Навоий вилояти ҳокимлиги

вилоят ҳокими
қабулига
ёзилиш

БАТАФСИЛ

Шаҳар ва туман
ҳокимларига
мурожаат

БАТАФСИЛ

Интерактив
давлат
хизматлари

БАТАФСИЛ
Бош сахифа > Янгиликлар > Ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётганлар


Кармана туманининг Жалойир қишлоғи. Номи нафақат вилоятга балки, республикага ҳам машҳур қишлоқ. Унинг донғини донг таралиши меҳнаткаш халқи, танти одамлари билан боғлиқ. Бу масканда азалдан томорқани даромад манбаи эканлигини амалда исботлаб келаётган одамлар яшайди. Ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, мўмайгина даромад топаётган жалойирликларнинг фаолияти, деҳқончиликдаги тажрибаси кўпчиликка ибрат қилгулик. Деҳқончилик уларнинг қонида бор. Ерга муносабати бошқача.

Навоий шаҳрининг марказий бозорига тушсангиз, энг харидоргир маҳсулотлар шу ҳудуд майдонларида парваришланган. Айниқса, ҳудуд аҳли сабзи етиштиришнинг “ҳадис”ини олган. Яқинда қишлоқ томон қилган ижодий сафаримиз давомида юқоридаги фикрларимизга яна бир бор амин бўлдик.

Ҳудуднинг “Гурда” маҳалласидаги Эшпўлат Фармонов хонадони. умумий экин майдони 8 сотих бўлган томорқанинг 3 сотихида мўъжазгина иссиқхона ташкил этилган. Томорқанинг қолган қисмида эса гуркираб ривожланаётган саримсоқпиёз, сабзи, картошка ҳар бир кишининг диққатини ўзига тортади. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар оила аъзолари ҳақиқий деҳқон эканлигидан дарак бериб турибди. Эшпўлат Фармонов қишлоқ хўжалиги соҳасида, турмуш ўртоғи Ойсара Фармонова эса мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатган. Аммо ҳеч қачон ерни умрини беҳудага ўтказилишига йўл қўймаган. Доим томорқадан самарали фойдаланиб, оиласи эхтиёжини таъминлаб турган. 6 нафар фарзандини ҳам ерга меҳрли қилиб улғайтирди.

— Йил давомида томорқадан уч марта фойдаланамиз. Ҳеч қачон бир қарич ер ҳам бўш турмайди. Ўтган йили томорқамизнинг бир қисмида ташкил этган иссиқхонамиздан шу йилнинг ўзида 5 миллион сўм даромад олдик. Иссиқхонадан икки марта ҳосил оламиз. Кузда тўқсонбости экинлар экиб, февраль ойида бозорга чиқардик. Шундан сўнг помидор кўчатларини етиштирмоқдамиз. Тайёр маҳсулотни май ойининг ўрталарида бозорга йўналтирамиз, — дейди 68 ёшни қарши олган Ойсара Фармонова. — Томорқаси бор одамнинг бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиши уят. Фарзандларимни ҳам шундай тарбиялаганман. Улар ҳам ўз томорқасидан яхшигина даромад қилишади.

Ойсара опа хонадонидаги юздан ортиқ турли мевали дарахт кўчатларининг аксарияти шу йил ҳосилга кириш арафасида. Бу эса хонадон соҳибларига ўзгача завқ ва қувонч бағишламоқда. Аслида ҳам ўз меҳатинг маҳсулини кўриш, даромадидан орзуларга эришиш нақадар тотли.

— Бу йил неварамни турмушга чиқарамиз. Албатта, томорқадан топган даромадимиз мана шундай яхши кунларимизга яраяпти. Шу орқали рўзғоримиз бут. Дастурхонимиз тўкин, — дейди Ойсара опа қувончини яширмай.

“Аллон” маҳалласида истиқомат қилаётган Раъно Давлатова аёл боши билан 7 сотих томорқасини “гуллатиб” қўйганлини кўриб ҳайратланасан киши.

Раъно опа 2 сотих майдонда 3 йилдан буён қулупнай етиштирмоқда. 

 — Ўтган йили биргина қулупнайнинг ўзидан 2 миллион сўм даромад олдик. Қулупнай май ойидан октябрь ойига қадар ҳосил беради. Ҳосилидан ҳам ўзимиз баҳраманд бўламиз, ҳам бозорга йўналтирамиз. Ҳар йили 4 сотих майдонда саримсоқ пиёз етиштирамиз. Бу оиламизга ҳар йили 4 миллион сўм фойда келтирмоқда. Қолган экин майдонимизда эса сабзи етиштираяпмиз, — дейди Раъно опа.

Ер тилини билган, ундан меҳрини аямагандан она замин ҳам ўз саховатини дариғ тутмайди. Бир қарич ер олтинга тенг бўлган юртимизда уни қадрига етиш, ундан самарали фойдаланиш ҳақиқий даромад манбаидир.

Турмуш ўртоғидан эрта айрилган Раъно опа 4 нафар фарзандини томорқа орқасидан едириб-кийдирди, ўқитди, тўйлар қилди, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашди. Бу доно халқимиз томонидан илгари сурилган “Меҳнатнинг таги роҳат”, деган ҳаётий шиорининг амалий ифодаси эмасми!

“Аллон” маҳалласида деҳқончиликда катта тажрибага эга миришкорлар кўп. Санжар Аҳмедов ёш бўлсада бор имкониятини томорқасидан самарали фойдаланишга сарфлаган. Ўтган йили 25 сотих майдонда замонавий иссиқхона ташкил этиб, унга помидор ниҳолларини ўтқазди. Икки ойдан буён тайёр маҳсулотни ҳам ички борзорга, ҳам экспортга йўналтирмоқда.

— Иссиқхонани ташкил этиш учун банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Тажрибали деҳқонлар маслаҳатларига таяниб қўл урган ишим бугун ўз мевасини бера бошлади. Айни пайтгача бозорга 15 тонна тайёр маҳсулот  чиқардик. Иссиқхонамиз фаолият бошлаши муносабати билан 10 та янги иш ўрни яратилди, — дейди Санжар Аҳмедов. — Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.

Маҳалладаги “Рамазон барҳаёт” агрофирмасининг раҳбари Самад Аҳмедов бугунги кунда маҳалланинг 20 нафар аҳолисини иш билан таъминлади. Айни пайтда агрофирмада балиқ, товуқ гўшти етиштириш қаторида, асаларичилик, иссиқхона фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Хусусан, агрофирмада ҳар йили етиштирилаётган 15 тонна Африка лаққа балиғининг бозорда харидори кўп. Ҳозирда агрофирма балиқхонасида парваришланаётган 10 минг дона балиқнинг 5 мингтаси сотувга чиқаришга тайёр бўлган.

— Балиқларнинг оғирлиги ўртача 3,5 килограммни ташкил этмоқда, — дея сўз бошлайди Самад ака. — Аввало, балиқларни ўз вақтида озиқлантириш муҳим ҳисобланади. Ўзимизда балиқ учун озуқа тайёрлайдиган технологиянинг борлиги ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Яқинда балиқ боқиладиган майдонни яна кенгайтириш ҳаракатидамиз.

Агрофирмадаги 20 та асалари оиласи, 20 минг бош броллер товуқ орқали ҳам даромадга даромад қўшилмоқда. Ҳар бир юмушда тадбир билан иш кўрилса, албатта у самарали бўлади. Буни Самад ака яхши тушунади ва ҳамиша изланишдан тўхтамайди. Шу боис, май ойида Ангиядан зотли курка олиб келиш тараддудида.

“Гурда” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Анвар Мардонов айни пайтда нафақада. Орамизда нафақага чиқдим, энди ёнбошлаб ётсам ҳам бўлади, деганларга кўп дуч келганмиз. Аммо Анвар ака фаолиятида бунинг аксини кўрдик. Тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз ҳам томорқани, ҳам тадбиркорликни қўшалоқ олиб бормоқда. Энг эътиборлиси ҳар икки йўналишдан ҳам фақат ва фақат фойда кўрмоқда.

Хонадондаги мўъжазгина хонада минг дона бедана парваришлаётган Анвар ака унинг даромад манбаи эканлигини тўлқинланиб гапириб берди.

— Биламизми, бир йилдан буён бедана тухуми етиштириш билан шуғулланаяпман. Минг дона беданадан ҳар куни 800 та тухум оламан. Бир ойда 5,5 миллион сўм даромад қилаётган бўлсам, унинг 3 миллион сўми соф фойдани ташкил этади, — дейди Анвар ака.

Анвар ака беданадан фақатгина тухум олиш билан чегараланиб қолмасдан, уни кўпайтириш устида ҳам бош қотирди. Ва ниҳоят ўз ихтироси билан тухум очишга мўлжалланган инкубация ясашга эришди.

— Ушбу инкубация икки ярим минг дона тухум очишга мўлжаланган. Бедана тухуми товуқникидан фарқли ўлароқ 17 кунда жўжа чиқаради. Ўтган сафар 2 минг дона бедана жўжаси очирдик. Уларни аксариятини қизиқувчиларга сотдик. Бир қисмини эса ўзимиз парваришлаяпмиз. Бедана жўжалари 60 кунда тухумга киради. Эркакларини эса гўштга топшираяпмиз. Ўтган йили 100 килограмм бедана гўшти сотдик, — дея сўзида давом этди Анвар ака.

Мазкур хонадон соҳиблари оила даромадини ошириш ҳамда бозорга гўшт етказиш бериш мақсадида 500 дона броллер товуқ ҳам парваришламоқда. Бу албатта, ишнинг кўзини билиш, изланишдан далолат.

Интилганга тоъле ёр, дейди дона халқимиз. Боқибеғамлик даври ўтганига анча бўлди. Бугун изланган имкон топади. Томорқа даромад манбаи эканлигини чуқур англаган юртдошларимиз ҳаёти мисолида ҳам бунинг исботини кўриб турибмиз.  Шу боис, оиламиз дастурхонининг тўкинлиги ва ризқимиз бутунлиги учун ўзимиз ҳаракат қилайлик.

 

Отабек АСЛОНОВ.

Кўрилганлар сони: 56 

Биз билан алоқа

(*) белгиси билан кўрсатилганлар киритилиши шарт.

Тасвирдаги ёзувни киритинг *


Система Orphus