Бугун: 22 Сен 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Ҳунармандларимиз халқаро фестивалда қатнашади


Маълумки, юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий топган, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқотадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган. Ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар меҳнати ниҳоятда машаққатли ва узоқ вақт меҳнат қилишни талаб этади.
Мамлакатимизда ҳунармандларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортида мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этиш, уларга божхона ва солиқ имтиёзлари бериш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар йўналишлари 25 тадан 34 тага етди. Ҳозирда улар ички ва ташқи бозор учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда. Бу маҳсулотлар сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда вилоятимизда 1 минг 103 нафар ҳунарманд 30 та соҳа бўйича фаолият олиб бормоқда. Қизилтепа туманида матолар билан ишлаш, кандакорлик, зардўзлик буюмлари, Кармана туманида кулолчилик, ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, чинни, фаянс ва сопол буюмлари йўналишлари, Нуротада миллий каштачилик, тош ўймакорлиги, майда ҳайкалтарошлик буюмлари, Навбаҳор туманида ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, мисгарлик буюмлари тайёрлаш анча ривожланган.
Давлатимиз раҳбарининг ҳунармандчиликка бераётган эътибори сифатида жорий йилнинг 10 15 сентябр кунлари Қўқон шаҳрида биринчи марта «Халқаро ҳунармандчилик фестивали»нинг бўлиб ўтиши қувончли воқеадир. Мазкур фестивални ташкил этишдан асосий мақсад Шарқ ва Фарбни туташтирган Буюк Ипак йўлини очиб берган, барча халқлар бозор иқтисодиётида азалдан муҳим ҳисобланган ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, соҳанинг анъаналари ва мактабларини сақлаш, қайта тиклаш, бу йўналишдаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга оширишдир. Бундан ташқари, ҳунармандчиликнинг Шарқ ва Ғарб маданияти, иқтисодиётидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, ўзбек халқи ҳамда бошқа халқларнинг ҳунармандчилик анъаналарини қамраб олиш, улар билан илмий, ижодий мулоқотлар ўтказиш ва ҳамкорлик қилиш ҳам асосий вазифалар қаторида туради.
Бугунги кунда вилоятимизда мазкур фестивалга тайёргарлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Унда энг моҳир деб топилган 60 нафар ҳунарманд ўз қўл меҳнати намуналари билан иштирок этишади. Ҳозирда улар каштачилик, кулолчилик, тош ўймакорлиги маҳсулотларида фестивал логотипи, вилоятимизнинг қадамжолари, буюк сиймолари акси туширилган санъат намуналари ясаб, йирик тадбирга пухта тайёрланишмоқда.
Фестивалда иштирок этишни ихтиёр қилган вилоятимиз ҳунармандлари сони кундан кунга ошиб бораётганлигини инобатга олиб, шунингдек, улар орасидан энг сараларини ажратиб олиш мақсадида «Мен Қўқон фестивалига бораман» шиори остида Кармана туманидаги «Ҳунарманд» марказида кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Умид қиламизки, яқинлашиб қолган халқаро фестивалда вилоятимиз ҳунармандлари ҳам муносиб иштирок этиб, ўлмас анъаналаримиз, умрбоқий ҳунарларимизнинг дунё томонидан яна бир карра эътироф этилишига ҳисса қўшишади.

Ж. ЖУМАЕВ,
«Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.

Кўрилганлар сони: 307 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus