Бугун: 21 Июл 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Юксак маънавиятли авлод — юрт фахри


"Юксак маънавиятли авлод" фестивалининг вилоят босқичи Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да тантанали тарзда ўтказилди.

Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳия­ти­ни ёшлар ўртасида татбиқ қилиш, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатла­ри­ни тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ҳамда қадриятларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромини шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур тад­бирда вилоятимизнинг шаҳар ҳамда туманларидаги иқтидорли ёшлар иш­ти­рок этишди.

Дастлаб, улар учун "Ёшлар марка­зи"да китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, шундан сўнг йўналишлар бў­йича чиқишлар бошланди.

— Фестивалда 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган 1500 дан ортиқ ёшлар қамраб олинди, — дейди вилоят маъ­навият тарғибот бўлими му­тахассиси Саида Исроилова. — Улардан 24 на­фари "Ба­диий ижод", "Ўзбекистон Рес­публика­си Биринчи Прези­денти асарлари би­лимдони", "Мустақиллик тарихи би­лим­дони", "Энг иқтидорли ҳунар­манд", "Ўз асарида миллий­лик­ни акс эттирган рассом", "Ўз асарида мил­лий­ликни акс эттирган дизайнер" "Ватан куй­чиси", "Юксак маънавият­ли авлод" каби номинация­лар­да ўз би­лим ва истеъдод­ларини намойиш этишди. Фес­тивалнинг ҳар томонлама истеъдодли, қобилиятли ёш­лар сафи­ни кенгайтиришга хизмат қил­гани барчамизга қувонч бағиш­лади. 

Тадбир иштирокчилари ясаган ҳу­нар­мандчилик намуналари, тикилган кашталардан тортиб, тўқилган гилам­лар, юмшоқ ўйинчоқлар, тайёрланган мавсумбоп оёқ кийимлар, архитектура ва тасвирий санъат намуналари бар­ча­нинг эътиборини тортди. Айниқса, ёддан ўқилган бадиий ижод намуна­лари, куйланган қўшиғу ижро этилган рақслар йиғилганларга байрамона кайфият бахш этди.

— Мен Нурота туманининг "Fозғон" массивиданман, — дейди Навоий давлат кончилик институти талабаси Нурбек Ҳамроев. — Азалдан ота-бобо­ларим каби мармартош билан ишлаш­га қизиқаман. Ҳудудимизда алоҳида ҳунармандчилик мактаби ҳам ташкил этилган. Ҳар доим устозим Мадёр Камоловдан мармартош билан ишлаш сирларини чуқурроқ ўрганишга ҳара­кат қиламан. Бугун фестивалда ўзим ясаган буюмларим билан қатнашаяп­ман. Мармартошли чойнак, пиёла, товоқларимни энг яхши совға ўрнида ишлатиш мумкин. Гул учун ваза, шам­донлардан эса аёллар уй шароитида фойдалансалар бўлади.

— Каштачилик бувиларимиздан биз­га улкан маънавий меросдир, — дейди яна бир иштирокчи Дилшода Ибо­дул­лаева. — Биз оиламиз билан кашта тика­миз. Онам доим, қиз боланинг ҳунари унга янада зеб беради, дейди. Мен қайси тадбир, танловга қатнаш­май, ўзим тиккан каштагулли кўйлак­лар­ни кийиб бораман. Бу миллати­мизнинг ўзига хос, миллий либоси бўл­гани учун ҳам ҳамманинг кўзи қувнайди.

Фестиваль сўнгида ҳакамлар ҳайъ­ати томонидан ҳар битта йўналиш бўйича ғолиблар аниқланиб, мамлакат босқичига йўлланма берилди. Шунинг­дек, уларнинг барчаси диплом ва эсда­лик совғалари билан тақдирланишди. 

Зебо ҚУТЛИЕВА.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 2759 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus