Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Сиз депутатингизни биласизми?


Бобокалонимиз Амир Темур авлодларига шундай васият қилган: "...Шундан таскин топаманким, подшоҳлик давримда кучлиларнинг ожизларга озор беришларига йўл қўймадим".

Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов ҳам бутун фаолияти давомида эркин ва фа­ровон ҳаёт қуриш ҳамда адолат ва ҳақиқатни қа­рор топтириш йўлида курашди. Жорий йил­нинг "Халқ билан мулоқот ва инсон ман­фаат­лари йили", деб эълон қилиниши ана шу та­рихий анъаналар муносиб давом эттири­лаёт­гани, эл-юртимиз ҳаётида янги тараққиёт бос­қи­чи бошланаётганининг амалий исботидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси би­лан асос солинган Халқ қабулхоналарида одам­­лар билан мулоқот қилиб, уларни қий­наёт­ган муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил бўлмоқда. Натижада одамлар ортида суянч тоғи борлигини ҳис қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига би­ноан сенаторлар, Қонунчилик палатаси де­пу­татлари вилоятлардаги чекка ва олис қишлоғу хонадонларга кириб бориб, аҳолининг дардини тинглаб, уларнинг турмуш тарзи билан та­ни­шаётганлиги фуқароларнинг эртанги кунга бўл­ган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Учрашувларда аҳоли, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тад­биркорлик субъектлари ва­киллари, фермерлар ўз фаолиятини кенгай­ти­риш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан сенатор ва депутатлар, вилоят ташкилотлари раҳ­барларига мурожаат қилиб, саволларига жавоб олаётир. Ҳудуд­ларни ижтимоий-иқти­содий ривожлантиришга, қабул қилинаётган қо­нун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муам­молар ҳамда аҳолини ўй­лантириб келаётган долзарб масалалар ҳар то­монлама ўрганилиб, уларга жойида ечим то­пишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бугунги кунда вилоятимизда элу юртимиз­нинг ишончини қо­зонган 398 нафар депутат фаолият олиб бо­раётганлигини алоҳида таъ­кидлаш зарур. Халқ вакили бўлиб, беш йил давомида иш олиб бо­риш, сайловчилар бил­дирган юксак ишончни оқ­лаш — бу катта бахт, шу билан бирга, катта масъ­улият де­мак­дир, албатта.

Шу ўринда, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг "...Депутат қайси партияга ман­суб бўлмасин, биринчи навбатда, сайловчилар олдида, эл-юрт олдида жавоб беради", деган даъ­ваткор сўзларидан келиб чиқиб, Навбаҳор ту­манидаги халқ вакиллари томонидан амалга оширилган ишларни ўрганиш мақсадида сай­ловчилар билан учрашдик. 30 нафар халқ депутатлари туман Кенгаши депутати ту­ман­да­ги дастурлар ижросини таъминлани­ши­га кў­маклашиш бўйича маҳалла фуқаролар йи­ғин­ларига бириктирилган.

— Бизнинг ҳудудимизга "Очилова Инобат" фер­мер хўжалиги раҳбари Инобат Очилова би­риктирилган, — дейди биз билан суҳбатда "Ар­­мижон" МФЙ раиси Меҳриддин Эр­гашев. — И. Очилова яхши ва ёмон кунимизда биз билан бирга. "Армижон-1" кўчасини таъ­мирлашда, қаб­ристонни ободонлаштиришда ўз ёрдамини аямади. Жорий йилда Зарафшон дарёсининг ўзани ўзгариб кетиб, аҳолининг ҳаё­ти хавф ос­тида қолди. Шу пайт бу ерга ке­либ ишлаган 100 нафарга яқин техник ходим­ларни ўз ҳи­собидан озиқ-овқат билан таъмин­лади. Бундан ташқари, 10 нафар ишсиз юрган фу­қаромиз банд­лиги масаласи ижобий ҳал этилди.

— Фарзандим Жўрабек Турдиев анча вақтдан буён ишсиз юрган эди. У билан қандай ишнинг бошини тутишни билмай юрган эдик. Депу­та­тимиз уйимизга келиб, ҳолимиздан хабар ол­ганидан, очиғи, жуда хурсанд бўлдик. И. Очи­лова ёрдами билан ўғлим Учқудуқ темир йўл­лар базасига ишга қабул қилинди. Фарзан­дим­нинг орзуси ушалганлигидан хурсандчи­ли­гим­нинг чеки йўқ.

— Бизнинг маҳалламизга Маҳбуба Андаева ва Уммат Саломовлар бириктирилган, — дейди "Кўҳрон" МФЙ раиси Нурали Тошаҳмедов. — Ҳудудимизда ҳар жума куни депутат билан уч­рашув бўлади. У. Саломов "Маърифат" гу­за­рини таъмирлашга ёрдамлашди. Бундан таш­қари, одамларнинг томорқасидан ўтган сим­ёғочларни кўчиришга ёрдам берди.

Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Нодир Саи­дов хонадонида бўлиб, у билан ҳам суҳ­бат­лашдик.

— Менинг қарамоғимда 2 нафар фарзандим ва фронт ортида хизмати сингган онам Анора Мир­заева бор. Турмуш ўртоғим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўзим эса мавсумий ишлайман. Топ­ган пулим фақат кўмирга етади. Аҳоли сони кў­пайганлиги боис, газ босими жуда паст. Қиш­нинг совуқ кунларида жуда қийналдик. ГРП алоҳида қилинса, муаммомиз ҳал бўлади, деб ўйлайман.

Тумандаги "Тошработ" МФЙ раиси Абду­ман­нон Алибоевнинг таъкидлашича, ҳудудга би­риктирилган депутат Фозилбек Ҳайитов ма­ҳаллага чиқиндиларни ташувчи техникалар билан ёрдам берган. Аммо сайловчиларнинг ҳам­маси билан ҳам учрашиб, уларни қий­наёт­ган муаммоларига қизиқмаганга ўхшайди.

— Депутатимизнинг кимлигини билмайман, — дейди "Довуд ота" кўчасида истиқомат қи­лаёт­ган фуқаро Холида Рўзиева. — Бир нафар фар­зандим бор. Уйда 10 киши яшаймиз. Тур­муш ўртоғим мавсумий ишлайди. Шунинг учун бўлса керак, ҳар доим ҳам иш бўлавермайди. Қайинсинглим Умида Рўзиева билан ишга ки­риш учун бормаган эшигимиз қолмади. Ни­ма­гадир ҳеч ҳам ижобий ҳал бўлмаяпти. Бирор бир ташкилотга фаррош бўлиб ишга кирсам ҳам майли эди. Балки депутатимиз келиб, биз­га йўл-йўриқ кўрсатганида бунчалик сар­сон бўл­масмидик.

Фуқаролар билан суҳбатлашиш жараёнида ту­ман­даги муаммолар тўла ечимини топмаёт­ганига гувоҳ бўлдик. Бу, айниқса, тумандаги ички хўжалик йўлларининг таъмирга муҳтож­ли­ги, жойларда маҳсулотлар пластик карточка орқали юқори нархларда сотилаётгани, иш­сизлик, айрим қишлоқ врачлик пунктларида аҳо­лига тиббий хизмат кўрсатиш сифати талаб даражасида эмаслиги, аҳоли зич жойлашган жой­ларда чиқиндихоналар юзага келишига йўл қўйилаётгани, суюлтирилган газ баллонлари ис­­теъмолчиларга ўз вақтида етказиб берил­маёт­гани шулар жумласидандир.

Халқ ишонч билдирган маҳаллий депутат­лари­миз фаолияти талаблар даражасида эмас­лиги, уларнинг кўпчилиги номига депутат эканлиги, аксарият депутатларимиз ўз вазифа ва ваколати моҳиятини, қиладиган ишини чу­қур англаб етмаслигини афсус билан қайд этиш лозим. Бугун депутат ўз сайловчисининг дарду ҳолини тингламаса, муаммоларини ечиш­га ўз ҳиссасини қўшмаса, ҳаттоки, ўз де­путати кимлигини кўпчилик билмаса, ўз-ўзи­дан бу ҳолат сайловчиларнинг ишончсиз­лигини келтириб чиқариши табиий. Кўмакка муҳтож аҳоли депутатдан эмас, балки ҳокимиятдан ёки бирон-бир органдан нажот ахтаради. Бун­дай ҳолатларни кўплаб ҳурматли маҳаллий депутатларимизнинг фаолиятида яққол кў­ри­шимиз мумкин.

Хуршида НАРЗИЕВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 734 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus