Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Ўзбекистон – Россия: стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлида


Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 10 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. 

Кўксарой қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг икки давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказди. 

– Россия Президентининг ушбу ташрифини Ўзбекистон – Россия сиёсий мулоқотлари ва турли даражадаги учрашувларнинг узвий давоми, томонларнинг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил ва самарали давом эттириш тарафдори эканининг ёрқин намунаси деб биламиз, – деди Ислом Каримов. 

Владимир Путин Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик давлат бўлиб, Россия Федерациясининг минтақадаги асосий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. 

Бугун дунёда вазият тез ўзгариб, глобал ва минтақавий миқёсда кескинлик ва геосиёсий қарама-қаршиликлар давом этаётгани, терроризм, экстремизм ва радикализм таҳдидининг тобора кенгайиб бораётгани, буларнинг Марказий Осиё ҳудудига бевосита ёки билвосита таъсир этиши мумкинлиги инобатга олинганда, ушбу музокараларнинг долзарблиги, аҳамияти янада ортиши қайд этилди. 

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома унинг асосини ташкил қилади. 2012 йил 4 июнда имзоланган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтирди. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Парламентлараро алоқалар ўзаро муносабатларни кенгайтириш ва ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. 

Ҳукуматлараро ва идоралараро ташрифлар мунтазамлик касб этган. Мамлакатларимизнинг ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида конструктив маслаҳатлашувлар мунтазам амалга оширилмоқда. 

Томонлар БМТ, ШҲТ, МДҲ сингари халқаро тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

– Биз 35 йилдан буён биродаркушлик уруши давом этаётган қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратдик, – деди Ислом Каримов. – АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ушбу мамлакат билан чегарадош ва яқин қўшни давлатлар учун жиддий синов бўлиши ва минтақа хавфсизлиги ҳамда барқарорлигига таҳдидлар юзага келиши билан боғлиқ масалалар бўйича ёндашувларимиз бир хил бўлди. Бундай таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш, ҳар қандай шакл ва кўринишдаги терроризм ва экстремизм ғоясини қабул қилмаслик муҳитини яратиш, уларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишининг сабабларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини қайд этдик. 

Президентлар музокарани икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги бўлиб келаётгани таъкидланди. Мамлакатимиз жами ташқи савдо айланмасининг бешдан бир қисми, МДҲ давлатлари билан савдонинг ярмидан кўпи Россия ҳиссасига тўғри келади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 900 га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 150 дан ортиғи тўла ушбу мамлакат сармояси асосида тузилган. Юртимизда Россиянинг «Вимпелком», «МТС» каби трансмиллий компаниялари муваффақиятли иш юритмоқда. Россиянинг кейинги 15 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 8 миллиард долларни ташкил этади. 

Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» каби нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштириш борасида фаолият олиб бормоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида ҳам узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Музокараларда товар айирбошлашни янада кўпайтириш ва диверсификация қилиш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. 

Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Тошкентда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиаллари фаолият кўрсатмоқда. 

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм бўйича вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Музокаралар якунида 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари, молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солишга оид ҳукуматлараро битимлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. 

Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаб олиш имконини берди. Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ҳамда фикрлари яқинлиги ёки бир хиллиги қайд этилди. 

Шу билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунига етди. Олий даражадаги мулоқотларнинг узвий давоми бўлган ушбу учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик муносабатларнинг муҳим йўналишлари ва узоқ истиқболлари белгилаб олинди. Бу Ўзбекистон ва Россия халқлари манфаатига хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади. 

 
Анвар Самадов, Меҳрибон Маметова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
Кўрилганлар сони: 3351 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus