Бугун: 17 Июн 2019 йил

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Биз бугун қайси йўлдамиз?


Ислом дини инсонларни поклик, ҳалоллик, бировга озор бермаслик, ўзганинг молига кўз олайтирмаслик, ҳалол касб этиб, покиза ризқ топмоқликка, каттага ҳурмат, кичикка иззатда, яшаб турган юртига муҳаббатли бўлишга, доимо инсонларга яхшилик қилиш ҳамда ибодатларини ўз вақтида адо этмоқликка фармон беради. Шунингдек, ҳасад, ғийбат, фисқу фасод, иғво, туҳмат қилмоқлик, бировларни ноҳақ ранжитиш, ота-онага озор бериш ва уларга оқ бўлиш, риё, зино, судхўрлик, ҳаром йўл билан дунё орттириш, ноҳақ ўзганинг молини ўзлаштиришдан, инсонларни тўғри йўлдан адаштириш, Аллоҳ берган бу умр неъматини беҳудага сарфлашдан қайтаради.

Зеро, ҳадиси шарифда: "Ин­сон­ларнинг яхшиси инсонлар учун фойдаси кўпроқ етгани, яъни, динига, жамиятга кўп ман­фаат етганидир", деб уқтири­ла­ди. Зотан, дин инсонлар зий­нати, маърифатимиз таянчи, аж­­додларимиз меросидир.

Мана бугун тинч ва ҳур, озод юртда яшаяпмиз, эндиликда ҳар бир соҳада юксалиш, ил­дам­­лаш яққол кўзга ташланиб ту­рибди. Бундай имконият­лар­дан вақтида фойдаланмоғимиз лозим. Чунки, барча неъмат­лар­нинг шукрини адо этиб, бо­рида қадрига етмоғимиз керак, қадрига етилмаган ҳамма неъ­мат куни келиб олиб қўйилиши мумкин.

Таассуфки, ҳозирда барча им­­коният эшиклари очилиб турган бир пайтда биз билан ёнма-ён яшаётган баъзи юрт­дош­лари­миз қандайдир "ваъ­да­лар"га ишониб, турли оқим­лар­нинг гирдобига тушиб қол­яп­тилар. Уларнинг сароб ваъ­да­ларига инониб, ўзларини ха­тарга қўя­яп­тилар. Малъун ким­салар биз­нинг соф, муқаддас ди­нимизни ниқоб қилиб, ин­сон­ларнинг онгини заҳар­лаш­моқда. Буни вақтида англаб ет­­моғимиз дар­кор. Гумроҳ­лар­нинг танлаган йўли охири вой, жаҳаннамга етак­ловчи йўл экан­лигини ту­шун­моғимиз шарт.

Келинг, бир ўйлашиб кў­рай­лик: бу умр неъмати вақти ке­либ тугаб, олиб қўйилса, биз бунга тайёрмизми? Нимамизга ишониб биз жуда ҳам хотир­жам­миз?

Аллоҳ таоло Қуръони Карим­да марҳамат қилади:

"Кейин сизлар албатта (дунё­да берилган) барча неъмат­лардан (уларни қаердан олиб, қаерга сарф қилганларингиз тўғ­рисида) сўроқ қилинур­сиз­лар". ("Такосур" сураси, 8-оят).

Шундай экан, бугун имко­ният­ларимиз борида неъмат­лар­нинг қадрига етайлик. Ҳо­зирги кунда фан-техника та­рақ­қийлашиб, жадаллаб бора­ёт­ган бир пайтда, жуда кўп им­кониятларга эгамиз. Илгари бундай қулайликлар йўқ давр­ларда ҳам диёримиздан ети­шиб чиқиб, дунёни лол қолдирган неча-неча за­бар­даст олимларимиз бўлган.

Бундай тараққий этган тех­ни­ка замонидан биз унумли фой­далана оляпмизми? Ке­линг, буни интернет мисолида кў­рай­­лик. Интернет тармоқлари инсониятга жуда катта қулай­лик ва тезлик олиб кирди. Ис­та­ган вақтингизда дунёнинг турли мамлакатлари билан ха­барларни сонияда алмаши­ниш мумкин. Видео алоқалар, хоҳ­лаган маълумотингизни юклаш имкониятлари ортмоқда, дунё хабарлари ва янгиликларини ўз вақтида доимий равишда  би­либ олишингиз ҳеч гап эмас. Аксарият кишилар берилган умр неъмати қадрига етмасдан туну кун интернет тармоқ­лари­дан бошларини кўтармай, вир­туал оламга шўнғиб кетишган. Улар­нинг кўпчилик қисми ке­раксиз маълумотлар алма­ши­нуви, менталитетимизга тўғри кел­майдиган, ёшларимизнинг маънавиятини бузадиган фи­льм­ларни юклаш воситасида ва шу ўринда ҳар хил ақи­да­параст оқимлар мафкура­сига тобе бўлиб, аниқ мақсадга йў­налтирилган ғоялар экспор­ти­нинг иштирокчиси ва истеъ­мол­­чиси бўлиб қолмоқдалар.

Шуни афсус билан айтиш жоиз­ки, интернетдан нотўғри фойдаланиш ХХI аср вабосига айланди. Боиси, одамлар бе­ҳуда ахборотларга керагидан ортиқча вақт ажратишмоқда. Илгарилари янги кашфиётлар устида мижжа қоқилмаса, ҳо­зир интернет тармоқлари учун кўз нури зое кетказилаяпти. Ота-оналаримиз бизнинг ка­молимиз учун кеча-кундуз ти­ним билмай тер тўкишган. Биз­лар-чи? Тонггача интернет ус­тида "тер тўкаяпмиз"... Агар биз бир неча кун бетоб бўлиб қол­сак, ота-оналаримизнинг кў­зига уйқу келмаган. Ҳақи­миз­га дуо қилиб, астойдил камо­ли­мизни сўрашган. Бизлар-чи? Ота-онамиз учун бедор­миз­ми? Аслида интернет учун ас­тойдил уйқудан воз кеча­миз... Айрим ҳолларда интер­нет­га кетказаётган вақтимизда ота-оналаримиз ҳожатлари юза­сидан юмушларини айтиш­са, вақтимизни қизғанамиз ва керак бўлса, ўдағайлаб бера­миз.

Келинг, кўксимизда юраги­миз уриб турган вақтда Аллоҳ­дан қўрқиб охиратимиз ва дунё­­миз учун, олдимизга тўғри мақсад қўйиб, ўз йўлимизни ўзимиз барпо қилайлик. Бе­руний, Бухорий, Термизий, Фа­робий ва бошқа кўплаб даҳо­лар бешигини тебратган юрт яна шундай алломаларни етиш­­тиришга тайёр, инша­оллоҳ.

Абдулвоҳид ҲАКИМОВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги

котибият мудири.

Манбаа: dustlikbayrogi.uz

Кўрилганлар сони: 2803 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus