Вилоят ҳақида қисқача маълумот

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1992-йилда Навоий вилояти  ташкил этилди. Вилоятнинг умумий худуди 110,99 минг кв.км ни, аҳолиси  930.762  нафар кишини ташкил этади.  Вилоятнинг табиати ўзига хос ранг-баранг  бўлиб, шимоли-ғарбий қисмида Қизилқум саҳроси чўллари , жануби-шарқий қисмида  осмонўпар Нурота тоғ тизмалари ҳамда Зарафшон дарёсининг  ўрта қисмида бой ва турфа-хил деҳқончилик далалари  ястаниб ётибди.  Зарафшон дарёси билан биргаликда Айдаркўл, Шўркўл, Тўдакўл каби кўплаб йирик сув манбалари вилоят табиатини янада ранг-баранг бўлишлигига ҳисса қўшмоқда. Навоий ёш ва навқирон вилоят бўлсада, унинг инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшган қадимий ва бетакрор тарихи бор. Булар Сармишсой дарасидаги иптидоий қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари, Работи Малик карвонсаройи ва Сардобаси, Қосим Шайх Азизон хонақоҳи ва Нуротанинг ноёб меъморий обидалари каби бебаҳо маданий меърос обьектларидир. Вилоят таркибида 8та туман  мавжуд бўлиб, улар – Кармана, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех, Учқудуқ, Томди, Навбаҳор туманларидир. Шунингдек йирик саноат корхоналари негизида 2та йирик шаҳар- Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳар томонлама ривожланиб, обод ҳудудга айланиб бормоқда. Айни пайтда Навоий вилояти Республикамиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши билан бир қаторда  улкан бунёдкорлик ишлари  ва тарихий жараёнлар  амалга оширилмоқда. Вилоят табиий ресурсларга ,  шу  жумладан,  рангли металл ва қурилиш хом-ашё материалларига бой ҳисобланади. Навоий Кон Металлургия комбинати Давлат корхонаси  дунёда энг соф олтин ишлаб чиқарувчиларидан биридир. Шунингдек, “Навоийазот” ОАЖ, “Электркимё заводи” қўшма корхонаси, “Навоий иссиқлик электр станцияси” ОАЖ, “Қизиқумцемент” ОАЖ сингари йирик корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Қулай географик жойлашуви ҳисобга олиниб, 2008-йилда вилоятда Навоий Эркин Индустриал иқтисодий зона ташкил этилиб, Жанубий Кореа, Ҳиндистон, Хитой ва Сингапур каби  хорижий ҳамкорлар билан кенг кўламли фаолият олиб бормоқда. Навоий аэропорти негизида халқаро интермодал логистика маркази ташкил этилган бўлиб, у орқали “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Кореан Аир” ҳамкорлигида жаҳоннинг турли мамлакатларига юк ташиш ишлари йўлга қўйилган.  Бугунги кунда вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида бир-биридан шинам  замонавий типдаги намунавий қўрғонлар бунёд этилган бўлиб, юртимиз ҳуснига чирой қўшмоқда. Маданият саройлари ва истироҳат боғлари,  Камолот ёшлар марказлари ва спорт мажмуалари , тиббиёт ва таълим муассасалари, айниқса Навоий Давлат Педагогика ва Навоий Давлат Кончилик институтларидаги жўшқин фаолият, уларда ёшларимизга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳар қандай юксак  таҳсинга лойиқ десак тўғри бўлади.