Бугун: 19 Ноя 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Фаровонлик — бош мезон


Ҳозирги кунда юртимизнинг ҳар бир гўшасида, жумладан, масофа жиҳатидан марказий шаҳарлардан анча олис ва табиий иқлим шароити мураккаб бўлган ҳудудларда ҳам халқимизга қулай имкониятлар яратиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда кўплаб маҳсулотлар етиштириш каби эзгу мақсадларга қаратилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури мамлакатимизда кенг қулоч ёйиб, одамлар орасида ўз бизнесини очишга бўлган интилиш ва қизиқишларни кучайтириб юборди.
Кармана туманидаги «Варқ» маҳалласида яшовчи Нозим Ҳасанов мустақиллигимиз тенгдоши. Озод ва обод диёрда ўсиб-улғайган ёш йигит балиқ парваришлашга жуда қизиқади. Ниятини рўёбга чиқариш учун «О`зсаноатқурилишбанк»нинг вилоят минтақавий филиалидан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, интенсив балиқчилик хўжалигини ташкил этди. Молия муассасаси ажратган ушбу маблағ ҳисобидан керакли жиҳоз ва ускуналарни харид қилишга 15, мазкур тумандаги «Eхпорт Фиш Продукт» МЧЖдан 1600 дона Африка лаққа балиғини сотиб олишга 2 миллион 300 минг ҳамда сув жониворини яқин 6 ой давомида озуқа билан таъминлаш учун 12 миллион сўм сарфланди. Бундан ташқари, қолган маблағ таъминотчи корхона вакилларига хўжаликка келиб, дорилаш ишларини ўтказгани ва парваришлашга кўрсатган ёрдами учун берилади.
Хонадонда 2 та ҳовузда боқилаётган балиқлар тадбиркорга даромад келтириш билан бирга бу ерга келган кишининг кайфиятини очиб, кўзларни қувонтирадиган гўзал манзара ҳосил қилган.
— Ҳовузлардаги сувни бир меъёрда сақловчи 1 та замонавий иситгич ва 3 та насос хизматидан фойдаланяпмиз, — дейди ёш тадбиркор Н. Ҳасанов. — Балиқларга озуқасини ўз вақтида бериб, сувини ҳам доимий равишда тозалаб, алмаштириб турамиз. Шу тариқа улар олти ой мобайнида етарли вазн тўплайди. Келгусида 1,6 тонна маҳсулот ишлаб чиқариб, ички бозорни парҳезбоп гўшт билан таъминлаймиз.
Ишбилармонлар хонадони бундан буён меҳнат кўламини янада кенгайтириб, балиқ турларини кўпайтиришга аҳд қилишган.
Худди шундай, яна бир карманалик ёш тадбиркор Муҳаммад Толибов ҳам банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, ўз уйида парранда парваришламоқда. Имтиёзли маблағ ҳисобидан келтирилган 1000 бош бройлер жўжаси тадбиркор учун истиқболда 5 тонна атрофида товуқ гўштини ички бозорга чиқариб, катта фойдага эга бўлиш имконини туғдиради.
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 март куни қабул қилган «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бўйича ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга 8 фоизли имтиёзли кредитлар босқичма-босқич йўналтирилмоқда, — дейди «О`зсаноатқурилишбанк»нинг вилоят минтақавий филиали бўлим бошлиғи Д. Исломов. — Ҳозиргача муассасамиз томонидан 939 нафар жисмоний шахсга оилавий тадбиркорлигини бошлаши учун 6 миллиард 965 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди, Шундан, 3 миллиард 830 миллион сўми ижтимоий ҳимояга муҳтож 663 нафар инсон рўзғорига қут-барака келтиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Мазкур маблағлар асосан, чорвачилик, паррандачилик, тикувчилик, асаларичилик, боғдорчилик, иссиқхоналар қуриш ва ишлаб чиқариш ҳамда сервис йўналишларида фаолият юритадиган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланяпти.
Банк хизмат кўрсатадиган Кармана ва Нурота туманларидаги 14 маҳалланинг ҳар бирига ходимлар бириктирилиб, улар аҳоли ўртасида тарғибот юритиш, кредит олувчи мижозларга керакли тушунча, тавсия ва маслаҳатлар бериш ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун сафарбар қилинган.
«О`зсаноатқурилишбанк»нинг вилоят минтақавий филиали томонидан юқорида қайд этилган жисмоний шахслардан 400 нафарига шунча миқдорда тикув машинаси етказилди. Яна 200 нафарга яқин мижоз 10 минг бошдан зиёд парранда олган бўлса, 80 нафарига Қозоғистондан харид қилинган 1000 бошдан зиёд майда шохли мол тарқатилди.
Албатта, бундай эзгу ва хайрли ишлардан аҳоли мамнун. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятларни тўғри тушунган ҳолда ундан самарали равишда фойдаланиб келаётган ишбилармон кишилар атрофидагиларга ўрнак бўлаётир. Чунки оилавий тадбиркорлик — фаровонлик манбаи эканлигини англаган бу инсонлар Ватанимиз иқтисодини мустаҳкамлаш йўлида астойдил изланиб, фидокорона фаолият кўрсатмоқда.

Жамолиддин АҲТАМОВ,
«Дўстлик байроғи» мухбири.

Кўрилганлар сони: 537 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus