Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Иқтисодий тараққиёт самаралари намойиши


«Ўзэкспомарказ»да «UzEnergyExpo – 2015» энергетика, энергияни тежаш, ёритиш, электротехника ҳамда «UzStroyExpo – 2015» қурилиш, иситиш, вентиляция, қувурлар ва фитинглар халқаро кўргазмалари иш бошлади. 

Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзбекэнерго», «Ўзқурилишматериаллари», «Ўзмахсусмонтажқурилиш» акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институти, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «IEG Uzbekistan» халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Кўргазмаларда Ўзбекистон, Беларусь, Германия, Италия, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Украина компаниялари иштирок этмоқда. 

Кўргазмаларнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари, жумладан, энергетика ва қурилиш саноатини жадал ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. 

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Энергия тежаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергия ишлаб чиқаришда янги технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шамол, қуёш, гидроэнергетика каби тикланадиган энергия манбалари ривожини ва қуёш-иссиқлик электростанцияларини жорий қилиш борасида инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил 4 мартдаги «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан 2019 йилгача умумий қиймати 3,2 миллиард доллардан ортиқ 13 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ресурс тежамкор буғ-газ қурилмалар ва қуёш энергиясидан фойдаланишнинг замонавий, синалган технологияларини кенг жорий этиш асосида мавжуд қувватларни модернизациялаш, янгиларини барпо этиш бўйича лойиҳалар шулар жумласидандир. 

“UzEnergyExpo – 2015” кўргазмасида паст ва юқори вольтли ускуналар, кабеллар, изоляторлар, трансформаторлар, электр-монтаж жиҳозлари, ёритгичлар, ёруғлик ўлчаш асбоблари, замонавий транспорт технологиялари, ҳимоя воситалари, назорат тизимлари ва техник хизмат кўрсатишга оид кўплаб маҳсулотлар намойиш этилмоқда. «Sendrilion», «High Light Тechnology», «Hi-Tech Kabel», «Metal-Polymer Technologies», «TOJDOR ZAMIN» сингари компаниялар томонидан электр генераторлари, мобиль электр станциялар, оптик толали кабеллар, полимер изоляторлари, электр истеъмолини масофадан назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимлари, энергия тежамкор технологиялар намойиш этилмоқда. 

– Мамлакатимиз иқтисодий тармоқлари ва ижтимоий ҳаётида энергияни тежайдиган технологиялар ва тизимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди «Vico» корхонаси маркетинг бўйича директори Дониёр Раҳимов. – Корхонамиз энергия тежовчи LED русумли лампаларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтирмоқда. Ҳозирги вақтда маҳсулотларимизнинг 70 фоизини шу турдаги лампалар ташкил этиб, улар хорижга экспорт ҳам қилинмоқда. 

Ярмаркада «AKSA Jenerator San. A.S.» (Туркия), «STARPOWER S.r.l.» (Италия), «TELLHOW» (Хитой) компаниялари бензин, дизель, газ, электр генераторлари, мобиль электр станцияларининг кенг ассортименти билан иштирок этаётган бўлса, қувват узатиш ва печли трансформаторлар учун алмашиб уланадиган қурилмалар ва бошқа боғламаларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда пешқадам MR компаниялари гуруҳи (Германия) трансформаторларни модернизациялашда зарур бўлган эҳтиёт қисмларни намойиш этмоқда. 

– Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда, – дейди MR компаниялари гуруҳи вакили Вадим Гонтарёв. – Буни мазкур халқаро кўргазмаларда намойиш қилинаётган маҳсулотлар, таклиф этилаётган хизматлар сифати юқорилиги ва турининг кўплигидан ҳам кўриш мумкин. Бу Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона иқтисодий сиёсат самарасидир. Шу боис мамлакатимиздаги кўплаб компаниялар Ўзбекистон ишбилармонлари билан изчил ҳамкорлик ўрнатмоқда. Ушбу тадбир ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги шартномалар тузиш имконини бераётганидан мамнунмиз. 

Мамлакатимиз қурилиш саноатида барқарор ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида саноат корхоналари томонидан 2,11 триллион сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 фоизга кўпдир. 

«UzStroyExpo – 2015» кўргазмасида иштирок этаётган ишлаб чиқарувчилар сафи янада ортгани билан эътиборга лойиқ. Эроннинг «Тowzingar», Жанубий Кореянинг «Navien Energy», «Kiturami» компаниялари стендлари ташриф буюрувчиларда қизиқиш уйғотмоқда. 

Кўргазмада намойиш қилинаётган «Binokor temir-beton servis» корхонасининг темир-бетон буюмлари, «Grand art ceramis» корхонасининг сантехника маҳсулотлари, «Flammata» корхонасининг пардозлаш ишларида қўлланиладиган шиша мозаика маҳсулотлари, «Woodman group» корхонасининг ламинацияланган пол қопламалари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотлари турлари тобора кўпайиб бораётганини кўрсатади. 

Мазкур кўргазмалар юртимиз корхоналари учун ўз маҳсулотини саноат соҳалари мутахассисларининг кенг доирасига ва истеъмолчига тақдим этишда қулай имкониятлар яратса, хорижий компанияларнинг иштироки мамлакатимизга юқори технологик ускуналарни жалб этишга хизмат қилади. 

Беҳзод Бозоров, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА

 Манбаа: uza.uz

Кўрилганлар сони: 2658 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus