Вилоят ҳокими, Сенатор Э.О.Турдимовнинг Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, зобит ва Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Бугун барчамиз жонажон юртимиз -  мустақил Ўзбекистонимизнинг яна бир қутлуғ айёми - “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” умумхалқ байрамини кўтаринки руҳ, байрамона кайфият ва эзгу ниятлар билан нишонламоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни ва Сизлар орқали барча ҳарбий хизматчилар, аскар ва сержантлар, зобит ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини ушбу қутлуғ байрам ва Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 22 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Шуни ишонч билан айта оламизки, бугунги анжуманда иштирок этаётган барчамизнинг  қалбимиз Ватан ҳимоячиларига бўлган чексиз ҳурмат ва ифтихор туйғулари билан тўлиб, тўлқинланиб турибди.

Айниқса, Муҳтарам Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуслари билан жорий йилда ушбу айёмнинг “Ўзбекистон ягона Ватаним!” эзгу шиори остида энг улуғ ва энг азиз байрамлар сифатида кенг нишонланаётгани Сиз азиз аскар ва зобитлар, Қуролли Кучларимиз вакилларининг юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, сарҳадларимиз даҳлсизлигини, тинч ва фаровон ҳаётимизни ҳимоя қилишда ҳиссангизнинг нақадар беқиёслигини кўрсатади ва қалбимизга олам-олам қувонч бахш этади.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимизнинг  Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табрикларида “Юртимизда тинчлик ва осойишталикни, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни, қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, бунинг учун Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва қудратини оширишга алоҳида аҳамият бериш – бугунги кунда нотинч замоннинг ўзи олдимизга қўяётган долзарб вазифалар қаторида сақланиши зарур”,  деган сўзлари   ҳар биримизни Миллий Армиямизнинг янада юксак тараққиёти учун ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишга чорлайди.  

Энг муҳими, барчамиз ҳар томонлама ривожланган, ихчам ва ҳаракатчан, энг мураккаб тактик ва стратегик вазифаларни самарали ва тезкор ҳал эта оладиган, хавфсизлигимиз, ҳудудий яхлитлигимиз, сарҳадларимиз даҳлсизлиги ва халқимиз тинч ҳаётини ўз ор-номусидек ҳимоя қилишга  қодир бўлган замонавий миллий армиямиз, мард ва жасур ҳарбийларимиз бор, деб бугун ишонч билан баралла айта оламиз.

Юрт фарзандлари учун Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш – бурч, Ватанни қўриқлаш - шараф, аскарлик – баркамоллик тимсолига айланиши билан бирга, Миллий Армиямиз ёшларимиз учун жисмоний тобланиш, чиниқиш, маҳоратини ошириш ва юксак инсоний фазилатларни мужассам этадиган, улар қалбида садоқат, жасорат ва матонат туйғуларини мустаҳкамловчи чинакам  ҳаёт мактабига айланиб бормоқда.

Айниқса, давлатимиз томонидан ҳарбийларга бўлган эътибор ёшларимизнинг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга қизиқиш ва интилишини ошириш билан бирга, армиядан сўнг шартнома асосида хизматини давом эттириш, олий ўқув юртларига ўқишга кириш иштиёқини ҳам янада кучайтирмоқда.

Буни биргина 2013 йилда вилоятимиз ёшларининг 32 нафари олий ҳарбий билим юртларини муваффақиятли тугатганлиги,  21 нафарининг олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кирганлиги, ижобий тавсифномага эга бўлган 90 фоиз йигитларимиз турли олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга қабул қилингани ҳам исботлаб турибди.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-маиший шароитларни яратиб бериш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасида 2013 йилда 26 та ҳарбийлар оиласининг янги уй-жойлар билан таъминланганлиги уларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

Албатта, барқарор тараққиётимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз ҳар биримизни ягона мақсад – Истиқлолимизни қадрлашга, фаровон ҳаётимизга шукроналар айтишга, танлаган мустақил йўлимиздан изчил боришга, Ватанимизни сергак ва ишончли қўриқлашга, ўзимизнинг Ватанимиз ҳимоячисидек шарафли ва муқаддас бурчимизни ҳар доим содиқ бажаришга ундайди.

 

Азиз дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор қутлуғ сана - Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат ва Ватанимиз тинчлиги йўлидаги шарафли ишларингизга омадлар тилайман.

Ушбу байрам хонадонларингизга чексиз қувонч, файзу-барака, фаровонлик олиб келсин!

Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!

 

Байрамингиз муборак бўлсин!