Савол: Мен яқинда Навоий шаҳрига кўчиб келдим, хусусий хонадонларда ижарада тураман.Ҳали рўйхатга қўйилмадим. Давлат ташкилотига мутахассислигим бўйича ишга жойлашмоқчи бўлганимда Кадрлар бўлимидан Навоий шаҳрида рўйхатда турмаганлигимни рўкач қилиб, рад этишди. Уларниннг эътирози асослими?
Мурожаатчи: Р. Хидоев, Навбаҳор тумани.
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига мувофиқ ишга кираётган шахс тегишли ҳудудда вақтинча ёки доимий рўйхатда бўлмаса, ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра, ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга ҳуқуқшунос Н. НОРМАТОВА жавоб берди.
Савол: Баъзан фуқаролик паспортини маълум бир манфаатдорлик эвазига гаровга бераётган шахсларни кўриб қоламан. Айтингчи, фуқаролик паспортини гаровга бериш ёки уни гаровга олиб қўйиш қонунан мумкинми?
Мурожаатчи: Ю. Пардаев, Навоий шаҳри.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги Низом талабига кўра, фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ва уларнинг қонуний вакиллари паспорт ва ҳаракатланиш ҳужжатини эҳтиётлаб сақлаши керак.
Паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олиб қўйиш (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек гаровга топшириш ва бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра, фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Саволга ҳуқуқшунос Н. НОРМАТОВА жавоб берди.
Савол: Ишга кириш давридаги тиббий кўрик пуллими? Уни ким тўлайди?
Ҳ. Худойқулов, Навой шаҳри.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра тиббий кўрикдан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Саволга вилоят меҳнатни муҳофаза қилиш ва
меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекцияси бошлиғи
Ф. БОЛИЕВ жавоб берди.
Савол: Иш берувчининг топшириғига кўра амалга оширилаётган иш жараёнида ёлланма ишчи билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса қандай ва ким томонидан текширилади?
Мурожаатчи: Т. Рўзимуродов, Кармана тумани.
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасига кўра ишга қабул қилиш қуқуқига эга мансабдор шахс ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса ва бу расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъий назар иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланиши белгиланган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низомга мувофиқ тузилган комиссия томонидан текширилади ва корхона томонидан ҳисобга олинади.
Саволга вилоят меҳнатни муҳофаза қилиш ва
меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекцияси бошлиғи
Ф. БОЛИЕВ жавоб берди.