Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонаси

Жаҳон стандартларига жавоб берадиган ва жаҳон бозорларида талаб қилинадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий инвестицияларни, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Навоий вилоятининг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 декабрдаги “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4059-сонли Фармонига асосан Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида Ўзбекистондаги биринчи эркин зона – “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси (ЭИИЗ) ташкил этилди.

“Навоий” ЭИИЗ умумий майдони 564 га ни ташкил этади. “Навоий” ЭИИЗ “Навоий” халқаро аэропорти, Е-40 автомагистрали ва халқаро аҳамиятдаги темир йўлга яқин жойлашганидан, Навоий вилоятининг мултимодал транспорт-логистика тармоғи имкониятларидан фойдаланиш имконияти мавжуд.

“Навоий” ЭИИЗ ҳудудида солиқ, валюта ва божхона режимлари, кириш, туриш ва чиқишнинг соддалаштирилган тартиби, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари-норезидентлари билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат олиш, солиқлар, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кенг имтиёзлар тақдим этишни ўз ичига олган махсус ҳуқуқий режим амал қилади. “Навоий” ЭИИЗнинг амал қилиш муддати 30 йил бўлиб, мазкур муддат якунлангандан сўнг амал қилишни узайтириш эҳтимоли мавжуд.

“Навоий” ЭИИЗда рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар уларга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлган тақдирда (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2009 йил 23 февралдаги “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида божхона режими ва алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 120-сонли Қарори)  ер солиғи, мулк солиғи, даромад солиғи, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови (кичик корхоналар учун), Республика йўл жамғармаси ва Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилган:

3 миллион евродан 10 миллион еврогача — 7 йилга;

10 миллион евродан 30 миллион еврогача — 10 йилга. Кейинги 5 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади;

30 миллион евродан ортиқ бўлганда — 15 йилга. Кейинги 10 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади.

 “Навоий” ЭИИЗ ҳудудидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг асосий йўналишлари замонавий чет эл юқори ишлаб чиқариш қувватига эга асбоб-ускуна ва техникалари, технология линиялари ва модуллари, инновация технологияларини жорий этган ҳолда юқори технологияли, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотларнинг кенг турларини ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ.

“Навоий” ЭИИЗ ҳудудида саноатнинг барча тармоқларида хом ашёдан тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини қамраб олган саноат комлексини яратиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд.

“Навоий” ЭИИЗни ташкил қилиш концепцияси ва танланган устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги тармоқлар ва йўналишлар бўйича корхоналарни жойлаштириш схемаси ишлаб чиқилган:

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида бугунги кунда 19 та корхона фаолият юритмоқда. “Навоий” ЭИИЗ ташкил этилгандан буён жами 122 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Киритилган инвестициянинг 35%га яқини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. 2015 йил якуни билан 184,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва 5,1 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. 2014 йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 3 карра ошган.

“Навоий” ЭИИЗда фаолият юритаётга корхоналар:

“Ўзбекнефтегаз” МХК корхоналари:

“Polipropilen quvurlar” ШК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускори “Шўртангаз” газ-кимё комплекси ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 7,4 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 86 нафар иш ўрни яратилган.

“Polietilen quvurlar” ШК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускори “Шўртангаз” газ-кимё комплекси ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 5,5 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 70 нафар иш ўрни яратилган.

“KoUngCylinder” Ўзбекистон-Корея ҚК 2013 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Kor Uz Cylinder Investment Co. Ltd” компанияси (Корея Республикаси), “Автогазтаъминот” ШК ва “Ўзбеккимёмашзаводи" ОАЖ ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 14,4 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 74 нафар иш ўрни яратилган.

“Ariston Thermo - UTG” Ўзбекистон-Италия ҚК 2013 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Ariston Thermo International SRL” компанияси (Италия) ва “Ўзтрансгаз" АК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 1,3 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 13 нафар иш ўрни яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси корхоналари:

“Telecom Innovations” Ўзбекистон-Сингапур-Хитой ҚК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Servetechno PTE Ltd” (Сингапур), “ZTE Ltd.” (Хитой) компаниялари, “Telmax Elektroniks” МЧЖ ва “Ўзбектелеком” АК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 4,87 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 40 нафар иш ўрни яратилган.

“Olive Telecom” Ўзбекистон-Ҳиндистон ҚК 2013 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари "Olive Telecommunication Pvt. Ltd" компанияси (Ҳиндистон) ва “Ўзбектелеком” АК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 0,9 млн. долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 21 нафар иш ўрни яратилган.

“Ўзавтосаноат” АК корхоналари:

“UzEraeCable” Ўзбекистон-Корея ҚК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Erae CS Ltd” компанияси (Корея Республикаси) ва “Ўзавтосаноат” АК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 14,7 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 93 нафар иш ўрни яратилган. Корхона томонидан 2015 йилда 26,9 млрд. сўмлик автомобил симлари ва аккумулятор кабеллари ишлаб чиқарилган.

Бундан ташқари, шу йилнинг охирига қадар локализация дастурига кирган эмальланган сим ишлаб чиқариш ташкил этилган бўлиб, қўшимча 1,7 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.

“Avtosanoat–Landi Renzo” Ўзбекистон-Италия ҚК 2013 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Landi Renzo S.p.A.” компанияси (Италия) ва “Ўзавтосаноат” АК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 1,8  млн. долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 10 нафар иш ўрни яратилган. 

“Марказсаноатэкспорт” ДАТСК:

“Agrofresh” Ўзбекистон-БАА ҚК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Kefayet General Trading Co. LLC”, “Uzagro Ltd” компаниялари (иккаласи ҳам БАА) ва “Марказсаноатэкспорт” ДАТСК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 4,0 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 18 нафар иш ўрни яратилган.

“Ўзкимёсаноат” ДАК:

“Navoi Hunan Pulp” Ўзбекистон-Хитой ҚК 2011 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Hunan Aloft Imp Exp. Co. Ltd” компанияси (Хитой) ва “Навоийазот” ОАЖ ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 4,2 млн. долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 54 нафар иш ўрни яратилган.

“Navoi Beauty Cosmetics” Ўзбекистон-Корея ҚК 2010 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “DK Cosmetics” компанияси (Корея Республикаси) ва “Навоийазот” ОАЖ ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 2,1 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 22 нафар иш ўрни яратилган.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси:

“Smart comminications” Ўзбекистон – Буюк Британия ҚК 2015 йил августда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Wynex innovations LLP” компанияси (Буюк Британия) ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда “Infinity electronics” хорижий корхонаси ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 0,5 млн. АҚШ долл.ни ташкил этади. 23 нафар иш ўрни яратилган.

“Hayat Power Cable Systems” Ўзбекистон-Хитой ҚК 2013 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Gulf Cable Trading Company” компанияси (Хитой), Олмалиқ кон-металлургия комбинати ОАЖ ва “Uzkabel” ҚК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 20,5 млн. долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 50 нафар иш ўрни яратилган.

“Navoi Cable Connector” хорижий корхонаси (Хитой) 2015 йил декабрда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Gulf Cable Trading Company” компанияси (Хитой). Лойиҳа қиймати 10,2 млн. долл.ни ташкил этади. Корхона тўла қувватда ишлаганда 100 нафар иш ўрни яратилади ва йилига 15 минг тонна алюмин симлар ва электро техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган.

“Ўзпроммашимпекс” ДАТСК:

“CFM Proenergies” Ўзбекистон-Сингапур ҚК 2011 йилда фаолиятини бошлаган. Лойиҳа ташаббускорлари “Cheong Fatt Metal Factory Pte Ltd” компанияси (Сингапур) ва “Ўзпроммашимпекс” ДАТСК ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 0,5 млн. долл.ни ташкил этади. Бугунги кунда 15 нафар иш ўрни яратилган.

“Ўзфармсаноат” ДАК:

Бундан ташқари, 2015-16 йилларда “Навоий” ЭИИЗда 5 та лойиҳа: “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан электр энергияси электрон ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш (хорижий ҳамкор аниқланмоқда) ва қуёш панелларини ишлаб чиқариш (Хитойлик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда), Буюк Британиянинг “Dartlex Impex LLP” компаниясининг 2та лойиҳаси – алюмин профиллари ва ПВХ профиллари ишлаб чиқариш, “Ўзфармсаноат” ДАК томонидан тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш (хорижий ҳамкор: “Bravo Pharma” (Ҳиндистон)  лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.