Бугун: 12 Авг 2022 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ


Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари вилоят Кенгаши 

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги 657-сонли Қонуни маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.

 2. Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни (кейинги ўринларда - Қонун деб аталади)га асосан 2021 йилда:

а) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоят бюджети ҳамда туман ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:

Қонунга мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетига ажратма қилинган 62 фоиз миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумлар (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари);

фойда солиғидан тушумлар (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари);

б) вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи;

қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божларидан ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;

айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлардан ва ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғимидан ташқари;

автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар;

қонунчиликда белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;

давлат активларини жойлаштиришдан фойдаланишга (ижарага) беришдан ва сотишдан қонунчиликда белгиланган нормативлар бўйича  олинган даромадлар;

в) мобиль алоқа хизматлари ва алкоголь маҳсулоти, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича тушумлар тегишинча 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади;

г) қуйидаги солиқ турлари туман ва шаҳарлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромади бўйича декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

айланмадан солиқ.

Навоий шаҳар ва Томди тумани маҳаллий бюджетлари даромадларининг харажатларидан юқори бўлганлигини инобатга олиб, Навоий шаҳрида қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ вилоят бюджетига олинсин ҳамда Томди туманида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ вилоят ва туман бюджетлари ўртасида тенг улушларда тақсимлансин.

3.  Навоий вилоятининг 2021 йилги вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича прогноз кўрсаткичлари 1-иловага, 2021 йил учун вилоят бюджети даромадлари прогнозлари 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

4. Вилоятнинг вилоят бюджетидан 2021 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Туман ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меъёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят Ғазначилик бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

6. 2021 йил учун туман ва шаҳарларнинг бюджет даромадлари ва харажатлари прогнозлари 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

7. Вилоят бюджетидан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетлари даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

8.  2021 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 6,5 млрд. сўм миқдорида белгилансин.

Вилоят, туман ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларини бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

9. 2021 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5956,4 млн. сўмни ҳамда туман ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 7-иловага, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлоқ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 8-иловага, жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини ерларидан ташқари) мутлоқ миқдорда 1 кв.м. учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Вилоятнинг вилоят бюджети, туман ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлари тегишли равишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.

Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарорларини қабул қилади.

11. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ:

вилоят ҳокимлиги чораклар якуни бўйича Қонуннинг 6-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Вазирлар Маҳкамасига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан;

туман ва шаҳарлар ҳокимликлари чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг 5-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилиши тўғрисидаги белгиланган тартибга амал қилсинлар

12. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

13. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари:

тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин;

туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларида уларнинг натижаларини жойлаштириб борилишини таъминласин.

14. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш юзасидан тегишлилиги бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига маълумот киритиб борсин.

15. Мазкур қарор “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталарида расмий эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

16. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

17. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (О.Ҳасанов) ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Т.Ўринов) зиммасига юклатилсин.

бюджет карор.pdf

Кенгаш раиси                                                            К.Турсунов



Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus