Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси


Тошкент шаҳрида 23-24 май кунлари Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев иштирок этди. 

Йиғилишда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига тайёргарлик доирасида ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларда ташкилот роли ва ўрнини оширишнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. ШҲТ ташкил топганидан буён ўтган 15 йил давомида ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, турли маданиятларга ҳурмат ва ҳамкорлик ривожланишига интилишни ўзида мужассамлаштирадиган "Шанхай руҳи"га таянган ҳолда замонавий халқаро муносабатлар тизимининг нуфузли иштирокчиларидан бири сифатида тан олингани таъкидланди. 

Россиянинг Уфа шаҳрида 2015 йилнинг 9-10 июль кунлари бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари ижросини амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди. Шу нуқтаи назардан, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ШҲТнинг 2025 йилгача тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракат дастури қабул қилинишининг муҳимлиги қайд этилди. 

ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзолаш масаласини Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этишга қарор қилинди. 

Мулоқот бўйича шерик мақомини бериш тўғрисида Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Камбоджа Қироллиги ва Непал билан меморандумлар имзоланиши ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланди. 

Йиғилишда ташкилот доирасида амалий ҳамкорлик қилиш учун кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича шерикларни янада кенг жалб қилиш зарурлиги қайд этилди. 

Вазирлар томонидан таъкидланганидек, ШҲТ Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларга мувофиқ, терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотикларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш, трансчегаравий жиноятлар, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар, ноқонуний миграция ва одам савдоси воситаларига қарши умумий курашиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. 

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2015 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ, Экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТ Конвенциясини тайёрлаш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу ҳужжат терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича Шанхай конвенцияси ва ШҲТга аъзо давлатларнинг 2016-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури билан бирга ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, уларнинг ривожланиш тенденциялари, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар халқаро муносабатлар халқаро ҳуқуққа, жумладан, БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларига асосланиши зарурлиги ва ушбу муносабатларда БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи сифатидаги ролини янада мустаҳкамлаш тарафдори экани таъкидланди. Бу, аввало, дунёда барқарорлик ва хавфсизликни, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мустақиллик, тенгликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат қурилиши ва ўз тараққиёт йўлини мустақил танлаш ҳуқуқи, ўзаро суверенитетни ҳурмат қилиш, ҳудудий яхлитлик, ички ишларга аралашмаслик, халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмасликни таъминлаш бўйича биргаликда ҳаракат қилишга тегишлидир. 

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари қайд этганидек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг имкон қадар тезроқ ўрнатилиши минтақадаги хавфсизликни асраш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Афғонистондаги ички зиддиятларни ҳал қилиш миллий яраштирув жараёнларини илгари суриш орқали ва Афғонистон раҳбарлигида, афғон халқи томонидан амалга оширилиши керак. Афғонистон масаласи бўйича халқаро ҳамкорликда БМТ марказий мувофиқлаштирувчи ролини ўйнаши керак. 

Қуролсизлантириш ва қуролланиш устидан назорат, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ҳамда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш масалаларида яқин ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, "Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисида"ги шартномага хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколни ҳар бир томон тезроқ кучга киритиши ядро қуролларини тарқатмаслик глобал режимини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади. 

ШҲТнинг 15 йиллигига бағишланган Тошкент декларацияси ва ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисининг якунлари бўйича ахборот лойиҳалари ҳамда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов томонидан тақдим этилган ташкилот Котибиятининг ўтган йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқланди. 

Ташкилот фаолияти ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига оид қатор масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди. 

Вазирлар Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган мажлисига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.

ЎзА

Кўрилганлар сони: 1496 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus