларга, Наврўз айёмига, тинч-осуда ҳаётга, яхши кунлар роҳатини кўришга етказгани учун мустақиллигимизга ҳар қанча шукроналар айтсак, арзийди албатта.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бу йилги Наврўз байрамининг ташрифи муборак жума кунига тўғри келиши, жорий йилда байрамни муносиб нишонлашга оид давлатимиз раҳбари томонидан махсус қарор қабул қилиниши, "Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!" эзгу шиори остида кенг нишонланаётгани, кўкламнинг баракали келаётганлиги қалбимизга олам-олам қувонч бағишлайди.
Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг "Наврўзи олам том маънода ўзининг руҳи ва ғоялари билан инсоннинг доимо она ер ва табиат билан ҳамнафас бўлиб яшаши, ҳар қайси одамнинг қалбида, унинг дини ва миллатидан қатъи назар, яшамоқ ва яратмоқ интилишларини уйғотиш, аҳиллик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиб келмоқда", деган сўзлари бу қадрият ҳар бир миллат учун ардоқли эканлигини англатади.
Қолаверса, Наврўз байрами нафақат ўзбек халқининг, балки барча миллат ва элатларнинг ҳам севимли байрамига, халқлар дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамловчи воситага айланди. Зеро, эзгулик рамзи бўлган бу байрам шунчаки оммавий тадбир эмас, балки турли миллатларга маънавий қувват берувчи, уларни бир-бирига жипслаштирувчи, улар қалбида муқаддас Ватан туйғусини мустаҳкамловчи бебаҳо қадриятдир.
Албатта, обод масканларга ҳар қанча байрамлар, тўйлар ярашади. Шу нуқтаи назардан вилоятимизда ҳам Наврўз айёмини қизғин ва муносиб кутиб олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарларда, қишлоқ, овул, маҳалла ва гузарларда, кўча ва хиёбонларда олиб борилган оммавий ҳашарлар, гул-кўчат ўтқазиш, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида барча аҳоли манзиллари обод масканларга айланди.
Қадрли дўстлар!
Шундай ёруғ ва мунаввар кунларда вилоятимизнинг барча аҳлини яна бир бор Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Доимо юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду хуррамлик аримасин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!