Бугун: 19 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Сармишсойда замонавий дам олиш мажмуаси


Туризм мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йилларда ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан 2019 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳам туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилишга кенг йўл очиб берди.

Навоий вилоятида ҳам туризм, айниқса, ички туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, саёҳатчилар учун қулайликлар яратиш борасида бир қатор хайрли ишларга қўл урилмоқда.

Хусусан, вилоятда биргина ўтган йили 3 та меҳмонхона, 2 та меҳмон уйи ҳамда 6 та оилавий меҳмон уйлари қуриб фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида туризм соҳасида жойлаштириш воситалари сони 43 тага етиб, меҳмонларни кунлик қабул қилиш қуввати 1,5 мингдан ошди.

— Вилоятимизда сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилда умумий лойиҳа қиймати 140,6 миллиард сўмга тенг бўлган 22 та замонавий туризм объектлари ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 16 та замонавий меҳмонхоналар ишга туширилиб, қўшимча кунига мингга яқин сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилади, — дейди вилоят Туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Зойир Ўроқов. — Эътироф этиш жоизки, мазкур йўналишда вилоятимизда қўл урилган хайрли ишлар натижасида 2018 йил давомида 15926 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан улар сони қарийб икки баробарга ошди.

Етти минг йиллик тарихга эга, очиқ осмон остидаги музей, дея эътироф этилган Сармийсой дунё сайёҳларнинг нигоҳи тушган маскандир. Аждодлари-миз томонидан қоятошларга битилган суратлар бу ҳудуднинг азалдан маданият ва маънавият ўчоғи бўлганлигидан садо беради.

Ушбу қадимий дарада ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар эса келгусида бу мажмуа ҳақиқий сайёҳлик марказига айланишини таъминлайди.

Ўтган йили қадимий Сармишсой дарасида туристларни кенг жалб қилиш мақсадида “Сармишсой - Навоий” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий дам олиш масканлари қуриб битказилган эди.

Куни кеча эса Кармана туманидаги “Муҳаббат боғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан янги жаҳон стандартларига жавоб берадиган туризм маскани фаолиятини бошлади.

Замонавий дам олиш мажмуасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар, бу ҳудуд ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини таъкидлашди.

Пурвиқор тоғлар бағрида юксак архитектура намуналарини ўзида мужассам этган 30 та дам олиш уйларида сайёҳлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Ёш тадбиркор Маъруф Каримов Давлатимиз раҳбари томонидан туризмни ривожлантириш йўналишида берилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб, мазкур мажмуани бунёд этишга бел боғлаганди.

У бунинг учун тижорат банкидан 3 миллиард сўмлик кредит маблағи ҳам олди. Натижада қисқа муддатда бу мўъжазгина сайёҳларни ўзига жалб этадиган мажмуа қад ростлади.

— Президентимизнинг туризмни ривожлантиришга қаратилган тарихий қарор ва фармонлари мени ҳам руҳлантириб, ушбу йўналишда иш бошлашимга кенг йўл очиб берди. Сармишсойдек қадимий масканда бу мажмуани бунёд этганимиз, сайёҳларга бой ва гўзал табиатимизни кўрсатиш, уларни мароқли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашишга қаратилган. Табиий шифобахш булоқ сувлари, турли тоғ дарахтлари барчани ўзига мафтун этиши табиий. Келгусида бу масканда дам олиш уйлари сонини 100 тага етказиш ҳамда мазкур ҳудуд атрофида ҳар йили 2 минг тупдан арча экиб, унинг табиатини янада гўзал қилиш режалаштирилган, — дейди мажмуа раҳбари Маъруф Каримов.

Замонавий ва миллий уйғунликни ўзида мужассам этган мазкур мажмуада сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида интернет зонаси ҳам ташкил этилди. Энг аҳамиятлиси, бу ҳудудга сайёҳлар мавсумий эмас, балки йилнинг тўрт фаслида ҳам ташриф буюриши мумкин.

Отабек Аслонов.

Кўрилганлар сони: 1150 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus