Бугун: 17 Сен 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Она замин бахш этган илҳом


Орамизда шундай инсонлар борки, улар билан бир замон, бир маконда яшаймизу, аммо ҳар доим ҳам уларнинг қандай катта истеъдодга эга эканлигини, яратаётган асарлари мангуликка дахлдорлигини англаб етавермаймиз. Нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакатимиздаги санъат ихлосмандларига навбаҳорлик рассом, тумандаги 37-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси Нурилла Чориев номи ва ижоди яхши таниш. У табиатан самимий ва камтарин, тасвирий санъат оламида эса ўз йўлини топа олган ҳақиқий ижодкор. Суҳбатимиз рассомнинг ҳаёт йўли, ютуқлари, армонлари, бадиий ижод ва келгуси режалари ҳақида бўлди. 

"Рассом сифатида ўттиз етти йилдан буён ижод қилаётган бўлсам, ўтган давр­ларни сарҳисоб қилиб, ёшлигимда кўп қийинчиликларга дуч келганимни эслай­ман. Мабодо, ҳозиргидек ўз истеъ­до­динг­ни тўла намоён этишинг учун етарли ша­роит бўлганида ёшлик завқи билан яра­тилган асарларимиз кўпроқ бўларди, бал­ки. У пайтларда ранг-тасвир учун бўёқ­­лар, мўйқаламлар, дастгоҳлар то­пиш амри­маҳол эди. Бу каби жиҳоз­лар­ни олиш учун ҳам Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби катта шаҳарларга боришга тўғри келарди. Ҳозир эса зарур бўлган ҳар қандай ан­жом­ларни топиш муаммо эмас.

Мен умримни ранг-тасвир санъатига ба­ғишлаган ижодкор сифатида бир нар­сани ишонч билан айта оламанки, мус­тақиллик даври биз каби истеъдодларга катта имкониятлар берди. Қадримиз, ўр­нимиз, ижодимиз юқори баҳоланди, биз яратаётган асарларга нисбатан муно­са­бат ўзгарди.

1994 йилдан бошлаб Навбаҳор тума­ни­даги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабида, кейин эса 37-сонли ихтисос­лаш­тирилган мактаб-интернатда ёш авлодга тасвирий санъат йўналишида таъ­лим бердим. Негаки, вақтида ўзим устозларнинг маслаҳати, йўл-йўриқлари, ижоднинг ўзига хос сир-асрорларини эгал­лашда кўп қийинчиликларга дуч келгандим-да. Биласизми, ўқувчиларга шун­чаки дарс ўтиш эмас, ўргатаётган са­боғингизнинг мазмунини тушунтира олсангиз, уларнинг илғаши осон. Акса­рият ижодий дарсларимни табиат қўйни­да, Учтут, Ижанд, Наврўз қишлоқлари­нинг чиройли манзаралари акс этган жой­ларда олиб боришга ҳаракат қила­ман. Чунки табиатнинг ўзи инсонга сўз би­лан таърифлаб бера олмайдиган куч­ни, руҳий қувватни беради. Буни ёш­ликдан англатиб бо­риш эса ке­лажакда ўз нати­жа­сини бе­ради.

Мустақиллик туфайли эга бўлганим, энг катта бой­лигим — шогирдларим, деб биламан. Ўша, мус­тақиллигимизнинг илк йилларида уларга таъ­лим бериб, ҳаёт йўлида касбини танлашига турт­­­ки бўлган шогирдларимнинг кўпчилиги бу­гун жамиятда ўз ўрнига эга. Ишонч билан айта ола­манки, вилоятимизда архитектура ва меъ­мор­чилик соҳасида фаолият юритаётганларнинг кўпчилиги 37-сонли мактаб-интернатнинг со­биқ ўқувчилари менинг шогирдларимдир. Улар ви­­лоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида меҳ­нат қилишади, шогирдларим орасида рас­сом­лар, ҳайкалтарошлар, ўқитувчилар, интерьер техника ва либос дизайнерлари ҳам анчагина. Ҳалигача улар билан мулоқотда, суҳбатда бўлиб тураман. "Ҳозир ишлайдиган, ижод қиладиган за­­­мон келди. Ишланг, ўзингизни кўрсатинг, аммо ижодни ҳам ташлаб қўйманглар, негаки юра­­­­гингиздаги яратувчанлик ҳиссини айнан мана шу ижодга бўлган меҳр, гўзалликка ин­ти­лиш берган", дея таъкидлайман.

Ўқувчиларимнинг ўзига хос чизиш услуби бор, улар олий даргоҳлар, санъат ва маданият кол­леж­ларига боргунга қадар анча-мунча шакл­ла­ниб, зарурий тушунчаларга эга бўлиб бораётир. Бир неча йил олдин Самарқанд архитектура ва қу­рилиш институтидан мактаб-интернатимиз но­мига ташаккурнома келган эди. Унда мак­­та­бимизни битириб, талабалик бахтига эриш­­­ган со­биқ ўқувчиларимизнинг махсус фанлардан тайёр ҳолда келаётгани ёзилган эди. Ўша пайт­да меҳнатим зое кетмаганидан, шо­гирдларим юзимни ёруғ қилганидан шод­ла­ниб кетдим. Дастлаб нафис санъат лицейи си­фатида иш бош­лаган даргоҳда ишлаёт­га­нимга йи­гирма йилдан ошибди. Бу давр ора­лиғида "Халқ мао­рифи аъло­чиси" унвонига ло­йиқ кў­рилдим. 1994 йилдан бери Ўз­бекистон Ба­диий Ака­демияси аъзосиман. Бир неча бор Тош­кент ва Навоий шаҳар­ларида ижодий кўр­газ­маларда қат­наш­дим.     

Биласизми, қалбида гўзал­ли­ги бор инсоннинг қў­лидан ҳеч қа­чон ёмонлик келмайди. Би­лимга, санъатга ташна ёш қалб­­ларни ана шундай гў­зал­ликка ошно этиб тарбиялаш эса биз­дан катта масъулият, диқ­қат-эъ­тибор ва машаққатни та­лаб эта­ди. Эртага бундан ҳам яхши кун­ларга етиш­ни, юксак марра­лар­ни эгаллашни иста­сак, бу бора­да бугундан қатъий ишонч билан ҳа­ракат қи­ли­шимиз лозим бўлади.

Минг шукрки, уч ўғлим ҳам ўз соҳамни тан­ла­ди. Улар ўзимга таҳсил олиш энг катта армон бў­либ қолган Камолиддин Беҳзод номидаги Тошкент миллий рассомчилик ва дизайн инс­титутида ўқиди. Кичик ўғлим Беҳзод Чориевнинг 13 ёшида ижодий ишлари ЮНЕСКО халқаро таш­килоти томонидан юксак баҳоланиб, юздан ортиқ жаҳон мамлакатлари болалари ижоди йиғилган "Дунё болалар нигоҳида" тўпламидан ўрин олганда ҳам қувончимнинг чеки бўлмаган. Орзуларим фарзандларим тақдирида ушалаёт­гани­дан, мен эгаллай олмаган марраларни шогирдларим забт этаётганидан ғурурланаман.

Нафақа ёшига етишимга ҳам оз қолди. На­сиб этса, нафақат Навбаҳор туманининг, балки вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидаги сўлим қишлоқлари, ҳали кашф этилмаган гўзаллик­лари­­ни ўз қаламимда акс эттирсам, дейман".

Рассомнинг ижодини кузатар эканмиз, ўзимиз учун энг қадрли бўлган нарсани топгандай бў­ла­миз. Зарафшон дарёсининг сўлим қирғоғи, Сармишсой дарасининг нодир тасвирлари, Уч­тут­даги учта тутнинг ҳайбати, Қоратов этаклари­даги баҳор, Нурота тоғларининг салобати — бу­лар­нинг барчаси сизу бизга таниш бўлган, юрагимизга яқин манзаралар. Бу Ватан туйғуси, унга бўлган чексиз меҳр ҳисси. Суратларга бо­қиб, она юртга бўлган муҳаббат, уни қандай бўл­са, шундай ҳолида севиш, тасвирлаш катта ма­ҳо­рат эканлигини англаймиз.

Нигора РЎЗИЕВА суҳбатлашди.

Кўрилганлар сони: 3233 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus