Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 19 август куни давлат ташрифи билан Пекинга келди. 



Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик юксак даражага кўтарилди. Мамлакатларимизнинг миллий манфаатларига, Ўзбекистон ва Хитойнинг иқтисодий тараққиётига, жаҳондаги нуфузи юксалишига хизмат қиладиган бу алоқалар, аввало, Ислом Каримов ва Си Цзиньпин ўртасидаги дўстлик, мустаҳкам ишонч негизида, шунингдек, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация руҳида тараққий этмоқда. 

Бу икки давлат раҳбарлари мунтазам учрашиб, ўзаро муносабатларни янада юқори поғонага кўтаришнинг янги имкониятларини очиш ва ишга солиш, Ўзбекистон ва Хитойнинг барча соҳалардаги салоҳиятини тўла юзага чиқариш борасида фикр алмашиб келаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга ташрифи чоғида ўттиздан ортиқ сармоявий лойиҳани амалга оширишга қаратилган умумий қиймати 5,3 миллиард АҚШ долларига тенг ҳужжатлар имзоланган эди. ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида яна 15 миллиард долларлик лойиҳаларни кўзда тутувчи 31 ҳужжат имзоланди. 

Ислом Каримов ва Си Цзиньпин жорий йил май ойида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити доирасида Шанхай шаҳрида ҳам учрашдилар. 

Бу галги ташрифнинг асосий воқеалари 19 август куни бўлиб ўтди. 

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. 

Шундан сўнг Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. 

Ислом Каримов Ўзбекистон томони Хитой раҳбарияти билан ҳар бир учрашувни юксак қадрлашини, бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади. 

Си Цзиньпин Ўзбекистонни Хитойнинг ишончли шериги деб билишини, икки томонлама ҳамкорлик узоқ муддатлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланаётганини қайд этди. 

Томонлар ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. 

ШҲТ доирасидаги муносабатлар, ушбу тузилмани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар ўзаро муносабатларнинг муҳим бўғини эканини инобатга олган ҳолда, ишбилармонларнинг бевосита мулоқотларини янада фаоллаштириш, савдо ва инвестицияга оид кўрсаткичларни юксалтириш, энергетика, нохомашё, юқори технологиялар, транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Ислом Каримов ва Си Цзиньпин музокарани Ўзбекистон ва Хитой расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирдилар. 

Ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги муносабатлар Буюк Ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, миллий қадрият ва анъаналаримиз жаҳон маданиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган, савдо алоқаларимиз эса дунё аҳлига ўз даврининг ноёб буюмларини тақдим этган. Бугун инсон ҳаётининг эҳтиёжларига айланган чой, пахта, ипак, қоғоз каби маҳсулотлар уларнинг бир қисми, холос. 

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада ана шундай узоқ тарихга эга иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ҳозирги замон руҳи ва талаблари асосида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири эканини қайд этиш жоиз. Хусусан, сўнгги олти йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробар ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 482 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг етмишдан зиёди тўлалигича Хитой инвестициялари ҳисобига ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 74 компанияси ўз ваколатхонасини очган. 

Хитой Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт суръатларини юксак баҳолашини ҳамда юртимизда иқтисодиётнинг янги юқори технологияли тармоқларини яратиш ва ривожлантиришга, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. 

Олий даражадаги келишувларга биноан, 2013 йилда “Жиззах” махсус индустриал зонаси шаклида Ўзбекистон-Хитой юқори технологиялар саноат парки ташкил этилди. Бу ерда мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жорий йилда “Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитой компанияларининг қиймати 50 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри сармояси иштирокида ўн бешдан ортиқ қўшма лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. 

Ҳамкорликнинг кўлами нақадар кенг эканини ёқилғи-энергетика мажмуи ҳам яққол намойиш этади. Хитойнинг қатор компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) нафақат истиқболли углеводород конларини топиш ва ўзлаштириш, балки Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда ҳам қатнашмоқда. Икки мамлакат ҳам Хитойга узлуксиз табиий газ етказиб беришни таъминловчи “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурини қуриш ва ишга туширишни стратегик муҳим аҳамиятга молик лойиҳа, деб билади. 

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ўзбекистон Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди. Мазкур йўналиш 124 километрлик электрлаштирилган Ангрен – Поп темир йўли қурилиши лойиҳасини ўз ичига олган. 2013 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси ўртасида Қамчиқ довонидан туннел орқали ўтадиган “Ангрен – Поп” темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Лойиҳа 19 километрлик темир йўл туннели қуришни кўзда тутади. Айни пайтда линиянинг 60 километрдан кўпроқ қисми қуриб битказилган. 

Молиявий соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки сингари молия институтларининг жами кредитлари ҳажми 4,5 миллиард доллардан ошади. Улар соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва телекоммуникация соҳаларига йўналтирилган. 

Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2003 йилда Хитойнинг Чанчунь шаҳрида ўтган VI жаҳон ҳайкалтарошлари форуми доирасида буюк миниатюрачи Камолиддин Беҳзод ҳайкали очилди. 

Ўзаро маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлашда “Ўзбекистон – Хитой” ва “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

2013 йил 15 май куни Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институтида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилди. 

2011 йилда Пекин ва Сиань шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиги, 2012 йилда Тошкент ва Самарқандда Хитой маданияти ҳафталиги ўтказилди. 2013 йилда Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида “Ўзбекистоннинг таниқли рассомлари асарлари” бадиий кўргазмаси ташкил этилди. 

Мамлакатларимиз маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Хитойда ўтадиган барча йирик маданий тадбирларнинг доимий иштирокчиларидир. Хусусан, Хитой санъаткорлари ҳар икки йилда Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам ва фаол қатнашиб келмоқда. 

Таълим соҳасида ҳукуматлар ва идоралараро, жумладан, ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш доирасида талаба ва стажёрлар алмашиш тобора кўпаймоқда. Тошкентдаги Конфуций номидаги институтда ҳар йили 350 дан зиёд тингловчи сабоқ олади. 2010 йилнинг июнь ойида Хитой миллатлар марказий университети рус тили ва Марказий Осиё халқлари тиллари факультетида ўзбек тили бўлими очилди. 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилиши йўлга қўйилди. 

Икки томонлама келишувга мувофиқ ва ШҲТ доирасида ХХР ҳукумати 2013-2014 ўқув йилида ўзбекистонлик 120 талаба ва стажёрга грант ажратди. Конфуций номидаги институт орқали Ланчжоу университетида ўзбекистонлик етмишга яқин талаба таҳсил олмоқда. 

Самарқанд шаҳрида Конфуций институтини ташкил этиш бўйича ўтган йили имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилади. 

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. 2010 йилдан Ўзбекистон Республикасига хитойлик сайёҳларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб саёҳат қиладиган туристик мамлакат мақомини бериш жараёни бошланди. Мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти «China Outbound Travel & Tourism Market-2013» (апрель, Пекин) ҳамда «WTF – 2013» (май, Шанхай) халқаро профессионал туризм ярмаркаларида кенг намойиш этилди. 

Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиань, Навоий ва Чжучжоу шаҳарлари, Тошкент вилояти ва Хунан провинцияси, Самарқанд вилояти ва Шаньси провинцияси ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганини ҳам таъкидлаш жоиз. 

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Си Цзиньпин бўлиб ўтган музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорлик руҳида ўтганини, муҳокама қилинган масалалар бўйича томонларнинг ёндашув ва қарашлари ўхшаш ва яқинлигини таъкидладилар. Эришилган келишувлар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди. 

Томонлар ушбу ташриф Ўзбекистон-Хитой муносабатлари тарихидан яна бир муҳим босқич сифатида жой олишини таъкидлар экан, олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга тайёр эканини билдирдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда. 

Кўрилганлар сони: 3359 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus