Бугун: 22 Сен 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ

Сароб

06.07.2017 16:12:22


Сулҳида оддий оилада вояга етди. Ўзи ўқийдиган қишлоқдаги мактабда таҳсил олди. Мактабда ўқиб юрган кезлари тинимсиз ўқиб-изланиб, фанлардан яхши ўзлаштирди. Айниқса, математика унинг жони-дили. Буни сезган ўқитувчиси унга қўшимча дарслар белгилаб, фан сирларини чуқур ўргата бошлади.

Энди Сулҳида тенгқурлари эмас, балки мактабда ўзидан юқори синфларда ўқийдиган ўқувчиларни ҳам доғда қол­дирадиган бўлди. Бу орада у дастлаб мазкур фан бўйича туман олимпиадасида, сўнг вилоят олимпиадаларида  фа­ол иштирок эта бошлади. Бир кам дунё деганларидек, оилада оддий тракторчи ота­си ишлаганлиги, ака-ука­ла­ри кўплиги сабаб ўқишда жу­да қийналди. Қийналса-да, олдинга интилишдан тўхта­ма­ди. 9-синфни битириб, қўш­ни қишлоқда жойлашган касб-ҳунар коллежида тикув­чилик йўналиши бўйича ўқий бошлади. Йўқчилик-да, 5-6 километр йўлга эрта саҳарлаб йўлга чиқиб, пой-пиёда ўқиш­га борар, дарсдан кейин ҳам шу аҳвол. Буни кўрган тенг­дош­лари орасидан ўзи бун­га нима за­рур, барибир кол­лежда яхши ўқиган билан бирор иш қи­лар­миди? Ота-онасининг аҳ­во­ли шу бўлса, дея устидан калака қилади­ганлар ҳам то­пилди. Лекин интилувчан қиз ҳеч кимнинг гапига қулоқ сол­масдан ўқиш­­дан, изланиш­дан тўхта­мади.

Коллежни би­тириб, бе­рил­ган имконият­лар­дан оқилона фойдаланган қизги­на тад­бир­корликка қўл урди. Даст­лаб 3 та тикув ма­шинаси олиб, ўзи ва 2 на­фар дуго­наси билан қўни-қўш­­нилар берган материал­дан кийим-кечак тикиб, хиз­мат ҳақи эва­зига иш бошла­ди. Орадан ойлар, йиллар ўтди. Сулҳида тикув машина­лари сонини кўпайтириб, ўзи аёлларбоп харидоргир кийим-кечаклар тайёрлаб, сота бошлади. Тез орада тил­га тушиб, машҳур ёш тадбир­кор бўлди. Унинг устидан бир пайтлар кулиб юрганлар мул­зам бўлиб қо­лишди. Бахт келса ҳам қўша-қўша деганла­ридек, унинг омади юришиб кетди. Маш­ҳур тикувчи, ди­зай­нер, тадбиркор.

Иш юзасидан тадбиркор йи­гит — Мурод билан тани­шиб қолди. Ундан маҳсу­лот­лар олиб, олди-берди қила бош­лади. Шу-шу бўлдию улар тез-тез учрашиб турадиган бў­лиш­ди. Бу орада улар ои­ла­­вий шарт-ша­ро­итлари би­лан ҳам яқиндан танишди. Хуллас, икки ўртада ўзаро ишонч ва илиқ муносабатлар пайдо бў­либ, турмуш қуради­ган бў­лиш­ди. Сулҳида оила­си ҳам, ўзи ҳам оддий Му­род билан танишганидан ич-ичидан суюнди. Тўй маро­сим­лари кўнглидагидек, дабда­басиз, чиройли ўтди. Ой­нинг ўн беши қоронғи бўл­­са, ўн беши ёруғ деганла­ридек, Сулҳида ўз орзусига эриш­гандек сармаст эди, гўё.

Вақт мисли югурик дарё. Иккала тадбиркор ишларини якдилликда давом эттириб, қасрдай уйлар қуришди. Қў­ша-қўша машиналар олиш­ди. Шириндан-шакар 2 фар­занд­ли бўлишди. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган эди. Лекин бу орада Муроднинг характери ўзгариб, компью­тер­дан бош кўтармай қолди. Интернетдан турли сайтлар­га кириш билан шуғулланиб, деярли ишга чиқмай қўйди. Бўлмағур "қилиқ"лар чиқа­риб, оддий калимани бил­май­диган одам намоз ўқийди­ган одат чиқарди. Тадбир­корлик шиддаткорликни, из­ланишни хоҳламайдими? Бо­зо­ри дарров касодга учради. Шунда ҳам унинг парвойи палак. Уйга эса деярли ҳар куни нота­ниш, истараси со­вуқ одам­лар ке­ли­ши кўпайди. Улар ярим тунгача суҳбатла­ши­ша­ди, ин­тернет титкила­шади. Шу-шу бўлдию орага совуқ­чилик ту­ша бошлади. Сулҳи­да эри­нинг нега бундай ўз­гариб қол­ганини, умуман кўрмаган-бил­маган одамлар билан нега ош-қатиқ бўлаёт­ганини ўйлай-ўйлай охирига етолмасди. Айтса тили, айт­ма­са дили қийна­либ одамо­ви бўлиб қолди. Бу орада эри у тайёрлаган ов­қат­ларни ҳаром луқма, дея емай қўйга­ни унинг эзилган қал­бини бат­тар лар­зага сол­ди.

— Бу нима деганингиз, ўзим тайёрладим-ку овқатни, — дея олди, холос.

— Ҳижоб киймаган, намоз ўқимайдиган аёлнинг овқати ҳам, ўзи ҳам мен учун ҳаром.

— Қачондан бери ҳалол-ҳа­ром­ни билиб қолдингиз?

— Сенинг ишинг бўлмасин. Менга ақл ўргатмасдан ўзинг ҳам намоз ўқийсан, ҳижоб кия­сан, кўчада бегона эркаклар билан гаплашмайсан. Бўлма­са, сен билан орамиз очиқ.

Шу тариқа иккаласи узоқ ба­қиришди. Сулҳида эридан ўлгу­дек калтак ҳам еди. Нора­сида ёш гўдаклар чинқириғи Му­род­нинг парвойига ҳам келмади.

Нима қиларини билмай қол­ган Сулҳида тун бўйи ухла­масдан ўйлаб чиқди. Наҳот унинг орзулари саробга ай­лан­ган бўлса? Бор кучи, ғай­рати билан меҳнат қилиб қур­ган тикувчилик корхонасининг аҳво­ли не кечади? Турмуши-чи? Не-не умидлар, орзулар би­лан бир ёстиққа бош қўй­ган, ишонган Мурод акаси у тай­ёрлаган таомни ҳаром деб тургандан кейин бошқалар­дан нима умид. Ишон­ган тоғда ки­йик ётмай­ди, деб шуни айта­дими? Ўзику майли, бир амал­лар, ик­ки нафар нораси­да нури­дий­дасининг тақдири нима бўлади?! 

Орадан 10-15 кун ўтмаёқ, Муроднинг кирдикорлари фош бўлди. У бекорга ўзга­риб қолмаган экан. Анчадан бери бозорда уни ва бошқа ўзига ўхшаган енгилнинг ости­дан, оғирнинг устидан юрадиган­ларни интернет орқали ди­ний экстремистик оқимлар ўзларига оғдириб олишга улгурганди. Улар ўзлари ҳам яхши билмаган гуруҳлар­га қўшилиб, хорижга кетишга тайёргарлик кўраёт­га­нида ҳу­қуқ-тартибот орган­ла­ри то­мо­ни­дан қўлга олинди.

Сулҳиданинг кўзи кеч очил­ди. Энди қандай қилиб фар­занд­ларига отанг фалончи эди, террористик гуруҳларга қўшилиб, ватанфурушлик қил­ган, деб айтади. Кўчада, мак­табда, ишга борганида эл-улус, маҳалла-кўй орасида қан­дай бош кўтариб юради? Шуларни ўйлаб, у Мурод би­лан орани очди. Аммо кеч-да.

Кейинги пушаймон, ўзинг­га душман. Сулҳида эрининг юриш-туриши, хулқ-атвори ва бегона одамлар уйига тез-тез келаётгани тўғрисида ҳу­қуқ-тартибот органларини ўз вақтида огоҳлантирганида, балки фарзандларининг жон­дай азиз отаси Ватан хоини сифатида суднинг қора кур­си­­сида ўтирмасмиди?

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

журналист.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 3796 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus