Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Қулай сармоявий муҳит самараси


Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида саноатни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда маҳсулотларни қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр товарлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб бораётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 17 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган “Global Komsco Daewoo” корхонаси ана шундай изчил чора-тадбирлар самарасидир.

Янгийўл туманида фаолият олиб бораётган мазкур корхона тўла Жанубий Корея сармояси асосида тузилган. Бу ерда илғор технологиялар асосида пахта целлюлозаси ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотдан турли тармоқларда, хусусан, қоғоз саноатида кенг фойдаланилади.

Франция, Жанубий Корея ва Хитойдан келтирилган замонавий ускуналарда тайёрланаётган юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар харидорлар ишончини қозониб улгурган. Маҳсулотларнинг асосий қисми Жанубий Корея, Хитой, Индонезия, Германия, Франция, Нидерландия, Италия, Россия, Беларусь каби қатор мамлакатларга экспорт қилинади.

– Жаҳон бозорида харидоргир бўлган Ўзбекистон пахтаси маҳсулотларимизнинг юксак сифатини таъминламоқда, – дейди “Global Komsco Daewoo” корхонаси департамент директори Ким Вон Сук. – Ўзбекистонда хорижий ишбилармонлар фаол ва муваффақиятли бизнес юритиши учун барча шароит, қулай сармоявий муҳит яратилган. Корхонамиз 2017 йилгача даромад солиғи, мол-мулк солиғи, Республика йўл жамғармасига тўланадиган мажбурий тўловлардан, шунингдек, баъзи бож тўловларидан озод этилган. Ўзбекистонда муваффақиятли иш юритиш учун энг катта омил – бу мамлакатингизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир. Ўзбекистондек тинч, фаровон, изчил ривожланиб бораётган мамлакатда иш юритаётганимиздан хурсандмиз.

“Global Komsco Daewoo”да ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ошиб бораётир. Мисол учун, 2013 йилда ушбу корхона томонидан 5,5 минг тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 8 минг тоннадан ошириш режалаштирилган.

Маҳсулот сифатини назорат қилиш энг замонавий ускуналар ва ёрдамчи воситалар билан жиҳозланган махсус лабораторияда амалга оширилмоқда.

Корхонада 250 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Улар учун барча зарур меҳнат ва дам олиш шароити яратилган, "устоз-шогирд" анъаналари асосида ёшларга сабоқ бериш йўлга қўйилган.

– Тошкент автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежини тамомлаб, мазкур корхонага ишга жойлашдим, – дейди ёш мутахассис Сардор Алметов. – Ана шундай илғор корхонада меҳнат қилаётганимдан хурсандман. Келгусида ўқишни давом эттириб, етук мутахассис бўлиш, мамлакатимиз саноати равнақига ҳисса қўшиш ниятидаман.

Корхона жамоасининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Уларнинг юксак интеллектуал салоҳияти “Global Komsco Daewoo” фаолиятининг изчил ривожланишига кўмаклашмоқда.

Корхона жамоаси келгусида жаҳон бозорида талаб юқори бўлган лиоцелл толаси ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Дунёнинг саноқли давлатларида тайёрланадиган ушбу маҳсулот тури ўта чидамли бўлиб, саноатнинг турли тармоқларида кенг қўлланилади. Ундан, хусусан, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида фойдаланишнинг самараси юқори.

Мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар чет эллик ишбилармонлар билан, хусусан, Жанубий Корея бизнесменлари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишига, иқтисодиётимизнинг янада юксалиб, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда.

Кўрилганлар сони: 3740 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus