Азиз дўстлар, қадрли меҳмонлар!
Ҳурматли олимлар ва тадқиқотчилар, ижодкорлар ва маънавиятимиз фидоийлари!
Аввало барчангизни шу кунларда нишонланаётган халқимизнинг ҳақиқий адабиёт байрами — ўзбек сўз санъати тарихида ўчмас из қолдирган, буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг қутлуғ 577 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Фурсатдан фойдаланиб, "Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни" мавзусидаги II анъанавий халқаро илмий конференциямизга ташриф буюрган иштирокчиларга, чет эллик меҳмонларимизга, барча адабиёт ихлосмандларига гўзал ва навқирон Навоий шаҳрига хуш келибсизлар, дейман.
Барчангизга маълумки, Алишер Навоий дунё тарихида муносиб ўрин олган етук алломадир.
Буюк бобомизнинг нафақат ижод, балки сиёсат, маданият, ободончилик ва бунёдкорлик соҳаларидаги беназир хизматлари умумбашарият томонидан ҳамиша эътироф этилади.
Навоий ҳазратлари шарафини улуғлаш, бебаҳо асарларини юксак қадрлаш, келажак авлодларга етказиш бугун барчамизнинг муқаддас бурчимиз десак, тўғри бўлади.
Шу боис, мамлакатимизда ҳар йили дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғшоирнинг туғилган куни адабиёт ва маънавият байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йилдан буён Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятимизда буюк мутафаккир шоирнинг таваллуд айёмида анъанавий тарзда халқаро конференция ўтказиб келинаётгани эса, барчамизга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бугунги анжуманимизга Корея Республикаси, Кувайт, Туркия, Россия, Озарбайжон, Афғонистон ва бошқа кўплаб мамлакатлардан дунёнинг етук навоийшунос олим ва тадқиқотчилари иштирок этаётгани халқаро конференциянинг нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Биз навоийликлар улуғ бобокалонимизнинг бой маънавий меросини ҳаммадан кўпроқ билишимиз ва ўрганишимиз, бу борада бошқаларга ўрнак кўрсатишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, вилоятимиз ва шаҳримизнинг севимли шоиримиз номи билан аталиши барчамизга ғурур бағишласа, кўплаб бино ва иншоотларимиз тимсолида улуғбобокалонимиз асарлари қаҳрамонларини ҳис этиб турамиз. Хусусан, муҳташам "Фарҳод" ва "Ширин" маданият саройлари, "Лайли" ва "Мажнун" савдо мажмуалари, Алишер Навоий номидаги миллий боғ, кўча ва хиёбонлар фикримизнинг амалий ифодаси сифатида улуғ бобокалонимизга бўлган юксак эҳтиром ва беқиёс ҳурмат рамзидир.
"Авлиёларнинг авлиёси", "Мутафаккирларнинг мутафаккири", "Шоирларнинг султони", дея эътироф этилган улуғ алломанинг ҳаёт йўлини ўрганиш, асарларини таҳлил ва талқин қилиш ёшларимизни ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб камолга етишида муҳим ўрин тутади.
Халқаро конференциямизнинг асосий мақсади ҳам баркамол авлод қалбида ватанпарварлик, эзгулик ва она юртга, халқига фидойилик билан хизмат қилиш туйғуларини кучайтиришга қаратилган. Зеро, бугун бутун дунёда ҳазрат Навоий қолдирган маънавият хазинасининг юксак қадрланаётганлиги жаҳон кенг жамоатчилигининг маънавиятимизга, адабиётимизга бўлган чексиз эътибори намунаси, деб ҳисоблаймиз.
Алишер Навоийнинг илм-фан ва бадиий ижод соҳасида амалга оширган ишлари, жумладан, назм, наср, тарих, дин, тасаввуф, адабиётшунослик, тилшунослик йўналишларида яратган дурдона асарлари асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб келмоқда.
Буюк бобокалонимизнинг ўз даврида давлат арбоби, муҳрдор, вазир ва ҳоким сифатида ном қозониб, халқпарвар инсон тимсолида тарихда қолгани, юрт тинчлиги, фаровонлиги, ободлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишларни амалга оширгани барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунасидир.
Зеро, "Ҳайрат ул-аброр" асарида халқ ғамини емайдиган, унинг дардини ўйламайдиганларни ҳақиқий инсон деб бўлмаслиги баён этилгани, "Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон, Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам" ёки "Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами" каби пурмаъно мисралари улуғшоиримизнинг нақадар халқпарвар бўлганлигининг ёрқин намунасидир. Навоий асарларида улуғланган ана шу эзгу фазилатларни барчамиз бугунги кунимизнинг ҳам шиори эканлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Алишер Навоий томонидан туркий ва форсий тилларда яратилган энг бебаҳо асарлар, нодир девонлар, шоҳбайтлар беш ярим асрдан зиёд вақтдан буён инсоният йўли ва қалбини маърифат нурлари билан мунаввар этиб келмоқда.
Ҳазратнинг қарийб 52 минг мисралик Шарқ "Хамса"си ижод оламига янги руҳ олиб кирган бўлса, "Хазойин ул-маоний", "Назм ул-жавоҳир", "Девони Фоний" каби асарлари бугун ҳам жаҳон адабиёти хазинасини бойитиб, ўз мавзуси, бадиияти билан инсониятни ўзига мафтун этиб келмоқда.
Қадрли конференция иштирокчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинчлик-осойишталик, бугун ўз фаолиятини бошлаётган халқаро конференция ишига эса, муваффақиятлар тилайман.
Бугунги халқаро конференциямиз ҳам келажакда Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ хайрли ишларга пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонаман.