Вилоят ҳокими К.Б.ТУРСУНОВнинг "Хотира ва Қадрлаш куни" муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига БАЙРАМ ТАБРИГИ

Қадрли уруш ва меҳнат фахрийлари!

Бугун бутун юртимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам "9 май — Хотира ва Қадрлаш куни" умумхалқ байрами кенг нишонлан­моқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларини ушбу муқаддас айём билан билан вилоят фаоллари номидан самимий табриклайман.

Эътироф этиш жоизки, жорий йилги байрам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жумладан, вилоятимизда ҳам ҳар қачонги­дан ўзгача руҳда нишонланмоқда.

Хусусан, Навоий шаҳри марказидаги маданият ва истироҳат масканида ташкил этилган ҳарбий ватанпарварлик боғига ўрнатилган жанговар техникалар юртимиз мудофаа салоҳиятининг амалий намоёни бўлмоқда. Барчамизнинг кўз ўнгимизда Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимиз кўрсатган жасоратнинг тимсоли сифатида гавдаланмоқда. Ёш авлод учун эса бу мўъжаз майдон мардлик ва жасурлик, ботирлик маскани бўлиб қолади.

Бу йилги байрамнинг ҳарбий сайилга айланиб кетаётганлиги унинг нуфузини янада ошириб, қалбларимизда ватанпарварлик туйғусини юксалтирмоқда.

Инсон шаъни улуғланган, меҳнати қадр топган юртимизда кек­саларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадриятдир.

Хотира ва Қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, фахрийларни қадр­лаш, ўзаро меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни қарор топти­ришга хизмат қилиб келмоқда.

Шу кунларда муҳтарам Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорига асосан вилоятимизда ҳам 51 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳамда ногиронлиги мавжуд, фронт ортида жасорат­ларини намоён этган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийлари­нинг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг таъбири билан айтганда, "Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмони­миз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз".

Айниқса, жорий йилги тадбирларнинг "Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас", "Мардлик, бурч ва садоқат" шиори ости ўтказилаётгани байрамнинг шукуҳини янада ошириб, нуронийларимизга чексиз қувонч бағишламоқда.

Шунингдек, Президентимиз номидан махсус совға — табрикнома, қимматбаҳо қўл соати ва пул мукофотларининг тантанали топширил­гани Сиз азиз нуронийларимизга Давлатимиз раҳбарининг кўрсатган юксак ғамхўрлиги, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Уруш фахрийларининг истакларига кўра, ўзлари жанг қилган мам­лакатларга сафар уюштириш ҳамда Ялта, Кисловодск шаҳарларида­ги "Ўзбекистон" ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторий­ларга бир нафар кузатувчиси билан бепул дам олишларини ташкил этиш таклифи бу эътиборни икки ҳиссага ошир­моқда.

Аслида ҳам, Сиз уруш ва меҳнат фахрийларининг жасоратингиз, чеккан заҳматли меҳнатларингиз олдида таъзим қилиш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар келтириш бугунги авлоднинг муқаддас бурчидир.

Зеро, Сизнинг матонатингиз биз учун ҳамиша ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсоли бўлиб қолади.

Қадрли дўстлар!

Барча вилоятимиз аҳлини, уруш ва меҳнат фахрийларини 9 май — Хотира ваҚадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлган жонажон Ўзбекисто­нимизда Сизлардек фидойи, меҳнаткаш ҳамда дуогўй кексаларимиз бор экан, албатта, мустақиллигимиз абадий, ҳаётимиз фаровон, тараққиётимиз бардавом бўлаверади.

Барчангизга Яратгандан мустаҳкам соғлик, узоқ умр, хонадонингиз­га файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилайман.

Биз ҳамиша Сизларнинг мардлигингиз олдида таъзимдамиз!