Бугун: 18 Авг 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Санъат намуналарида акс этган бебаҳо хазина


Айни пайтда вилоятимизда сўз мулкининг султони, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги кенг нишонланмоқда. Қутлуғ сана муносабати билан ўтаётган тадбирлар алломанинг бой бадиий мероси, асарларининг мазмун-моҳияти, уларда акс эттирилган умуминсоний қадриятлар ҳақида ёш авлодга тушунча бериш, мумтоз адабиётимизга меҳр ва ҳурмат туйғусини шакллантириш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
4 феврал куни Навоий шаҳридаги санъат галереясида «Ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо хазинаси» дея номланган республика рассомлари кўргазмаси ўз ишини бошлади. «Навоийхонлик ойлиги» доирасида бир ой давом этадиган макзур кўргазмада Файзулла Аҳмадалиев, Бахтиёр Маҳкамов, Шуҳрат Абдумаликов, Любов Тиора, Мартин Антонян, Кумушхон Раҳмонова сингари ўнлаб таниқли рассомларнинг ижодий ишлари намойиш этилмоқда. Буюк сўз санъаткорининг сиймоси, ибратли ҳаёт йўли, асарларида гавдаланган қаҳрамонлар ёрқин рангларда тараннум этилган энг сара тасвирлар намойиши минглаб санъат ихлосмандлари ва ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Халқ рассоми, Бадиий академия раиси Акмал Нуридинов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиевлар шоир ижоди ва бебаҳо мероси, асарларида Ватанга муҳаббат, маърифатпарварлик ғоялари, гўзаллик ва эзгулик туйғуларининг уйғунлиги, уларнинг ёшлар тарбиясида тутган ўрни ҳақида батафсил тўхталдилар.
Шунингдек, кўргазма давомида Навоий асарларидаги қаҳрамонлар сиймосини яратиш бўйича ўтказилган вилоят кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Юзга яқин истеъдодли рассомларнинг ижодий ишлари сараланиб, турли ёшлар тоифасида энг муносиблар мукофотланди. Навоий ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси А. Болиқулов ҳамда Қизилтепа туманидаги 6 умумтаълим мактаби ўқувчиси А. Толиповнинг ишлари юқори баҳоланди. Бундан ташқари, ўндан ортиқ ёш мусаввир ҳам диплом ва совғалар билан тақдирланди.
— Бобокалонимиз ҳаёти ва бетакрор ижодига бағишланган кўргазма ўқувчиларимизда катта таассурот қолдирди, — дейди Навоий шаҳридаги 14 умумтаълим мактаби ўқитувчиси Г. Бердиева.— Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ёшлар орасида янги ижод намуналарининг пайдо бўлиши ҳамда тарихий образлар, воқеаларнинг мукаммал тасвирланишига замин яратади.
Шу куни Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да «Алишер Навоий ижоди санъат ва маданият кесимида» номли республика илмий-амалий конференцияси ҳам бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон фанлар академияси Санъатшунослик институти ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бир гуруҳ олимлари қатнашди. Уларнинг улуғ мутафаккир яшаган давр маданияти, санъати, қолаверса, улуғ шоир ижодида бадиий қаҳрамонлар тасвири, образли ифодалардан унумли фойдаланилгани каби мавзуларга бағишланган маърузалари тингланди.
— Кейинги йилларда ранг-тасвир йўналишида Навоий ва унинг замондошлари образларини гавдалантириш муҳим вазифа сифатида белгиланди, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Г. Қаршиева. — Конференцияда мазкур соҳадаги илмий изланишлар, тадқиқотлар ҳақида ҳам батафсил тушунча берилди. Хусусан, буюк ижодкор портрети ўтган даврлар ичида турли талқинларда яратилган. Маҳоратли мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари яратган асарлар бизгача етиб келган муҳим тарихий манбалардир. Мўйқалам усталари буюк мутафаккир образини яратиш жараёнида аввало, чуқур илмий асосларга таяниши лозим.
— Улуғ шоир ўз даврида мўйқалам соҳибларига ҳомийлик қилиш билан бирга, санъатнинг инсон маънавиятидаги ўрни, унинг бадиий-ғоявий масалаларига ҳам бефарқ қарамаган, — дейди Ўзбекистон Фанлар Академияси Санъатшунослик институти докторанти А. Имомов. — Жумладан, «Хамса» асаридаги «Сабъаи Сайёр» достонида воқеалар мусаввирлик, меъморчилик ва бадиий ҳунармандчилик каби санъат турларига уйғун ҳолда назар солинади. Достоннинг муқаддима қисмидаёқ муаллиф ғаройиб туш кўргани, етти гумбазни сайр этиб, Хизрваш пир билан учрашгани, у шоирни янги асар яратишга чорлагани баён қилинган. Кўриниб турибдики, мутафаккирнинг тасаввури бой, дунёқараши ниҳоятда кенг. Унинг ижоди ҳанузгача қизиқиш билан ўрганилаётганининг асосий сабаби ҳам шу аслида.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан юқори савияда ташкил этилган тадбирларда воҳамизда ижод қилаётган рассомлар, шоир ва ёзувчилар, таълим муассасалари ёшлари фаол иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.

Кўрилганлар сони: 658 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus