Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Халқаро кузатувчилар миссиялари: Ўзбекистонда сайлов эркин ва ошкора ўтди


Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб борган халқаро ташкилотлар миссияларининг якуний матбуот анжуманлари бўлиб ўтди. 
Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини миссия раҳбари, ассоциациянинг режалаштириш бўлими директори Ли Чжон Хи бошқарди. 
29 март – сайлов куни миссия вакиллари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда уларни санаб чиқиш жараёнини кузатгани таъкидланди. Миссия аъзоларининг фикрича, сайлов юксак ташкилий даражада ўтди, сайловчилар овоз беришда фаол иштирок этди, овозларни санаб чиқиш жараёни очиқ ва ошкора амалга оширилди. 
– Кузатув давомида сайлов қонунчилиги бирор марта ҳам бузилмаганининг гувоҳи бўлдик, – деди Ли Чжон Хи журналистларга берган интервьюсида. – Сайлов куни эрталаб соат 10.00 да овоз бериш учун келган сайловчилар сони 30 фоиздан ошгани аҳолининг фаоллиги, мамлакат келажаги учун ўз сайлов ҳуқуқини амалга оширишдан манфаатдорлигидан далолат беради. Шунингдек, бу фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллиги юқорилигини намоён этади. 

* * *

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев миссиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига бағишланган баёнотини ўқиб эшиттирди. 
С.Лебедев Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигига кейинги йилларда киритилган ўзгартишлар уни янада такомиллаштирганини таъкидлади. Бунда халқаро тажриба ва миллий манфаатлар уйғунлигини кўриш мумкин. 
– Биз сайлов жараёнини эркин кузатишимиз учун барча шароит яратиб берилди, – деди Сергей Лебедев. – Сайлов комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан учрашдик, фуқаролар, сиёсий партиялар кузатувчилари билан суҳбатлашдик. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлиб, жойларда сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдик, овоз бериш жараёнини кузатдик. Сайлов юксак савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Сиёсий партиялар кузатувчилари ва халқаро экспертлар билан фикр алмашиб, сайлов очиқ ва ошкора ўтгани ҳақида якдил хулосага келдик. 
Миссия вакилларининг таъкидлашича, сайловда сайловчиларнинг 91 фоиздан ортиғи иштирок этгани алоҳида эътиборга молик кўрсаткичдир. Бу Ўзбекистон фуқаролари ўз масъулиятини теран ҳис этиб ва мамлакат Президенти лавозимига муносиб номзод учун овоз бериб, юрт келажагига ҳиссасини қўшишга интилаётганидан далолат беради. 
Сайловда ёши улуғ кишилар ва ёшлар бирдай фаол иштирок этгани МДҲ кузатувчиларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, 2 миллионга яқин йигит-қиз илк бор овоз бергани диққатга сазовор. Сайлов участкаларига кела олмаганларнинг овоз бериши ва муддатидан олдин овоз бериш учун яратилган шароитлар юксак даражада ташкил этилди. 

* * *

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси матбуот анжуманини миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев бошқарди. У ташкилот кузатувчилари сайлов кампаниясининг бориши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси билан танишганини таъкидлади. Миссияга Президентликка номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида тўлиқ ахборот тақдим этилди.

Миссия баёнотида Президентликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар берилгани, сайлов кампанияси давомида сайловолди ташвиқотини олиб боришда қонунни бузиш ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган. 
Овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини сарҳисоб қилишни холис баҳолаш мақсадида миссия участка сайлов комиссияларининг фаолияти билан ҳам танишди. 29 март куни миссия аъзолари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Зангиота ва Қибрай туманларидаги тўқсондан ортиқ сайлов участкаларида бўлди. ШҲТ кузатувчилари овоз беришда фуқароларнинг фаоллиги юқори бўлганини таъкидлади. 
«Кузатувчилар сайлов участкаларида бўлганида сайловчилар ва сиёсий партиялар вакилларидан миссия аъзоларига шикоят ва танқидий фикрлар билдирилмади», деб қайд этилган баёнотда. 
Миссия кузатув якунлари бўйича Президент сайлови Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги, Марказий сайлов комиссиясининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ҳамда демократик вазиятда ўтганини таъкидлади. 
* * *
Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси ҳам Президент сайловини мониторинг қилиб борди. Матбуот анжуманида миссия раҳбари, ташкилотнинг сиёсий масалалар бўйича департаменти директори Али Аболҳассаний миссия вакиллари Марказий сайлов комиссиясида учрашувлар ўтказгани, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишгани, сайловчилар билан суҳбатлашгани, овоз бериш жараёнини кузатганини таъкидлади. 
– Сайлов ғоят юксак ташкилий даражада ўтди, – деди А.Аболҳассаний. – Марказий сайлов комиссияси сайловга пухта тайёргарлик кўрган ва бу сайлов давомида яққол намоён бўлди. Сайлов миллий қонунчилик талаблари ва халқаро нормаларга тўла мос равишда, демократик тарзда, адолатли ўтди. Фуқароларнинг ушбу муҳим сиёсий воқеада фаол иштирок этгани бизда катта таассурот қолдирди. Биз борган ҳар бир сайлов участкаси сайловчилар билан гавжум эди. Айниқса, улар орасида сайловда илк бор иштирок этган йигит-қизларнинг кўплиги қувонарли ҳолдир. Ёшларнинг бундай сиёсий воқеага қизиқиши ва фуқаролик масъулияти ортиб бораётганини ҳис этдик. 
Кўрилганлар сони: 2837 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus