Вилоят ҳокими К.Б.Турсуновнинг қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш юзасидан фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига МУРОЖААТИ

Қадрли фермерлар, деҳқон­лар ва томорқа ер эгалари!

Йигирма биринчи аср инсоният олдига қўяётган мураккаб муаммо­лардан бири сув масаласидир. 2030 йилда сайёрамизнинг 47 фоиз аҳолиси сув танқислиги муам­мо­сига дуч келади. Бугун дунё аҳо­ли­­си­нинг 2/3 қисми, яъни, қа­рийб 4 одам йил давомида ати­ги бир ойгина ичимлик суви истеъмол қи­лиш имкониятига эга. 1,6 миллиар­ди эса ичимлик суви умуман етишмаслигидан азият чекмоқда.

Сўнгги 40 йил ичида дунёдаги ҳар бир киши бошига тўғри кела­диган чучук сув миқдори 60 фоизга камайган. Яқин 25 йил ичида яна 2 баробарга камайиши тахмин қи­лин­моқда. Сув истеъмоли сўнгги 100 йил ичида 6 марта ортган, 2050 йилга келиб бу миқдор яна икки баробарга кўпайиши кутилмоқда. Бу энг аввало ирригация ва қишлоқ хўжалиги талабларидан келиб чиқ­моқда. Айрим мамлакатлар эса оддий озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун сув излаш билан овора.

Халқимизда "Бор жойда бол ар­зон, йўқ жойда сув қиммат", деган доно нақл бор.Ҳатто муборак Ҳаж зиёратига борганларга таҳорат олиш учун атиги 750 грамм сув бе­рилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Бизда эса, биргина соқол олиш учун баъзан ўнлаб литр сув исроф бў­лаётган ҳолатлар, минг аф­суски, уч­раб турибди. Шундай экан, мав­жуд имкониятлари­миз­нинг қадрига етиб сувнинг ҳар бир том­чи­сини олтинга тенг кўриб, уни асраб-авайлашимиз, те­жаб-тергаб фойдаланишимиз бугунги давр­нинг талаби экан­лигини чуқур англаб етишимиз керак.

Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналиши­даги давлат сиёсати натижасида фойдаланилаётган сувларнинг уму­мий миқдори 80-йилларга нисба­тан 20 фоизга камайишига эри­шилди.

Жорий қишлоқ хўжалиги йилида табиат олдимизга ўзининг бир қа­тор инжиқликларини қўйиб деҳқон­ларимизнинг матонатини, омил­кор­лигини яна бир синовдан ўтказмоқда.

Хусусан, бу йил куз ва қиш ойла­рида ёғингарчиликнинг ўтган йил­ларга нисбатан сезиларли дара­жада кам бўлганлиги оқибатида аксарият ҳудудларда сув танқис­лиги юзага келмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз раисли­ги­да 29 май куни ўтказилган ви­део­селектор кўринишидаги йиғи­лишда сув танқислигини юмша­тиш бўйича берилган топшириқ­лардан келиб чиқиб, жорий йил 1 июндан бошлаб 1 июлгача "Fўза­да кафолатли ҳосил яратиш зарб­дор ойлиги" эълон қилинди.

Шунингдек, вилоятда ҳоким бошчилигида, туманларда ҳам ҳар бир секторда штаблар ташкил этилди. Ҳудудлар кесимида эса 56 та суғориш отряди тузилиб, уларга сув хўжалиги таш­ки­лотларидан 455 нафар, сув истеъмолчилари уюш­масидан 220 нафар ва фермер хўжаликларидан 1450 нафар сувчи­лар бирикти­рилди. Ҳудудларда ташкил этилган отряд­лар билан сув танқислигини юмша­тиш, сувнинг исроф бўли­шига йўл қўймаслик, тунги суғо­риш, контур­ларни шоҳ ва ўқариқ­лар орқали суғорилишини ташкил этиш бўйича аниқ чоралар бел­гилаб олинди.

Маълумки, Навоий вилояти учун иккита сув манбаси мавжуд. Ха­тирчи, Навбаҳор, Конимех ва Кар­мана туманлари Зарафшон дарё­сидан, Қизилтепа тумани тўлиқ ҳамда Кармана туманининг бир қисми тўртта насос станцияси ор­қали Амударёдан етказиб берила­диган Аму-Бухоро машина кана­лидан сув ичади.

Бугунги кунда Зарафшон дарё­сининг сувлари тўпланадиган Кат­та­­қўрғон сув омборида 47 фоиз, Оқдарё сув омборида эса, атиги 11 фоиз сув жамғарилган, холос. Бу ҳолатни жиддий қабул қилиш ва бу йил сув ресурсларидан ўта тежам­корлик билан фойдаланиш ҳар би­римизнинг вазифамиз экани­ни чуқур англаб етмоғимиз керак.

Жорий йил вилоятимизда 205 миллион метр/куб сув тақчиллиги мавжуд бўлиб, уни қоплаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Суғориш мав­сумини бел­гиланган режа асосида, тартиб-интизом би­лан олиб боришни ташкил этиш учун барча имко­ниятлар етар­­ли. Сувдан тежамли фойдаланиш тад­бир­лари орасида бир қатор ташкилий жиҳатлари борки, улар­га амал қилиш сувдан фойдаланиш са­марадорлигини оши­ришга бевосита хизмат қилади. Биз сувни асраб-авайламасак, қишлоқ хўжалигида ижо­бий натижага эри­ша олмаймиз.

Бу жараёнда вилоятимиз сув истеъмолчилари қан­дай йўл тутиши керак?

Биринчидан, фермерлар орасида сувни нав­батма-навбат ишлатишни ташкил қилиш лозим бў­лади. Бу ўз навбатида каналдаги сув исрофини 10-20 фоизга, дала ўқариқларидаги сув исрофини эса 30-35 фоиз­гача камайишига олиб келади.

Иккинчидан, жорий йилда кузатилаётган сув тан­қис­лигини юмшатиш мақсадида замонавий сув те­жовчи технологияларни жорий этиш ҳамда туп­роқда нам­­ликни узоқ сақлаш учун ҳар бир гектарга 10 тон­на­дан ма­ҳаллий ўғит жамғариш ва ғўзани су­ғо­риш­ни фақат "шарбат" усулида ташкил этиш зарурдир.

Учинчидан, сув исрофгарчилигининг олдини олиш учун вилоятимиздаги ҳамма қулоқларда гидро­пост­лар ўрнатилиши, уларнинг ҳар бирига битта­дан мироб, ҳар бешта миробга биттадан ички иш­лар ходими би­риктирилиши лозим.

Тўртинчидан, суғориладиган ерлар культи­ва­ция­дан кейин 3 кун қуёш нуридан баҳраманд бўлиши, экин­зорларда биронта бегона ўт бўл­маслиги керак. Шу­нинг­дек,пахта далалари илдиз қуртига, ши­рага ва трипсга қарши дориланмоғи шарт.

Бешинчидан, барча экинзорларни суғориш агро­техник тадбирларига тўла мос ҳолда тайёрланиши, бу­нинг учун ўқариқларнинг орасидаги масофа 60 метрдан ошмаслиги, далаларнинг охирида эгат­лардан тушадиган ўқариқ қазилиши керак, дала бо­шидан қуйилган сув унинг охирига келганда ер тўла зах­лаши лозим.

Олтинчидан, фермерлар ва томорқа ер эгаларига суғориш вақти сув сарфи кўрсатилган ҳолда сув бе­­ри­лиши керак. Ҳар бир фермер ва томорқа ер эгаси бе­рилган сувдан ўз вақтида, бир томчисини ҳам ис­роф қилмасдан ишлатиши шарт.

Еттинчидан, суғориш муддати 48 соатдан ош­мас­лиги, суғоришдан олдин далани тайёрлаш, бунинг учун пахтазорларни 2 марта, аввал саёзроқ, кейин чу­қур­роқ майин культивация қилиш лозим. Сувни зо­вур­ларга беҳуда ташлаб қўйиш, кўллатиб ва захлатиб су­ғоришга йўл қўймаслик ҳам ўз са­марасини кўрсатади.

Саккизинчидан, суғориш тугагандан кейин ер ети­лиши билан майин культивация ўтказилиши керак. Акс ҳолда сувнинг 50 фоизи буғланиб кетади.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу талабларни тўла ба­жармаган фермерларга сув берилмаслиги ҳақида қатъ­ий огоҳлантирмоқчиман.

Бу жараёнда томорқа ер эгалари олдига ҳам бир қатор масалалар қўйилади.

Хусусан, томорқа ер эгалари учун сув МФЙлар раис­лари, участка инспекторларининг буюртмалари асо­сида берилади. Улар сувни тақсимланган ҳолда, нав­бати билан олишлари ва белгиланган муддатда су­ғо­риш ишларини ташкил этишлари талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкама­сининг "Фермер хўжаликларининг ер участка­ларидан яна­да са­­марали фойдаланиш ва қў­шимча даро­мад олишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қа­рорида белгиланган вазифалар айни долзарб мав­сумда янада қўл келади.

Хусусан, ҳар бир фермер хўжалиги дала бошида чайла (шийпон) қуриши, далага кўчиб чиқиши ҳамда ҳар бир шийпонда 5 қути асалари, 50 бош товуқ, бир бош сигир боқиш ташкил қилиниши мақсадга му­вофиқдир.

Об-ҳаво салқин келган йилларда "Fўзани темир пи­ши­ради", деган иборага амал қилиниб, куль­ти­ватор­ларни "отряд" ва "наряд" усулида ишлатиш ҳамда кун­лик назорат ва сўров тизимини йўлга қў­йиш лозим бўлади. Бунда, культиватордаги ишчи органлари сонининг тўлиқ бўлиши, уларни тўғри ва сифатли қилиб ростланишини ҳамда дизель ёқилғисини фақат "Механизаторлар уйи"да қўйиб берилиши таъмин­ланиши шарт. Фермерлар сув­чи­лар ва механизатор­лар учун зарур барча ша­роит­ларни яратиб бе­риш­лари керак.

Азиз миришкор деҳқонлар ва омилкор фер­мерлар!

Сув танқислиги, ундан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш бўйича муҳтарам Юртбошимиз ҳамда ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан бир неча бор йиғилишлар ўтказилганлигига, ҳар бир томчи сув­дан унумли фойдаланиш лозимлиги қайта-қайта таъ­кидланаётганига қарамай, айрим ҳолларда фер­мер­лар ва томорқа ер эгалари бунга ишон­қи­ра­май қа­рамоқда. Суғориш агротехник тад­бир­ларига бе­­фарқ муносабатда бўлаётгани кузатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сувга бундай муносабатда бў­лиш қонун билан таъқиб қилинади. Сувнинг исроф бў­­­лишига йўл қўйган ҳар бир шахс мавжуд қо­нун­чилик асосида жавобгарликка тортилади. Қо­лаверса, эл дас­турхонини тўкин қилишни ўзига эзгу мақсад қилган иймонли фермерлар, деҳқонлар ва то­морқа ер эгалари­нинг ҳаётимиз манбаи бўлган сув­га, ундан те­жа­м­корлик билан фойдаланишга совуққон муно­са­батда бў­лишиЯратганнинг ҳам ғазабини келтири­ши­ни ҳамма­миз яхши англаб етамиз, деб ўйлайман.

Ота-боболаримиз, "Уммон олдида турсанг ҳам бир том­чи сувни исроф қилма",деб бежиз айтиш­маган. Чунки сув ҳаёт манбаидир. Ҳаёт-мамот ма­са­ласи бўл­ган сувдан тўғри фойдаланайлик.

Воҳамиз фермер ва деҳқонларининг улкан тажри­баси халқимизда ишонч уйғотади. Шу боис, қишлоқ хўжалигида кетма-кет ноқулай келаётган даврларни тартибли, аниқ тадбирлар билан енгишда, сувдан оқи­лона фойдаланишда ташаббус кўрсатиб, барча­миз бу синовларни талафотсиз енгиб ўтишда ўз ҳис­са­мизни, билимимиз ва меҳнатимизни аямайлик!