Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси К.Б.Турсуновнинг вилоят аҳолисига ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Шу кунларда барчамиз ҳаёти­мизда ўчмас из қолдирган 2016 йил билан хайрлашиб, эзгу қадам­лар ила кириб келаётган 2017 йилни кўтаринки кайфият ва шоду хуррамлик билан қарши олмоқда­миз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча вилоятимиз аҳлини ушбу қутлуғ айём — Янги йил байрами билан чин қал­бимдан самимий табриклайман.

Бугун олийжаноб халқимиз Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган тараққиёт йўлидан оғишмай дадил қадам ташлаб, ўзбек элига хос бўлган ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, аҳиллик каби асрий анъаналарни янада ёрқин намоён этмоқда. Айниқса, бу жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўзининг мукаммал ифодасини кўрсатди.

Ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этган халқаро кузатувчилар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам сайловнинг миллий қонунчилигимиз талаблари асосида кўтаринки руҳда ўтганлигига ишонч ҳосил қилдилар, халқимизнинг жипслигига, бирдамлигига яна бир бор тан бердилар.

Биринчи Президентимизнинг ҳақиқий шогирди ва издоши, ислоҳотларнинг изчил давомчиси сифатида халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурматига сазовор бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бир овоздан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани эса мамлакатимиз келажаги янада буюк ва истиқболи порлоқлигини амалда исботлади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш каби улуғвор масалаларнинг бош мақсад қилиб олингани унинг нақадар юртимиз истиқболи учун муҳимлигидан далолат беради, албатта.

Сайловолди дастурда белгилаб берилган ҳар бир йўналиш мамлакатимизнинг янада ривож топишида алоҳида ўрин тутиши билан бир қаторда, барчамиз учун энг катта дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида таъкидлаган ҳар бир сўзи ва олдимизга қўйилган юксак вазифалар бугун мамлакатимиз янги босқичга кўтарилганлигини намоён этди. 

Айниқса, Юртбошимизнинг Бизнинг вазифамиз – тўпланган тажриба ва илғор халқаро амалиётга суянган ҳолда, ўзимизнинг тараққиёт ва янгиланиш моделимизни қатъий амалга оширишдан иборат. Шу борада яқин ва ўрта муддатга белгиланган марраларга эришиш учун қатъият билан ҳаракат қилишимиз зарур”, деган даъвати эндиликда ҳар биримизни олдимизга янада катта масъулият юклаган ҳолда, онгу шууримизни ўзгартиришга, юрт равнақига даҳлдорлик ҳисси билан яшашга чорлайди. Бу даъват ва шижоат биз навоийликларнинг амалга ошираётган ишларимизда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топади, албатта.

Шу ўринда, ортда қолаётган йилимизга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, навқирон вилоятимизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини фахр билан эътироф этсак арзийди.

Хусусан, жорий йилда вилоятимизда марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан қарийб 166 млрд. сўмлик 134 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари барпо этилди.

Шу билан бирга, жорий йилда 24 та массивда умумий қиймати 147,6 млрд. сўмга тенг бўлган 800 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларнинг фойдаланишга топширилгани, бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президени Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 октябрдаги қарори асосида келгуси йилда аҳолига туҳфа этилиши режалаштирилган 1185 та арзон нархдаги уй-жойларнинг қурилиши бошлаб юборилгани, Навоий шаҳрининг истиқболдаги бош режасига асосан шаҳар ҳудудида 20 та кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилиши бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Айниқса, 2016 йилнинг ўтган даврида вилоятимиз аҳоли пунктларида 107,2 км ичимлик суви тармоқлари, 37 км газ қувурлари,54,1 км ички йўллар, 39,6 км ҳаво электр узатиш тармоқларининг янгидан бунёд этилгани аҳоли турмуш даражаси янада юксалишига замин яратади.

Вилоятимиз саноат йўналишида янги инвестиция лойиҳаларининг ҳаётга тадбиқ этилаётгани соҳанинг тобора ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, Навоий кон-металлургия комбинатида қиймати 963,8 млн. долларга тенг бўлган 20 та лойиҳа, “Навоийазот” корхонаси негизида лойиҳа қиймати 1,7 млрд. доллар бўлган 3 та инвестиция лойиҳалари ҳамда “Навоий иссиқлик электр станцияси” корхонасида лойиҳа қиймати 547,2 млн. долларлик қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилганлиги, келгусида яна бир 450 МВт қувватга эга учинчи буғ-газ қурилмасини ишга туширилиши бўйича тегишли хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётганлиги фикримизнинг амалий ифодасидир.

Қутлуғ байрам арафасида вилоятимиздаги 7 та тиббиёт муассасаларида 17,0 млрд. сўмлик, 18 та умумтаълим мактабларида қарийб 20 млрд. сўмлик таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида 20 та мактабгача таълим муассасаларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Келгусида яна 54 та мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ёш авлод камолоти йўлидаги эзгу ишларимизнинг узвий давоми ҳисобланади.

Давлатимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш борасида қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ушбу соҳанинг янада тараққий этишида муҳим ўринга эга бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 1640 та лойиҳалар фойдаланишга топширилди. Бу орқали қарийб 9500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилди.   

Поёнига етаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида халқимиз манфаати ва турмушига, юрт равнақига хизмат қилувчи эзгу ишларга 385,8 миллиард сўм маблағ сарфланиб, белгиланган режанинг қарийб 111,2 фоизга бажарилганлигини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

Кириб келаётган янги йилда ҳам бу хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш борасида қатор ишларни амалга ошириш режалаштириб олинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқимизнинг кайфият ва эҳтиёжи, орзу ва интилишлари,  дарди ва ташвишлари ҳамда манфаатини ҳисобга олган ҳолда, кириб келаётган 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили” деб ном берилиши мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш долзарб вазифа эканлигини яна бир муҳим кафолати бўлди.  

Зеро, муҳтарам Юртбошимизнинг Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”, деган пурмаъно сўзлари ҳар би­римизни янада фаол бўлишга, янги­дан-янги марраларни забт этиш­га чорлайди, албатта.

Азиз дўстлар! 

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчан­гизни кириб келаётган янги - 2017  йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” билан самимий муборакбод этаман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, оила­вий бахт, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу-барака, тинч­лик-осойишталик аримасин! Буюк ва муқаддас Ватан — жонажон Ўзбекисто­нимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!

Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!