Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Навоийда адабиёт ва китоб байрами


Мамлакатимизда маънавият ва маърифат ишига давлат сиёсати даражасида юксак эътибор қаратилаётгани аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 январда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини янги босқичга кўтаргани билан янада аҳамиятли бўлди.

Инсоннинг энг яқин дўсти ва маслакдоши бўлиб келаётган китобнинг жамиятимиздаги ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки ҳаётимиз чироғи, барча эзгуликларнинг дояси, адолат куйчиси бўлган китоб ўқувчисини ҳар доим яхшиликка чорлайди, эзгу ишларга даъват этади. Шу боис китоблар – инсониятнинг бебаҳо мероси ҳисобланади.

Жорий йилнинг 27-28 февраль кунлари улуғ мутафаккир номи билан аталувчи Навоий вилоятида “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзусидаги Республика семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият тарғибот маркази, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинар вилоят ёшлари учун ҳақиқий маънавият ва адабиёт байрамига айланди.

Республика семинарида барча ҳудудлардан шоир ва ёзувчилар, маданият, санъат фидойилари, Маънавият тарғибот бўлими раҳбарлари, Ҳаракатнинг ҳудудий кенгашлари “Маънавий-маърифий лойиҳалар” бўлими мудирлари, ўқув-услубий марказ ҳудудий координаторлари, Ҳаракатнинг вилоят Кенгашлари матбуот котиблари, “Камолот” фаоллари ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этди. 

Тадбирга таклиф этилганлар дастлаб Навоий шаҳридаги “Камолот” китоб дунёси” китоб дўкони фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ўтган йили фойдаланишга топширилган қиймати қарийб 250 миллион сўмга тенг бўлган мазкур китоб дўконида бугунги кунда ҳар-хил турдаги бадиий адабиётлар ёшларимиз томонидан севиб мутолаа қилинмоқда. Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, вилоятда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг китобхонлик даражасини ошириш мақсадида қатор ижобий ишларга қўл урилаётир. Хусусан, Нурота, Навбаҳор ва Томди туманларида ҳам “Камолот” китоб дунёси” дўконлари фаолиятининг йўлга қўйилгани, яқин орада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бундай маънавият масканларини ишга тушириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани алоҳида эътиборлидир. 

Бундан ташқари, яқин кунларда Навоий шаҳри марказида қиймати қарийб 2,5 миллиард сўмлик, Кармана туманида эса қиймати қарийб 1 миллиард сўмлик “Китоблар олами” мажмуаларининг ёшлар ихтиёрига топширилаётганини келажак авлодга бўлган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлмоқда.

Ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш улар ўртасида китоб мутолаасини кенг оммалаштириш фарзандларимиз маънавий оламини бойитиш, турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда муҳим омил ҳисобланади. Зеро, китобга меҳр қўйган, китоб орқали дунёни англаган инсон ёмонликдан йироқ бўлади, доим эзгулик ҳақида ўйлайди, эзгу ишларни қилишга интилади.

Семинар доирасида китоблар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилгани китобхон ёшлар эътиборини янада ўзига жалб этди.

— Кўп китоб ўқиган инсон дунёни англайди, ҳаётни тушунади. Мутолла маданиятини ошириш маънавиятни юксалтириш демакдир. Бугун ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш нафақат педагогларнинг, балки барчамизнинг масъулиятли вазифамиз ҳисобланади. Бугунги семинар айнан шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштиргани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ Кармана тумани Кенгаши раиси Тоҳир Абдураҳмонов.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази” бугун ҳар доимгиданда гавжум. Марказ фойесида китобсевар ёшлар охирги ўқиган китоби, асар қаҳрамонлари хусусида мулоҳза юритишмоқда. Улар  юксак маънавиятли халқнинг муносиб авлоди эканлигидан ғурурланмоқда.

“Ёшлар маркази”да ўтказилган Республика семинарининг очилиш маросимини Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров кириш сўзи билан очиб, мазкур нуфузли тадбирдан кўзланган мақсад, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Навоий вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Кобил Турсунов барча Республика семинари иштирокчиларини китоб байрами билан табриклади.

 Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар мазкур Республика семинарининг айнан Навоий вилоятида ўтказилаётгани бежизга эмаслигини, бу нуфузли тадбир келажак авлодни китобга меҳрини кучайтиришга, улар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишда муҳим бир қадам бўлишини таъкидлади.

Семинар доирасида “Ёшлар маркази”да шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, таеатр ва кино актёрлари иштирокида ташкил этилган “Мен севган китоб” мавзусидаги учрашув ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар эл ардоғидаги маънавият, санъат фидойиларидан китобга қандай меҳр қўйиш, китобни севиш хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

— Бугун китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришдек улуғ мавзуни ўзида мужассам этган Республика семинарида иштирок этаётган эканмиз, давлатимиз раҳбарининг, ҳукуматимизнинг китобхонлик масаласига шундай юксак эътибор қаратаётганидан қалбимиз фахр ва ифтихорга тўлмоқда. Фарзандлари камолини, келажагини ўйлаган, уларни маънавиятини юксалтиришни кўзлаётган халқгина бундай буюк ишларга қодир бўла олади, албатта. Аслида ҳам буюк алломалар, мутафаккирларни тарбиялаган, вояга етказган халқ бу. Аввало ота-она қўлида китоб бўлса, бола ҳам китоб ўқишга интилади. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган халқимизда пурмаъно ҳикмат бор. Унинг моҳиятида тарбияда ибратнинг ўрни муҳимлиги мужассам. Навқирон ёшларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг қалбида ғурур, кўзида келажакка катта ишонч, олдида эса улкан мақсадлар турганини англаймиз. Сўзларидан китобга бўлган меҳрини ҳис этамиз. Китобга дўст бўлиш, инсон камолотининг пойдевори. Китоб ўқиш дунёқарашни ўзгартириш, буюк ишлар, эзгу юмушлар сари йўл, дегани, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Эркин Комилов.

Семинар доирасида ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчилар учун мутахассислар томонидан “Зукко китобхон” интеллектуал турнири, “Камолот кутубхонаси” онлайн викторинаси, “Менинг севимли китобим” номли социологик сўровлар каби лойиҳалар юзасидан тренинглар ташкил этилди.

Республика семинарининг иккинчи куни Нурота туманида давом этди. Дастлаб семинар иштирокчилари Нурота туманидаги “Чашма” мажмуасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг туман ҳокимлигида таниқли шоирлар, актёр ва актрисаларининг туман ёшлари билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

— Ёшлари китобхон бўлган халқ ҳамиша юксакдир. Китоб ўқишни тарғиб этиш бу энг эзгу иш, бу маънавиятни, маърифатни тағиб этишдир. Бугун семинарда таниқли шоирлар билан бўлиб ўтган ижодий учрашувда ўртага ташланган бу фикрлар биз келажак авлод вакилларини китобни севишга чорлади. Аслида ҳам, кўп ўқиган кўп билади, деган гап беҳуда айтилмаган. Семинардан ўз олдимга шундай мақсад қўйдимки, бўш вақтимни кўпроқ яхши китоб ўқишга сарфлайман ва дўстларимни ҳам шунга даъват этаман, — дейди семинар иштирокчиси, “Камолот” ЁИҲ фаоли Жамшид Бердиев.

Нурота туманидаги “Саид ота” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди. Тадбир иштирокчилари мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган китобхон отахон Акрам Рахимов хонадонида бўлдилар. Бугунги кунда 79 ёшни қаршилаган Акром отанинг хонадонидаги шахсий кутубхонасида 200 дан ортиқ китоблари борлигини кўпчиликка ибрат қилса арзийди. Ўз уйида кутубхона ташкил этиш иштиёқи иштирокчи-ёшларда ҳам пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

Социологик сўровнома охирги ўқиган китобингиз, охирги марта кутубхонага ташрифингиз, китоб ўқишга иштиёқингиз, таклифларингиз саволлари доирасида бўлди.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да мактаб ўқувчиларидан иборат жамоалар иштирокида “Зукко китобхон” интеллектуал турнири ташкил этилди.

Унда 1-ўринни Навоий шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби қўлга киритди. 2-ўрин эса Навоий шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига, фахрли 3-ўрин эса Навоий шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактаби жамоасига насиб этди.  

“Камолот” кутубхонаси китоблари онлайн викторинасида эса фахрли 1-ўрин Навоий шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабиннг 8-синф ўқувчиси Фахриёр Бахтиёровга насиб этиб, у 600 минг сўмлик миқдордаги китоб олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди. Кармана туманидан иштирок этган Иброҳимжон Ғаффоров эса 2-ўрин соҳиби бўлиб, 300 минг сўмлик миқдордаги китоб олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни, Навоий техника-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Шодлик Ғайбуллаев эса 3-ўринни забт этиб, 240 минг сўмлик миқдордаги китоб олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлга киритди.

— Бугунги семинар биз ёшларни китобга дўст этишни мақсад этган десам, тўғри бўлади. Айниқса, ижодкор ва санъаткорлар билан бўлиб ўтган учрашувларда, турли викториналар фикримизни янада теранлаштиришда, интеллектуал салоҳиятимизни оширишда муҳим ўрин тутади. Семинар сабаб кўплаб дўстлар орттирдик. Мен “Камолот” кутубхонаси” онлайин викторинасида фаол иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритганимдан беҳад бахтиёрман. Бу семинар биз ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини оширишга хизмат қилади, — дейди Навоий шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабиннг 8-синф ўқувчиси Фахриёр Бахтиёров.

Семинар якунида брифинг бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар томонидан икки кун давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилди.  

Отабек АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 320 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus