Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллигини кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча вилоятимиз аҳлини муқаддас айём — Конституциямиз қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Шуни алоҳида эътироф этмоқчиманки, жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юксак даражада, Конституциямизда белгиланганидек, халқаро демократик тамойиллар асосида ташкил этилиб, ҳар бир сайловчи ўзи танлаган муносиб номзодига овоз берди.
Ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этган халқаро кузатувчилар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам сайловнинг миллий қонунчилигимиз талаблари асосида кўтаринки руҳда ўтганлигига ишонч ҳосил қилдилар, халқимизнинг жипслигига, бирдамлигига яна бир бор тан бердилар.
Бўлиб ўтган сайлов жараёнида республикамиз бўйича сайлаш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 87,7 фоизи иштирок этиб, уларнинг 88,6 фоизи якдиллик билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз берди.
Вилоятимизда эса сайловда қатнашган 550 362 нафар сайловчининг 480 427 нафари, яъни 89,5 фоизи Шавкат Мирзиёевга овоз берди.
Фурсатдан фойдаланиб, сайловнинг юқори савияда ўтганлиги ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан барчангизни самимий табриклайман.
Шу ўринда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида фаол иштирок этганларга ўзим номимдан, қолаверса, вилоятимиз фаоллари номидан чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, куни кеча мамлакатимизнинг сайланган Президенти ҳурматли Шавкат Миромонович халқ билан видеомулоқот тарзида учрашиб, халқимиз бахти саодати учун жонини фидо қилиб, бор имкониятини ишга солган ҳолда хизмат қилишини билдирганлиги барчамизнинг қалбимизда келажакка янада ишонч, фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди.
Албатта, буларнинг барчаси Конституциямизда белгиланган нормаларнинг ҳаётийлиги ҳамда мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти шаклланганининг ёрқин ифодасидир.
Конституциямиз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, навқирон вилоятимизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим.
Аввало, ортда қолаётган "Соғлом она ва бола йили" барчамиз учун улкан муваффақиятлар йили бўлди, десам, асло муболаға эмас. Жумладан, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида олдимизга қўйилган барча вазифалар юқори суръатларда бажарилиб, бу орқали юртимиз равнақига, турмушимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшилди.
Давлат дастури доирасида режадаги 347 миллиард сўм маблағ ўрнига қарийб 398 миллиард сўм маблағ сарфланганлиги нақадар аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу каби хайрли ва эзгу ишларимиз келгуси йилда ҳам давом этади, албатта.
Бош Қомусимиз тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг ҳам ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Бу борада давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш борасида қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эса ушбу соҳанинг янада тараққий этишида муҳим ўринга эга бўлиб келмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрдаги Фармони ушбу тармоқда янги босқични бошлаб берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Конституциямизда ҳар бир фуқаро малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир қабул қилган қарорига асосан келгуси йилдан четдан олиб келинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиз, чакана савдода эса улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари қўлланилиши ҳамда 167 номдаги дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббий буюмлар учун муайян нархлар белгиланганлиги юртдошларимизни зарур дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан арзон ва сифатли таъминлаш имконини яратади.
Том маънода, Бош Қомусимиз халқимиз бугуни ва келажагининг ҳуқуқий кафолатларини белгилаб берган муҳим ҳужжат сифатида фуқароларимизнинг бахтли яшаши, турмуши янада фаровон бўлиши учун ҳам хизмат қилмоқда.
Хусусан, яқинда муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорга асосан мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам аҳоли учун қулай ва арзон нархдаги уй-жойлар бунёд этилиши барчамизни, айниқса, қишлоқ аҳлини беҳад қувонтириб юборди. Насиб бўлса, вилоятимизда келгуси йилнинг ўзида 1185 та худди шундай уй-жойлар бунёд этилиб, минглаб оилаларнинг турмуши янада фаровон бўлишига эришилади. Шунингдек, Навоий шаҳрининг истиқболдаги бош режасига асосан шаҳар ҳудудида 40 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилаётгани, келгуси йили 1 сентябргача 210 квартирали 5 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилиши халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади, албатта.
Халқимиз манфаати йўлида келгусида вилоятимизнинг Кармана тумани марказининг санитар ҳолатини яхшилаш мақсадида қарийб 58 километр масофадаги канализация тизимлари қурилиши бўйича дастлабки ишларнинг бошлаб юборилганлиги эса яқин йилларда ҳудудда истиқомат қилаётган 42 минг нафардан ортиқ аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим омил бўлади.
Албатта, қўлга киритилаётган ютуқларимиз, фидокорона меҳнатимиз ҳар доим давлатимизнинг эътиборидадир. Жорий йилда муносиб хизматлари учун тақдирланган 24 нафар вилоятимиз фидоий инсонларига Конституциямизнинг 24 йиллик байрами арафасида Давлат мукофотларининг тантанали топширилгани барчамизнинг қалбимизга олам-олам қувонч бағишлади.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун вилоятимиз аҳлини яна бир бор Конституциямиз қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!