Бугун: 17 Окт 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Ислоҳотлар кўламининг кенгайиши халқ фаровонлигини юксалтиради


2018 йилда вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар кўлами аввалги йилларгидан бир неча баробар кенгайди. Олиб борилган ислоҳотларнинг барчаси иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жумладан, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури доирасида жами 38 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, бунда асосий ўринни иқтисодиёт тармоқлари эгаллади. 2018 йилда корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва янгиларини ташкил этиш натижасида 12 мингдан зиёд, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали эса 7792 нафар юртдошимиз мунтазам иш ўрнига эга бўлди.
Шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларига 9628 киши жалб этилди. Шу билан бирга, саноатда 8578, хизмат кўрсатишда 1491, қишлоқ хўжалигида 1994 нафар киши иш билан таъминланди.
Ишбилармонликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонларнинг изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилиши ҳамда бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Ўтган йили вилоятимизда рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 9159 тани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2167 тага кўпайди.
Тадбиркорликни тараққий эттиришда тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилиши муҳим ҳисобланади. Ниҳоясига етган йилда субъектларга 2017 нисбатан 1,9 баравар ортиқ — 1 триллион 309 миллиард сўм миқдорида кредит берилди. «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида эса 3270 нафар фуқарога 51,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредит тақдим қилинди. Шундан 12 миллиарди тикувчилик, 8,9 миллиард сўм чорвачилик ва 8 миллиард сўм паррандачилик ташкил қилишга сарфланди. 8,3 миллиард сўм майда шохли мол харид қилиш ва 3,9 миллиар сўм иссиқхона қуришга йўналтирилди.
Ҳунармадчилик, асаларичилик, боғдорчилик ва бошқа соҳалар вакиллари ҳам тижорат банкларининг бу хизматидан унумли фойдаланишди. Жумладан, Кармана туманида қамишдан турли шакл ва ўлчамдаги саватлар тўқишни ташкил этиш мақсадида 17 миллион сўм маблағнинг ўзлаштирилиши натижасида 5 нафар кўзи ожиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Навоий шаҳридаги мактабгача ҳамда мактаб ёшидаги болаларга инглиз ва рус тилларини сифатли ва инновацион усулда ўргатиш мақсадида тадбиркор Г. Пармоновага 25 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳисобига унинг ўқув маркази фаолияти кенгайтирилди. Навбаҳор туманида 1 миллиард сўмлик банк маблағи эвазига туяқуш тухуми ва гўшти етиштириш йўлга қўйилди. Муҳими, маҳаллий аҳоли вакилларидан 10 нафари доимий иш билан таъминланди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш махсус жамғармаси томонидан 4526 нафар фуқарога 60,7 миллиард, «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастурига асосан 151 нафар йигит-қизга 17,3 миллиард сўм имтиёзли кредит берилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида эса 1707 нафар юртдошимиз 15,6 миллиард сўмлик кредит маблағига эга бўлди.
Бундай маблағлар экспортга қаратилган корхоналар фаолиятида ҳам асосий ўрин тутмоқда. Қатор хўжаликлар бундан унумли фойдаланяпти. Хусусан, Хатирчи туманидаги «Хатирчи томорқа экспорт» масъулияти чекланган жамияти мошни саралашга мўлжалланган технологик асбоб-ускуналар харид қилиш учун 1,6 миллиард, «Хатирчи томорқа хизмати» МЧЖ узум, майиз ва мошни йиғиш, саралаш ҳамда қайта ишлашни йўлга қўйиш учун 13 миллиард, «Тасмачи иқболи» МЧЖ эса, майиз маҳсулотини қайта ишлаган ҳолда экспорт қилишни йўлга қўйиш учун 2,5 миллиард сўм кредит маблағи олди.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан вилоятимизда 76 та лойиҳага 38 миллиард сўмлик молиявий ёрдам ҳам кўрсатилди.
Экспорт — юксалишнинг муҳим шартларидан бири саналади. Шунинг учун ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилади. 2018 йилда вилоятимизда 73,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижий мамлакатларга жўнатилди. Шундан 40 миллион доллари саноат, қолгани мева-сабзавот маҳсулотларига тўғри келди.
Воҳамиз — ҳунармандлар юрти, десак муболаға бўлмайди, чунки маҳаллий аҳоли кўп асрлардан буён миллий каштачилик, тўқимачилик, кулолчилик каби соҳалар билан мунтазам шуғулланиб келади. Уларнинг сири авлоддан авлодга мерос сифатида ўтиб келаётир ва айни пайтда бойимоқда. Ҳозирга келиб вилоят «Ҳунарманд» уюшмаси 1539 нафар ҳунар эгаларини бирлаштириб, ўз фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашмоқда. Яқинда замон талабларига жавоб берадиган вилоят ҳунармандлар маркази биноси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу билан тармоқ вакилларининг меҳнат шароити янада яхшиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 апрелдаги «2017 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтган йил давомида кўп қаватли уйларнинг 124,7 минг квадрат метр том қисми жорий, 48,5 минг квадрат метр қисми ва 379 та кириш йўлаги тўлиқ таъмирланди. 966 та электр тақсимловчи ускуна ҳам талаб даражасида созланди.
Болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш мақсадида 125 та майдонча таъмирланган бўлса, 44 таси янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ва бошқа маиший йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун 11 миллиард 814,2 миллион сўм маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, вилоятда куз-қиш мавсумини қониқарли ўтказиш учун ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳолига 20 минг тоннадан ортиқ кўмир ва кўмир брикети етказиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг 2 март куни вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига асосан белгиланган дастурлар доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 707 миллиард сўмлик жами 419 та янги лойиҳа ишга туширилишига эришилди. Бунинг натижасида 3,9 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратилди. Ўтган йил 11 12 май кунлари бўлиб ўтган Халқаро бизнес форумида дунёнинг 34 давлатидан 170 дан ортиқ ишбилармонлар, Полша, Венгрия, Белорусия, Қувайт, Фаластин, Покистон, Бангладеш каби давлатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этди. Унда қурилиш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхона, интенсив боғ ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, балиқчиликни ривожлантириш ва бошқа савдо-иқтисодий ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича 40 дан зиёд, шунингдек, вилоятимиз тадбиркорларининг Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Белорус каби давлатларга сафари давомида 73 миллион долларлик 6 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
120 га яқин хорижий инвестор ва дипломатик корпус вакиллари билан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштиришга қаратилган учрашувлар ўтказилди. Натижада вилоятда қўшма ва хорижий корхоналар сони 109 тага етказилди. Кармана туманида «Гринлайн профил» қўшма корхонаси томонидан алюмин профиллар, «Зонг Тиан» ҚК томонидан МДФ ҳамда ДСП ишлаб чиқариш, Хатирчи туманида «Ася Сера Навои» ҚК да замонавий иссиқхона ташкил этиш ва бошқа қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом этмоқда. 2019 2020 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 500,9 миллион долларга тенг бўлган жами 30 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Умуман олганда, 2019 2020 йилларда белгиланган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 5 триллион 96,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Экспорт ҳажми 82,4 миллион долларга ошади ҳамда 7298 та иш ўрни яратилади.
Айни вақтда вилоятимизда 2353 та бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектлар, фойдаланилмаётган ер майдони мавжуд. Келгусида улардан самарали фойдаланиш мақсадида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ушбу объектларга 2020 йилгача 759,8 миллиард сўмлик инвестиция киритиш орқали 5858 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
«Навоий» эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатининг асосий бўғинига айланди. Бугун бу ерда 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти (14 та қўшма корхона) фаолият юритади. Улар томонидан ўтган йилда қиймати 166 миллион доллар бўлган 29 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 1,3 мингта иш ўрни ташкил қилинди, қиймати 900 миллиард сўмдан зиёд бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилди. 7,2 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди.
Ҳозирда зона ҳудудида 22 та субъект томонидан қиймати 128,8 миллион доллар (шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестисиялар — 31,3 миллион доллар) бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Туризмни ривожлантириш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурс ҳамда имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 2018 йилда вилоятимизга 15926 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийб икки баробар кўп демакдир. Бугунги кунда сайёҳларга 1460 ўринли 37 та меҳмонхона ва дам олиш жойлари хизмат кўрсатмоқда. Шу билан бирга, жорий йил охиригача қиймати 111,4 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилади.
Вилоятимизда ўтган йилда 33288 гектар майдондан 83 минг тонна пахта ҳосили олинди. Шунингдек, 104 минг тонна ғалла, 902 тонна асал, 211 миллион дона тухум, 90 минг тонна гўшт, 11131 тонна балиқ етиштирилди. Бу эса бозорларда нарх-навони барқарорлаштириш ва аҳолининг реал даромадларининг ошишига замин яратди.
Бугунги кунда вилоятдаги 181 та мактабгача таълим муассасаси болажонлар билан гавжум. МТМларга 70118 нафар 3 7 ёшлиларнинг 29438 нафари қамраб олинган. Жорий йилдан қамровнинг кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
2018 йил кўплаб юртдошларимиз учун қувончли лаҳзаларга бой кечди. Айниқса, вилоятимизда истиқомат қилаётган 181 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога бошланғич тўлови тўланган ҳолда янги уй-жой ажратилгани уларнинг ўксик қалбини шодликка тўлдирди. Шунингдек, 420 та ногиронлик аравачаси ва 50 нафар фуқарога ортопедик протезлар етказиб берилди. Бундан ташқари, 608,5 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган бўлиб, шундан 149 миллион сўми ҳомийлар маблағлари ҳисобланади. Корея Республикаси ИНҲА Университети госпиталининг малакали шифокорлари томонидан эҳтиёжманд, оғир турмуш шароитида яшаётган 350 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 489 нафар фарзанди республикамиздаги санаторий ва оромгоҳларда дам олди.
Хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш айни даврдаги устувор вазифа саналади. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан опа-сингилларимиз 5000 та тикув машинкаси билан таъминланди. Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлганларига 2 ярим миллиард сўмлик маблағ ажратилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, воҳамизда барча соҳа ва йўналишларда халқимиз турмушини янада яхшилаш мақсад қилинган эзгу ишлар жорий йилда ҳам қизғин давом этади ва бунда барча иштирок этади. Зотан, юртдошларимиз қалбида Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссининг юксалгани уларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштирокида ҳам намоён бўлаётир.

ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ-ТАҲЛИЛ ХИЗМАТИ.

Кўрилганлар сони: 977 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus