Азиз юртдошлар!
Бугун халқимиз аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган Мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги байрамини қалбларда юксак ғурур ва ифтихор билан кенг нишонламоқда.
Айниқса, жорий йил ушбу айёмнинг "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" эзгу ғояси остида ўтказилаётганлиги барчамизга чексиз қувонч бағишлайди. Шу фурсатдан фойдаланиб, энг азиз айёмни катта тараддуд ҳамда меҳнат зафарлари билан қарши олаётган бутун вилоятимиз аҳлини — Истиқлолимизнинг қутлуғ йигирма етти йиллик байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Қадрли дўстлар!
Ўтган давр ичида юртимизда эътибор қаратилмаган, янгиланмаган, ислоҳот амалга оширилмаган бирорта соҳа қолмади. Бу эса ўз-ўзидан ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий йўналишларда кенг кўламли ўзгаришларга имконият яратди. Бу каби эзгу ва хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган муҳтарам Юртбошимиз бизга барча соҳадагиғайрат ва шижоатлари билан ўрнак бўлмоқдалар. Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, "Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур".
Шу жиҳатдан байрамдан байрамга қадар вилоятимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва эришилган ютуқларга назар ташлар эканмиз, мисли кўрилмаган марралар забт этилганлигининг гувоҳи бўламиз.
Буни энг аввало, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросида кўришимиз мумкин.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур дастур доирасида 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига халқимиз манфаатига хизмат қиладиган 80 та чора-тадбир амалга оширилди. Энг муҳими, бу орқали фуқароларимизнинг кўп йиллик орзуси бўлган уй-жой билан боғлиқ масалаларга адолатли ечим топилди.
Ўтган йили вилоятимиз қишлоқ ва шаҳарларида арзон уй-жойлар қуриш дастурига мувофиқ 8500 нафар фуқаро замонавий хонадонларга кўчиб ўтган бўлса, жорий йилда 11 500 нафар аҳолига янги уйларнинг калитлари топширилади.
Муҳтарам юртбошимизнинг алоҳида эътиборлари билан жорий йилда вилоятимизнинг 16 та қишлоғида "Обод қишлоқ" дастури доирасида 302 миллиард сўмлик ишлар якдиллик билан олиб борилмоқда. Шунингдек, "Обод маҳалла" дастури доирасида 2 та шаҳарнинг 5 та маҳалласида 64 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш тадбирлари давом этяпти. Истиқлол байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда ушбу аҳоли пунктларининг бештаси катта тантана билан фойдаланишга топширилди.
Вилоятимизда жорий йилда Инвестиция дастури асосида умумий қиймати 127 миллиард сўм бўлган 93 та ижтимоий ва инфратузилма соҳа объектларининг бунёд этилаётгани эса халқимиз учун муносиб байрам туҳфаси бўлмоқда.
Шунингдек, "Yoshlar — kelajagimiz" Давлат дастури доирасида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан 22,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунга қадар тижорат банклари томонидан 14 нафар ёшга ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш учун 698 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу билан бирга, "Ҳар бир оила — тадбиркор" Давлат дастури доирасида 70,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу ҳар бир оила тадбиркорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Вилоятимизда барча соҳалар каби, қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан 2,7 миллиард сўм маблағлар тижорат банкларига ажратилиб, бугунги кунга қадар 16 та деҳқон, ер эгалари ва фермерларга жами 201 миллион сўм имтиёзли кредит сифатида тақдим этилди.
Аҳолини, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бу йил вилоятимизда 36 мингта иш ўрни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда, 2018-2019 йиллар давомида 493 та янги лойиҳанинг ишга туширилиши бу муаммони ижобий ҳал этишга замин яратади.
Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳтарам юртбошимиз томонидан қабул қилинган муҳим қарор асосида 50 та уй-жойга муҳтож, 250 та уй-жойи таъмирталаб, 700 та маиший техника воситаларига эҳтиёжи бўлган ва 60 та тиббий ёрдамга муҳтож оила муаммоларининг ижобий ечими учун 12,9 миллиард сўмлик маблағлар йўналтирилаётгани ҳам ижтимоий ҳимоянинг ёрқин исботидир. Бугунги кунга қадар ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 3,7 миллиард сўмдан ортиқ маблағйўналтирилди.
Шунингдек, муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан вилоятда оғир вазиятга тушиб қолган аёлларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилгани амалий ишларимизнинг яна бир кўринишидир.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда саховатпеша корхона, ташкилот ҳамда тадбиркорларимиз томонидан 76,8 миллиард сўмлик ҳомийлик ишлари амалга оширилди. "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонаси, "Navoiyazot", "Qizilqumsement", "Navoiy issiqlik elektr stansiyasi" акциядорлик жамиятлари ва бошқа бундай хайрли ишларга ўзининг беминнат ҳиссасини қўшган ташкилотларнинг саховатини мамнуният билан эътироф этамиз.
Айни кунда вилоятимизда 26 минг нафардан зиёд фарзандларимиз мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Жорий йилда 11 та янги боғча бунёд этилган бўлса, 12 тасида реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорларимиз томонидан 120 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилаётгани яна 11 минг нафардан ортиқ болажонларимизнинг замонавий тарбия масканларига қамраб олинишига имкон яратади. Натижада 50 фоиз, яъни 40 минг нафарга яқин фарзандларимиз мактабгача таълим муассасаларига жалб этилади.
Албатта, бу ютуқлар вилоятимиз аҳлининг ҳалол, пок ва фидокорона меҳнатларининг самарасидир. Бундай меҳнат эса ҳар доим муҳтарам Юртбошимизнинг эътиборида бўлиб келмоқда.
Мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма етти йиллиги байрами арафасида мамлакатимиз раҳбарининг фармонига асосан бир гуруҳ вилоятимиз фаолларининг давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганликлари фикримизнинг ёрқин исботидир. Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор уларни Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан табриклаймиз.
Азиз дўстлар!
Яна бир бор Сизларни Истиқлол айёми билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз ҳамиша омон бўлсин!