“Соғлом она ва бола йили”

Соғлом бола-юрт келажаги

Юртимиз келажаги, мустақил давлатимиз тараққиёти бугунги ишларимизнинг ҳар томонлама етук камолоти билан белгиланади. “Соғлом бола йили” Давлат дастури соғлом жамият қуришимизда устувор вазифаларни белгилаб беради. 

Юртбошимиз жорий йилга ном бериш асносида: “Маълумки мамлакатимизда бўлғуси келин-куёвларнинг никоҳдан ўтказиш тартиби жорий қилинган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад соғлом оила қуриш, соғлом болани дунёга келтириш билан боғлиқ”, дея алоҳида таъкидлаганлар. 

Дарҳақиқат, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши соғлом онадан соғлом бола туғилиб, оиланинг мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Оила кодексининг 17-моддасида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтиш мажбурияти белгиланган. Бир қарашда оддий ҳолдек туюлган мазкур норма талаби аслида келгусида шу никоҳдан вужудга келадиган боланинг саломатлигига қўйилган тамал тошидир. Соғлом авлод тарбияси, она ва бола саломатлиги истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат ва жамият олдида турган ҳар биримизга дахлдор энг муҳим вазифалардан биридир. 

Оила кодексининг 15-моддасига кўра никоҳ ёши йигитлар учун 18 ёш, қизлар учун 17 ёш қилиб белгиланган. Бу шу ёшда оила қурсин дегани эмас, аксинча, никоҳ қуришга рухсат этилган дастлабки ёш деб тушуниш мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда. Ушбу талабнинг мақсади никоҳдан вужудга келадиган боланинг саломатлигига қаратилган. Шу сабабли никоҳ ёши тўғрисидаги миллий қонунчилигимизни бузганлик учун жавобгарлик белгилаб қўйилган. 

Жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Агар бу ҳолат йил давомида такрорланса, юқоридаги шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. 

Ўзбек халқида бир нақл бор: “Бир болага етти маҳалла ота-она”. Бундан келиб чиқадики, бола тарбиясида барча бирдек масъул. Боланинг вояга соғлом ва комил инсон бўлиб етишишида катта занжир оила, мактаб ва маҳалла ва тиббиёт ходимларининг ўрни катта. Бу занжир қанчалик маҳкам бўлса, биз тарбилаётган фарзандлар ҳам комил инсонлар бўлиб етишади. Зеро, соғлом бола соғлом 
оила мевасидир. 

А.Нурмаматов, Навоий вилояти адлия бошқармаси масъул ходими