Бугун: 19 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Халққа энг яқин касб эгалари шарафланди


Холис сўз. Тезкорлик. Шаффофлик. Булар фидойи соҳа эгалари бўлмиш журналистлар фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади.     

Мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, умуман олганда, барча тизимда амалга ошири­лаётган ўзгариш­ларни халққа етказишда уларнинг ўрни катта.

Шу боис ҳар йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходим­лари куни юртимизда кўтаринки руҳда нишонланади. Навоий шаҳридаги "Фаровон" тантаналар уйида ҳам сана муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда соҳада меҳнат қилиб келаётган ҳамда фахрий журналистлар, вилоятимиздаги ташкилот, корхона вакиллари, шунингдек, кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирда вилоят ҳокими Қобул Турсуновнинг матбуот ва ОАВ ходимларига йўллаган табригини вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Солиев ўқиб эшит­тир­ди. Табрикда қайд этилганидек, том маънода кўз ўнгимизда воқеликни акс эттиришда холислик ва ҳаққонийликни ўзларига шарафли бурч деб билган олижаноб ва жасоратли касб эгаларининг ҳиссаси беқиёс. Бугун ҳаётимизда рўй бераётган воқеликларни кенг ёритишда вилоятимизда самарали фаолият олиб бораётган 42 та оммавий ахборот воситаси, 80 дан ортиқ матбаа-ноширлик корхона­лари, қатор матбуот хизматлари, республика матбуотининг вилоят мухбирлари сидқидилдан фаолият кўрсатиб келаётгани ҳам алоҳида таъкидланди. Шунингдек, соҳа фидойилари орасида "Олтин қалам" миллий мукофоти, "Йилнинг энг фаол журналисти", "Энг улуғ, энг азиз" сингари нуфузли республика танловлари ғолибларининг меҳнат қилаётганлиги барчамизнинг фахримиз эканлиги мамнуният билан тилга олинди.

Шундан сўнг тизимда жонкуярлик билан фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ журналистларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди. Жумладан, вилоят телевидениеси мухбири Дилшода Мусидова, "Ўзбекистон 24" ТВнинг вилоятдаги мухбири Фахриддин Убайдуллаев, вилоят ИИБнинг матбуот котиби Ўктам Усмонов, Зарафшон шаҳри "Олтин водий" газетаси бош муҳаррири Мансур Ҳусанов, "Учқудуқ тонги" газетаси мухбири Мўлдир Буркетбаева, "Маънавият кўзгуси" газетаси бош муҳаррири Нигина Матрасулова, Ўзбекистон журналист­лари ижодий уюшмаси вилоят бўли­ми мутахассиси Озод Мустафоевлар ўзларига билдирил­ган бундай юксак ишончдан мамнунликларини изҳор этишди.

— Журналистлик шарафли, аммо шу билан бирга масъу­лиятли касблардан бири саналади, — дейди М. Бур­кет­баева. — Шу соҳада етти йилдан буён меҳнат қилиб ке­ляп­ман. Саҳифаларимизда туманимизнинг олис овулларида яшаётганлар, уларнинг бугунги ҳаёти, қувончу ташвишлари ҳа­қида мақолалар ҳам бериб борамиз. Олис туман журна­лист­ларига берилган эътибордан хурсандмиз. Камтарона меҳ­натимнинг қадрлангани менга яна масъулият ва куч бағишлади.

— Газетамиз рус ва ўзбек тилларида 8 минг 700 нусхада чоп этилади, — дейди тақдирланганлардан яна бири М. Ҳусанов. — Зарафшон кончилар шаҳри бўлгани учун ҳам асо­сан шу мавзу саҳифаларимизда етакчилик қилади. Га­зетхонларимиз кўпайишида Ш. Искандарова, Г. Бобому­ро­дова, З. Тоҳирова ва бошқа мухбирларимизнинг меҳнати катта. Бугунги эътироф  нашримиздаги ҳамма ходимлар учун қу­вончли бўлди. Бундан кейин ҳам ранг-баранг, ўқимишли мав­зуларда қалам тебратишда шижоат билан давом этамиз.

— Журналистларга эътиборнинг кучайтирилиши, умуман, со­ҳада ислоҳотларни амалга оширилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда, — дейди фахрий журналист, шоир Одил Ҳотамов. — Чунки мамлакатимиздаги ҳар бир жараённинг аҳо­лига тезкор ва холисона етказилишида бу фидойи соҳа эгаларининг муносиб ҳиссаси бор. Шундай экан, рағбат ҳам шунга яраша бўлиши керак. Вилоятимиз ўткир қалам соҳиб­ларининг бугунги ютуқлари замирида ана шундай заҳматли меҳнат бор. Ишонамизки, матбуот ва ОАВ ходимларига эъти­бор янада ошгач, уларнинг шижоати ҳам ортиб бораверади.

Қувонарлиси, газетамиз ходимлари ҳам тантанали тад­бир­­да алоҳида эътиборга сазовор бўлди. "Знамя дружбы" га­зе­таси мусаҳҳиҳи Юлия Фарукшина ҳоким фахрий ёрлиғи, "Дўстлик байроғи" саҳифаловчиси Одилжон Нортожиев эса ташаккурнома билан тақдирланди.

— Соҳамиз анча машаққатли, шу билан бирга қизиқ, — дейди ҳамкасбимиз О. Нортожиев. — 18 йилдан буён газетада саҳифаловчи вазифасида ишлайман. Мақолаларни жойлаштириш, унинг маъно-мазмунига қараб шрифт, расм танлаш ҳам кўп изланишни талаб этадиган жараён. Га­зетанинг ўқувчи эътиборини тортиш учун ҳам астойдил маҳо­рат билан ёндашишга ҳаракат қиламиз. Вилоят ҳокимлиги томонидан ташаккурнома билан тақдирланганим катта қувонч бўлди. Бундан кейин ҳам газетамиз чиройли ва ранг-баранг­лигини таъминлашда ғайрат билан ишлашга интиламиз.

Шунингдек, тадбирда бир қатор журналистларга ОАВ билан ҳамкорликда иш олиб бораётган ташкилотларнинг байрам совғалари ҳам ҳадя этилди. Тадбир сўнгида янграган куй-қў­шиқлар, дилтортар рақслар даврага янада ўзгача файз бағишлади.

Зулфия БОБОЕВА,

"Дўстлик байроғи" мухбири,

суратлар муаллифи Сирож АСЛОНОВ.

 

 

 

Кўрилганлар сони: 650 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus