Бугун: 25 Авг 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодий салоҳият равнақига хизмат қилади


Маълумки, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12 13 март кунлари вилоятимизга ташрифи, фаоллар, масъул ва мутасаддилар билан бўлган йиғилиш чоғида ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берган эди. Президентимиз Навоий вилоятини инновацион ва юқори технологияларга эга, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарувчи эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф этди.

Шунга асосан, «Навоий» эркин иқтисодий зонасида Халқаро бизнес-форумини ўтказишга қизғин тайёргарлик бошланди. Унга қатор нуфузли хорижий ишлаб чиқариш ва сайёҳлик компаниялари ҳамда юртимиздаги йирик бизнес субъектлари раҳбарлари, ишбилармон доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки кутилмоқда. Бу муҳим анжуман доирасида малакали экспертлар иштирокида конференциялар, сессия ва давра суҳбатлари уюштирилади.

Таъкидлаш лозим, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тараққий эттириш учун зарур шароит яратишга қаратилган. Бу мақсадга эришиш учун эса ҳар бир ҳудудни табиий ва географик нуқтаи назардан ривожлантириш талаб этилади. Шу боис ҳукуматимиз томонидан иқтисодий, ижтимоий ривожлантириш, туризм ва сервис хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилган ва муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Юртимизда қатор ерости бойликлари — нефт ва табиий газ, уран, олтин, кўмир, кумуш, волфрамнинг катта захираси мавжудлиги сир эмас. Шу сабабли республикамизда кончилик, нефтни қайта ишлаш, рангли ва қора металлургия, олтин қазиб олиш саноати тараққий этган. Юртимизнинг асосий ерости бойликлари эса Қизилқум воҳасида жойлашган. Уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мақсадида ташкил этилган Навоий кон-металлургия комбинати, «Навоиязот», «Қизилқумсемент», «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятлари, озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналари ташкил этилган. Бу ҳудудда, шунингдек, минераллашган, артезиан ерости сувлари ҳам мавжуд.

Мамлакатимизда фаолияти йўлга қўйилаётган эркин иқтисодий зоналар ҳам асосан қазилма бойликларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқаришга йўналтирилмоқда. 2008 йилда ташкил этилган «Навоий» ЭИЗ уларнинг дастлабкиси саналади. Айни кунда у 645 гектар майдонни эгаллайди. Бу ҳудудда жойлашган халқаро аэропорт, автомобил ва темир йўллари унинг жозибадорлигини янада оширмоқда. Халқаро Бизнес-форум учун айнан ушбу ташкилот танлангани бежиз эмас, албатта. Вилоятимизнинг географик жойлашуви бунда асосий омил саналади. Қулайлиги боис қадимда бу ердан савдо карвонлари, Хитой, Ўрта Ер денгизи орқали Европага чиқувчи Буюк Ипак йўли ўтган.

Бундан ташқари, воҳамиз Бухоро, Самарқанд каби қадимий шаҳарлар оралиғида жойлашган, тарихий-меъморий обидаларга ҳам бой. Айниқса, сайёҳлар орасида 20 квадрат километр кенгликдаги «Сармишсой» дарасининг довруғи жуда юқори. Бу «осмон остидаги музей» 10 мингдан ортиқ петроглифлари билан киши эътиборини тортади. Форум якунида бу ерда катта консерт дастури намойиш этилади.

Мазкур форум иштирокчиларга тажриба алмашиш, малака ошириш, бўлғуси ҳамкорлар билан музокара олиб бориш учун қулай имконият яратади. Унда вилоятимизнинг инновацион ва туристик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилади. Буларнинг барчаси воҳамиз, қолаверса, юртимизнинг тараққиёти, халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

А. ФАЙЗИЕВ,

«Навоий» ЭИЗ директори ўринбосари.

Кўрилганлар сони: 564 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus