Вилоят ҳокими, сенатор Қ. ТУРСУНОВнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ҳурматли Қуролли Кучларимиз аскар ва сержантлари, зобит ва фахрийлари!

Шу кунларда барчамиз мамлакатимиз тарихида унутилмас ва қутлуғ сана бўлган Ватан ҳимоячилари кунини ҳамда Ўзбе­кистон Рес­публикаси Қуролли Кучлари ташкил топган­лигининг 25 йилли­ги­ни кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар, эзгу ниятлар ва катта тараддуд билан қарши олмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчилар, аскар ва сержантлар, зобитлар­ни 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 25 йиллиги байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Мамлакатимизда бу йил ушбу улуғ айёмнинг "Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз — фахримиз, ғуруримиз" шиори остида нишонланаётгани барчамизга олам-олам қувонч бағишлайди. Ўзбекистон Қуролли Кучла­рида хизмат қилаётган, ҳаёти­миз осудалиги, осмонимиз мусаффолиги, оилаларимизнинг тинч ва фаровонлигини таъминлаётган юксак малакали, фидойи, мард ва жасур ўғлонларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Кари­мов томонидан мамлакатимизда мудофаа соҳасини чуқур ислоҳ қилиш, ҳарбий қонунчилик базасини такомил­лаш­ти­риш, Ватани­миз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизли­ги­ни таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Энг асосийси, ҳар қандай стратегик вазифаларни самара­ли ҳал этишга қодир бўлган профессионал, ихчам, тезкор ва жанговар миллий армиямиз ташкил этилди. Айни пайтда миллий армиямиз нафақат Ватанимиз чегараларини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилмоқда, балки мустаҳкам ирода, мустақил фикр­лаш қобилияти шакл­ланадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ҳақиқий мактабга айланди.

Бугунги кунда минтақамизда ва ён-атрофимиздаги мурак­каб ва­зиятлар, турли таҳдид ва хавф-хатарлар нафақат Қуролли Кучла­римиз хизматчиларидан, балки барчамиздан доимий огоҳ бўлиш­ни, юртимиз сарҳадларини мустаҳкам қўриқлашни, муқаддас бурчга содиқ қолишни, Ватан ҳимоя­сига қалқон бўлишни талаб этишини ҳеч қачон унутмас­лигимиз лозим.

Шу ўринда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг: "Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакати­мизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш — хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъ­минлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир", дея таъкид­лагани нафақат Қуролли Кучларимиз, балки барчамизнинг олди­мизга юксак вазифаларни қўймоқда.

Зеро, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, юрт сарҳад­ларини ишончли ва сергак ҳимоя қилиш, тинчлик ва осойишта­лигимиз барқарорлигини таъминлаш барча­мизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бугун ҳарбий соҳа хизматчиларига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало, юртимизда уларни ижти­моий ҳимоя қилиш, турар-жойлар билан таъмин­лаш, муддат­ли ҳарбий хизматни ўтаган аскарларга имтиёз­лар бериш борасида олиб борилаётган ишлар нафақат йигитларимиз қалбида армияда хизмат қилиш ҳиссини кучайтирмоқда, балки бу муқад­дас бурч улар учун юксак шон-шарафга ҳам айланмоқда.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига асосан "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишонининг таъсис этилгани соҳа ходимлари хизматига бўлган катта эътиборнинг амалий ифодаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига ижти­моий-маиший шароитларни яратиб бериш бўйича қабул қилинган дастур доирасида ўтган йили 10 нафар ҳарбий хизматчи оиласи­нинг янги уй-жойлар билан таъминлан­ганлиги, шунингдек, яқин кунларда Навоий шаҳридаги ҳар­бийлар шаҳарчасида яна 48 хонадонли янги уй-жойларнинг фойдаланишга топширилаётгани соҳа ходимларига бўлган чексиз ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда Қуролли Кучлари­мизда ислоҳотларни такомиллаштириш йўналишида тизим­ли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, муддатли ҳар­бий хизматни тугатиб, уйига қайтаётган ёшларга энг кам иш ҳақининг 16 баравари миқдорида нафақа пулларининг бери­лиши, Ўзбекистон Респуб­ликаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар учун Рес­публика Олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синов­ларида тўпланган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшилиши давлатимиз томонидан ҳарбий хизмат соҳасига қаратилаётган юксак эътибордан далолатдир.

Қолаверса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, иқтидорли талаба­ларга "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан шарт­нома суммасининг 35 фоизи тўлаб берилиши ёшларимиз учун катта имконият эшик­ларини очмоқда албатта.

Зеро, бугун миллий армиямиз сафларида ҳар томонлама чиниқ­қан, ақлан ва жисмонан соғлом, мустақил диёримиз осмонининг мусаффолиги, Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлиги, хонадон­ларимиз тинчлигини таъминловчи мард ва жасур йигитларимиз­нинг хизмат қилаётгани барча­мизнинг фахримиз ва ғурури­миздир.

Азиз дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Сизларни қутлуғ сана — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этил­ганлигининг 25 йиллиги билан чин юракдан сами­мий таб­рик­лайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, баркамоллик, бахту саодат, Ватани­миз тинчлиги йўлидаги шарафли ишларингизга омадлар тилайман.