Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Бир кунда тўртта янги объект фойдаланишга топширилди


Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари жойларда аҳоли учун қулайликлар яратилишига хизмат қилмоқда. Вилоятимизда янги-янги объектлар қад ростлаётгани шаҳар ва туманлар файзига ўзгача шукуҳ бағишламоқда. 20 апрель куни воҳамизда 4 та замонавий объект фойдаланишга топширилди. Кенг жамоатчилик, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этган тантанали тадбирларда вилоят ҳокими К. Турсунов  қатнашиб, халқаро андозадаги муассасалар, уларда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, қулайликлар борасида сўз юритди ҳамда барчани қутлади.

Кўркам боғча — болажонларнинг севимли маскани

 Навоий шаҳрининг "Жанубий" маҳалла фуқа­ролар йиғинида "Profi education" масъулияти чекланган жамияти дирек­тори, тадбиркор Бектош Ҳотамов ташаб­буси билан "Янги давр фар­зандлари" нодавлат таълим муас­са­саси ташкил этилди. 6,5 миллиард сўм­дан зиёд маблағ сарфланган маскан 360 ўринга мўлжал­ланган бўлиб, айни кунда 60 нафарга яқин бола таълим-тарбия олиш­ни бошлади. Яқинда Австрия давлатида бўлиб қайтган тадбиркор Б. Ҳотамов у ердаги мактаб­гача таълим йўналиши бўйича ўрганган тажрибасини ўзимизда ҳам жорий этиш ҳаракатида.

 — Ҳозирги замон болаларига бундан яхши туҳфа бўлмайди, — дейди Саудия Арабистонидан келиб вилоятимизда фаолият юритаётган мутахассис Ҳ. Тожимуҳам­мад. — Янги муассаса­нинг кўриниши ва ичидаги шароитлари­дан ҳайратга туш­дим. Менинг ўғлим ҳам боғчанинг илк тар­бияланувчиларидан бўлмоқда ва бундан жуда хурсандман.

Қулайликлар барчага манзур

 Кармана тумани "Сардоба" маҳалла фуқа­ролар йиғинида "Қалдирғоч" нодав­лат мак­табгача таълим муассасаси қуриб битказилди.

120 ўринга мўлжалланган МТМ жами 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига тадбиркор Мавлуда Мўйинова томонидан қурилиб, фойдаланишга топ­ши­рилди. Замон талабидаги ушбу муас­са­са аҳолига ҳар томонлама қулайлик туғ­дир­моқда. Тадбиркор яқинда муассаса атро­фи­даги 10 сотих ерга қўшимча ис­сиқхона ташкил этишни ҳам ният қилган.

Таъкидлаш керак, айни кунда вилояти­мизда 10 минг ўринга мўлжалланган 118 та нодавлат мактабгача таълим муас­сасаси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари юзаси­дан амалий ишлар олиб бориляпти. Жумла­дан, бугунга қадар 80 нафар тадбиркорга туман ва шаҳар ҳокимлари қарорлари билан ер май­донлари ажратиб берилди.

  Ҳозирда 23 нафар тадбиркор томонидан қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Ушбу муассасалар йил охиригача фой­дала­нишга топширилиши режалаштирилган.  

Хусусий тиббий хизмат такомиллашмоқда

Навоий шаҳрида 2004 йилдан бери фаолият юри­таётган "Vagus" хусусий даволаш масканида бар­ча қулайликларга эга жарроҳлик бўлимининг очилиш маро­сими бўлиб ўтди.

— Президентимиз томонидан тиббиётда ху­су­сий сек­торни ривожлантиришга кенг имконият ва им­тиёзлар берилаётган­лигидан фойдаланиб, замон талабларига тўла жавоб берадиган жар­роҳлик бўлими қуриш учун "Асака" банкдан 7 йил муд­датга  2 миллиард 400 миллион сўм кредит ол­дик, — дейди муассаса бош врачи А. Хирочева. — 50 ўринли марказимизга давла­тимиз раҳбарининг ташаб­бус­лари билан ту­зилган нодавлат тиббиёт муасса­са­ларини ри­вожлантириш жамғармаси ҳисобидан 155 минг АҚШ долларига хориждан энг замонавий ру­­сум­даги тиббий жиҳозлар ўрнатдик.

Хориж технологиялари асосида замонавий тиб­бий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган шифо масканида малакали жарроҳ, уролог, кардиолог, гинеколог, нев­ропатолог ва стоматологлар иш олиб бормоқда. 

Бундан ташқари, ушбу марказ Ҳиндистондаги ма­ла­­кали жарроҳлар ишлаётган "Life Care сompany" кли­никаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Тан­танали ма­росимда сўзга чиққан ушбу компания дир­ектори Сунел Верманинг таъкидлашича, бу ерда ўт­казила­ди­ган мураккаб жарроҳлик амалиёт­ларида ҳин­дис­тон­лик малакали врачлар ҳам мун­тазам иш­тирок этишади.

Янги меҳмонхона иш бошлади

Нурота тумани туризм салоҳияти улкан ҳу­дуд­лардан бири саналади. Хусусан, "Чашма" тари­­хий мажмуасидан йил да­во­мида сайёҳ ва зиёратчиларнинг қадами узил­­майди. Айни пайтда ушбу маскан ёнида ту­ристлар учун кенг имконият яратиш мақ­са­­дида 50 ўринга мўл­жал­ланган меҳ­мон­хона қад ростлади.

— Бинони бунёд этишда ҳудуднинг ар­хи­тектура тарихи, ўзига хос меъмор­чилик ан­дозалари пухта ўрганилди, — дейди "Буюк иморат қурилиш" масъ­улияти чек­ланган жамияти раҳбари Н. Арипов. — Республи­камизнинг турли ҳудудларидан ўз ишининг устаси бўлган моҳир ҳунар­манд­лар жалб этил­ди. Қўқонлик усталар девор ва пештоқ­ларини безашган бўлса, бу­хоролик наққошлар шарқона нақшлар солишди. Меҳмонхонанинг ертўла қисмида спорт зали ҳамда дам олувчи зиёрат­чи­ларга намозхона ажратилган. Биринчи қа­ват­да имконияти чекланган сайёҳлар учун мах­сус хоналар ҳам мавжуд.

Янги объектларни фойдаланишга топ­ши­­­риш маросимлари навоийликлар учун чи­накам байрамга айланди. Воҳамиз санъат­корлари ва бадиий жамоаларининг чиқиш­лари тадбир­лар­га ўзгача файз улашди. 

Кўрилганлар сони: 407 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus