вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш
Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат
Интерактив
давлат
хизматлари
20.11.2018 17:18:58
Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирокида келажак авлодни жисмоний соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, уларни жисмоний тарбия ҳамда спортга жалб этиш борасида вилоятда олиб борилаётган ишларнинг бугунги кундаги ҳолати муҳокамасига бағишланган учрашув ва йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбир бошланишидан олдин марказ ҳовлисига 200 нафардан зиёд спортчи ва мураббийлар йиғилдилар. Бу ерда ёшлар футбол, теннис, бадминтон, бокс, таэквондо, каратэ, кикбоксинг ва кураш турлари бўйича кўргазмали чиқишлар қилдилар. Марказ фойесида эса ёш ихтирочиларнинг лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилди.
Вилоят раҳбари ёшлар лойиҳалари билан танишиб, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида икки нафарига беш, 5 нафарига эса бир миллион сўмдан пул мукофотлари сертификатларини топширди.
— Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида чет тилларини ўргатишга эътибор ошмоқда, — дейди "Фарҳод" маданият саройининг болалар ижодиёти маркази мудири А. Турдиев. — Биз инглиз тилида гапирадиган робот ихтиро қилдик ва умид қиламизки, у болажонларга ҳам дўст, ҳам ўргатувчи бўлади. Марказимизга ихтиромизни рағбатлантириш учун 5 миллион сўм ажратилди. Келгусида бу йўлдаги ўз фаолиятимизни янада ривожлантириш ниятидамиз.
— Кўргазмада уйда қушларни сақлашга мўлжалланган инновацион қафас билан иштирок этдим, — дейди Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси С. Ҳайдаров. — У тўлалигича автоматлаштирилган бўлиб, микроклиматни мувофиқлаштириш, чиқиндиларни тозалаш ҳамда сув ёки дон тугаса, белги бериш хусусиятига эга. Қафасни яратишда интернет тармоғида мавжуд бўлган очиқ ахборотлардан фойдаландим. Вилоятимиз раҳбари менга лойиҳамни яна бироз ривожлантириб, патент олишни маслаҳат берди. Шу мақсадда менга бир миллион сўм ажратилди. Кичик бир ҳаракатимнинг рағбатлантирилиши менга куч ва илҳом бағишламоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган спорт ҳафталиги якунлари эълон қилинди. 14 та спорт тури бўйича 15 минг спортчи беллашган баҳсларда умумий жамоа ҳисобида давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси биринчи, миллий гвардиянинг ҳарбий қисмларидан бири иккинчи ва ниҳоят вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари учинчи ўринга лойиқ деб топилди. Fолибларга кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми аввалида йиғилганлар эътиборига таълим муассасаларида ўқувчилар нима истеъмол қилаётгани, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар танқидий ўрганилган видеолавҳа намойиш этилди. Унда мамлакатимизда соғлом авлодни камолга етказиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда айрим мутасаддиларнинг бу масъулиятли ишга лоқайдлик билан ёндашаётганлиги ўз аксини топган.
Жумладан, Кармана туманидаги 14-умумтаълим мактабида ошхона, буфет ва муассаса ҳовлисида 5-6 тонналик сиғимга эга махсус идиш ўрнатилган бўлишига қарамай, тоза ичимлик суви йўқлиги танқид остига олинган. Шунингдек, тасвирда спорт залининг таъмирталаб аҳволда эканлиги ҳамда ечиниш-кийиниш хонасида жавонлар йўқлиги, ҳатто оддий илгичлар етишмаслиги боис ўқувчилар кийим-кечаклари ва буюмларини пала-партиш жойлаштиришга мажбур бўлишаётгани аён бўлди. Ёки Кармана саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ҳамда бир қатор мактабларда махсус ошхона мавжуд эмаслиги, спорт тўгараклари етарлича йўлга қўйилмагани ойдинлашди.
Бу каби аҳвол Навбаҳор, Хатирчи, Конимех, Қизилтепа туманларидаги коллежлар ва мактабларда ҳам учраши, мутасаддилар томонидан ўқувчиларнинг тўғри овқатланиши ва спорт билан шуғулланиши масаласи ўз ҳолига ташлаб қўйилгани кескин танқид қилинди.
Хусусан, вилоят ҳокими лавҳада намойиш этилган ҳолатларни танқидий таҳлил қилиб, ўз вазифасига масъулиятсизлик, лоқайдлик, келажак авлод тақдири ҳамда саломатлигига эътиборсизлик билан қараётган раҳбарларга қатъий чоралар кўриш лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг ўрганилган мактаблар ва туман халқ таълими бўлимлари ҳамда бир қатор масъулларга юқорида қайд этилган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишлари учун тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг тадбир "Ҳоким ва ёшлар" учрашув билан давом этди. Унда турли йўналишларда республика ва халқаро танловлар ғолиблари бўлган ташаббускор, фаол йигит-қизлар спорт соҳасини ривожлантириш, ютуқлар кўламини кенгайтириш ҳамда янги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзларини қизиқтирган таклифлари билан иштирок этишди.
Жумладан, бадиий гимнастика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Зарина Қурбонова ёшларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланишлари учун вилоятда жаҳон стандартларига жавоб берадиган алоҳида зал йўқлиги, Навоий шаҳридаги "Умид" қўрғонида 1,5 гектар ер ажратилган бўлса-да, қурилиш ҳалигача бошланмагани айтиб, уни амалга ошириш 2019 йилги инвестиция дастурига киритилишида амалий ёрдам сўради ва масала ижобий ечим топди. Навоий шаҳридаги "Сузиш ҳавзаси"да спортчиларнинг қуруқликда машғулот олиб боришлари учун шароит яратиш борасидаги мурожаат ҳам жойида ҳал этилди.
— Учрашув менда катта таассурот қолдирди, — дейди Индонезияда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларининг олтин медали соҳиби Э. Султонов. — Ёшларга бўлган эътибор ва рағбатдан руҳландим. Айниқса, вилоятимиз ҳокимининг "Ҳар бир муаммонинг ечими бу ҳаракатда ва инсоннинг ўзига бўлган ишончидадир", деб айтган гаплари менга янада куч, ғайрат бағишлади. Бундай ғамхўрлик барча тенгдошларимни янги ғалабалар сари бошлашига ишонаман.
Тадбир сўнгида ёшларнинг таклиф ва мурожаатлари бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.
Жами мурожаатлар:3012
Кўриб чиқилган:448 (15%)
Кўриб чиқилмоқда:2564 (85%)
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги
Тел.: 0 (436) 229-6206
info@navoi.uz
Ўзбекистон Республикаси,
210100 Навоий шаҳар.,
Ислом Каримов кўчаси, 77а